Ирина Шеймс: “Мен шу мамлакатда туғилганман ва 17 йил илгари АҚШга кўчиб кетганман. Бу ерда кенг кўламли ўзгаришлар юз бергани кўриниб турибди”

16:49 28 Август 2019 Welcome to uzbekistan
578 0

Хабарингиз бор, 23-27 август кунлари Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан World Influencers Congress(WIC) Биринчи Халқаро инфлюенсерлар конгресси бўлиб ўтди.

Иштирокчиларнинг йўналиши Тошкент шаҳридаги I Халқаро инфлюенсерлар конгресси очилишидан бошланди.

Унда таниқли инфлюенсерлар, фикрлар етакчилари, сиёсий доиралар ва дипломатик корпуслар вакиллари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари қатнашишди. Хорижий мамлакатлар блогерларининг Ўзбекистонга ташрифининг иккинчи куни қадимий Хоразмдан бошланди. Дунёнинг 40 давлатидан келган 100 га яқин блогер тарихий Хива шаҳрига йўл олди. Таъкидлаш жоизки, бу Хоразм тарихида таркибига кўра жаҳон блогосфера вакилларининг энг йирик делегациясидир ва бу вилоят туризмини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз. WIC иштирокчилари бўлмиш хорижий блогерлар Хива шаҳрида “Ичан Қалъа”га саёҳат қилишди ҳамда видео ва фото-материаллар билан тўғридан-тўғри эфир орқали бўлишишди, шу тариқа YouTube, Instagram ва Facebook ижтимоий платформаларидаги обуначилар эътиборини Ўзбекистонга жалб қилишди. Шуниси диққатга сазоворки, Конгресс иштирокчиларининг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари умумий сони 1-15 миллионни ташкил қилади. Ташрифнинг учинчи куни, яъни 25 августда хорижий блогерлар делегацияси Бухоро вилоятида бўлди. Бухоро халқаро аэропортида уларни вилоят хокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камолов, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси раҳбарияти кутиб олди.

“Ишончим комилки, Конгресс иштирокчиларининг вилоятимизга ташрифи нафақат навқирон Бухоронинг, балки Ўзбекистоннинг ажойиб тарихий-маданий меросини ҳам кенг тарғиб қилиниши йўлида хизмат қилади”, - деди Бухоро шаҳри ҳокими.

40 давлатдан ташриф буюрган 100 га яқин инфлюенсернинг умумий аудиторияси 1 миллиардга яқинни ташкил қилади. Конгресс иштирокчилари Бухоронинг тарихий масканлари, шаҳарнинг тарихий қисми дурдоналари ҳисобланган Пои Калон ансамбли, Ситораи Моҳи Хоса, қадимий масжид ва миноралар, Тоқи Заргарон бозорида бўлишди, сўнгра Бухоро ошхонасининг турли-туман таомларидан татиб кўришди. Эртасига конгрессменлар Самарқанд шаҳри томон йўл олишди.

26 август куни Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳамда ЮНEСКО ваколатхонаси иштирокида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг энг аҳамиятли тадбирларидан бири “Шарқ тароналари” XII Халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу кенг кўламли тадбирнинг расмий очилиш маросимида қатнашиш учун Ўзбекистон Президенти Самарқандга ташриф буюрди. Бу ерда давлат раҳбари Биринчи Халқаро инфлюенсерлар иштирокчилари ҳамда маҳаллий блогерлар билан учрашди. Шавкат Мирзиёев хорижий меҳмонларни Ўзбекистондаги йирик тадбирлардан биридаги иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, доим ва ҳар ерда адолат, очиқлик ва тўғрисўзликни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

“Энг асосийси, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг дунёга очилаётганини ҳамда бор ҳақиқатни жаҳон ҳамжамиятига етказмоқчи эканини ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Биз халқимизга қулай бўлиши тарафдоримиз ва халқ манфаати йўлида хизмат қиламиз. Бу ерда ўзимнинг қоракўзларимни ҳам кўряпман ва бу менга ватан учун фахр туйғусини бермоқда. Шуни яхши билингки, биз сизларни ҳар доим ва ҳар ерда қўллаб-қувватлаймиз!” – деди Президент.

Халқаро инфлюенсерлар конгресси катта гала-концерт ҳамда “Шарқ тароналари” халқаро фестивали билан якунланди.

Шу ўринда Конгресс иштирокчиларининг таассуротлари билан бўлишамиз:

Дот Зое, тревел-блогер, сураткаш (Сингапур):

- Ажойиб юртингизга келганимиздан жуда хурсандмиз. Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим. Таассуротлар жуда зўр, барча шаҳарлар кўчалари озода, мазали миллий таомлар, сархил мевалар, одамларнинг самимий ва меҳмондўстлиги, жозибали меъморчилик – буларнинг бари шу ўлка ҳақидаги таассуротларимизда муҳрланиб қолади ва биз ўзимизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифамизда шулар ҳақида сўзлаймиз.

Ирина Шеймс, “Лионсгате” продюсерлик компаниясининг монетизация ва маркетинг бўйича директори:

- Мен шу мамлакатда туғилганман ва 17 йил илгари АҚШга кўчиб кетганман. Бу ерда кенг кўламли ўзгаришлар юз бергани кўриниб турибди. 100 га яқин халқаро даражадаги инфлюенсерларнинг Ўзбекистондаги тадбирларда қатнашаётгани мамлакат учун катта ютуқдир ва унинг дунёга ҳақиқатда очилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон - серқирра мамлакат, ушбу халқаро конгрессдан кейин биз учун унин янги қирралари намоён бўлмоқда.

Циана Элиз, тревел-блогер, сураткаш (Австралия):

- Ўзбекистон – ажойиб мамлакат, бу ерга биринчи марта келишим, бир олам таассуротлар олмоқдамиз, одамлари самимий, айниқса, Ўзбекистон Президенти билан учрашувимиз бир умрга ёдда қолади. Ишончим комилки, бу олдиндан режалаштирилмаган, чунки кутилмаганда рўй берди. Инстаграм ижтимоий тармоғимдаги обуначиларим сони 1,5 миллионни ташкил қилади, ишонаманки, Ўзбекистонга ташрифимдан кейин менинг саҳифам обуначилар сони ва уларнинг ажойиб юртингизга ташриф буюриш истаги билан боғлиқ изоҳларидан “портлайди”.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019