Исҳоқхон Ибратнинг ибрати

19:08 10 Май 2018 Маданият
606 0
Фото: ziyouz.uz

Давлатимиз раҳбарининг Наманганга, хусусан, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасига ташрифи ва   маърифатпарвар аллома хотирасига  чексиз эҳтиром кўрсатгани барчамизни беҳад  ғурурлантирди.  

—    Президентимизга аллома қолдирган  улкан маънавий мерос ҳақида иштиёқ билан гапириб бердим, — дейди давлатимиз раҳбарига ҳамроҳлик (гид) қилган  Наманган Давлат университети таянч докторанти, ёш олим Сардор Рустамов. — Бинобарин, дунёвий билимларни чуқур ўрганган, етти  тилни мукаммал билган серқирра ижодкор, олим ва шоир, педагог Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти ва ижоди биз, ёшлар учун чинакам ибрат мактабидир. Президентимиз алломанинг “Олти тилли луғат”, “Хатлар мажмуи”, “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Замон тарозуси” сингари  14 та тилшуносликка оид, илмий-тарихий, бадиий ҳамда маърифий асарлари ҳақидаги маълумотлар билан танишаркан, домланинг кўплаб китоблари қатағон йиллари ёқиб ва кўмиб юборилгани адабиётимиз учун  катта йўқотиш бўлганини афсус билан таъкидладилар. Аждодимизнинг архитектура ва дизайн масалаларидаги ёндашувлари акс этган лойиҳани кузатиб, унинг бу тажрибасини ҳам кенг ёйиш ва  ўрганиш зарурлигини уқтирдилар.

Дарҳақиқат, Ибратнинг илк матбаачи, янги усулдаги мактаб асосчиси сифатидаги бемисл хизматлари таҳсинга сазовор. У 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина харид қилиб минг машаққатлар билан Наманганга  олиб келган ва  “Исҳоқия босмахонаси”га асос солган. Мазкур босмахонада ўтган асрнинг 60 йилларига қадар турли илмий-маърифий китоб ва рисолалар,  “Туркистон вилояти газети”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” сингари газеталар чоп этилган. 

Шунингдек, Ибрат шоир сифатида ҳам девон тартиб берган. Минг таассуфки, унинг “Девони Ибрат”и бизгача етиб келмаган. Ўз даврида эл орасида юксак эътибор топиб, қозилик мартабасига эришган, бироқ, айрим ғаламисликлар боис тазйиққа  учраган маърифатпарвар бобомиз  1937 йилда 75 ёшида ҳибсга олиниб,  вафот этади.

Айни пайтда ушбу музейда буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган буюмлари, суратлари, либослари, ўқув қуроллари ва уй-рўзғор жиҳозлари ҳамда бир қатор қимматли ва нодир манбалар ўрин олган.     

Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишув асносида Президентимиз вилоят зиёлилари, нуронийлар ва алломанинг авлодлари билан ҳам самимий мулоқот қурдилар. “Мен Ибрат домла ҳақида кўп  ўқияпман, — дедилар Юртбошимиз. — Унинг эл-юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Шундай буюк аждоди борлиги билан наманганликлар ҳар қанча фахрланса арзийди ва ёшларимиз ҳам шунга муносиб бўлишлари керак!" 
Бугун  Ибрат домланинг орзулари ушалди. Унинг тарихий аҳамиятга молик ишлари инобатга олиниб, хотирасини абадийлаштириш юзасидан улкан мажмуа барпо этилди. Зеро, фидойи инсонлар ёди ҳамиша  барҳаёт. 

Орифжон  ЖЎРАЕВ,
журналист.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар