Ҳукумат қарори: 18 мингдан ортиқ давлат хизматчиси ишдан бўшатилади

14:14 09 Июль 2018 Дунё
1010 0
Иллюстратив фото

Туркияда 18 мингдан зиёд давлат хизматчилари ишдан бўшатиш, учта газета ва битта телеканал, 12 та жамоатчилик ташкилотини ёпиш бўйича қарор қабул қилинди.

Resmi Gazete нашрининг ёзишича, Ҳукумат томонидан чиқарилган қарорга асосан, террорчилик ташкилотлари ва миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ташкилотлар билан алоқадорликда гумон қилинаётган 18 632 нафар давлат хизматчиси ишдан бўшатилиб, тўртта ОАВ, 12 та жамоатчилик ташкилоти фаолияти тўхтатилмоқда.

Мазкур ҳужжатда шахслар ва оммавий ахборот воситалари айнан қайси ташкилотлар билан алоқадор эканлиги тўғрисида сўз юритилмаган.

Ишдан бўшатилганлар орасида полициячилар, ҳарбийлар, авиация, ҳарбий денгиз флоти хизматчилари, адлия, таълим, ташқи ишлар вазирликлари, дин ишлари бўйича бошқарма, давлат университетлари ходимлари ва академиклар бор. Айни пайтда тахминан 148 киши турли вазирликлар ва ҳарбий идоралардаги ўз лавозимларига тикланган.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда эълон қилинган фавқулодда ҳолат тартиби даврида жами бўлиб 110 минг давлат хизматчиси ўз лавозимидан четлатилди. Ҳукумат фавқулодда ҳолат тартибини 9 июль куни бекор қилмоқчи.

Бундай тартиб 2016 йил ёзда мамлакатда ҳарбий тўнтаришга бўлган уринишдан сўнг киритилган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар