Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

17:59 10 Июль 2020 Ҳужжатлар
251 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини мамлакат иқтисодиётига кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига электр энергияси ва нефть-газ маҳсулотларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

2020 йил 1 августдан ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф сотиш, тарқатиш ва етказиб бериш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда II тариф гуруҳи истеъмолчилари даражасида белгиланади;

саноат кўламидаги (1 МВт ёки ундан ортиқ) қайта тикланувчи энергия манбалари (гидроэлектрстанциялардан ташқари) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун потенциал инвесторларни аниқлаш шаффоф аукцион (танлов) савдолари орқали амалга оширилади;

2020 йил 15 июлдан 31 декабргача 750 кВАгача бўлган қувватда уланган ҳамда қўшимча учинчи сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи истеъмолчилар (Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича) учун тунги давр – сутканинг қоронғи даврида (ягона электр энергетика тизимининг соат 22.00 дан 24.00 гача ва соат 00.00 дан 06.00 гача бўлган минимал юкламалар соатларида) фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камайтириш коэффициенти қўлланилади;

юридик шахслар томонидан табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30 фоизгача камайтириш имконияти давлат корхоналари ва устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда потенциал инвесторларни жалб қилиш масаласини ўрганиш учун ахборотни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш ҳамда фойдаланиш мумкин бўлган бошқа расмий усуллар ёрдамида тарқатиш, шу жумладан, бизнес-тадбирларда иштирок этиш ва хорижда “road-show”лар ўтказиш орқали тизимли асосда, бироқ йилига камида бир маротаба белгиланган қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектростанциялар портфелини шакллантиради.

2. Қуйидагилар:

3,3 миллиард кВт соат электр энергияси, 2,6 миллиард м3 табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи 2020–2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари 1-иловага мувофиқ;

Иқтисодиёт тармоқларининг йирик энергия сарфловчи корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича «Йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ;

Ёқилғи-энергетика ресурслари жами йиллик истеъмоли икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғиси бўлган корхоналарни мажбурий энергетик текширувдан (энергия аудитидан) ўтказишнинг 2021-2022 йиллар даврига мўлжалланган жадвали 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, идоралар ва хўжалик ташкилотларининг биринчи раҳбарларига ушбу қарор билан тасдиқланган ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари ва мажбурий энергетик текширувлар ўтказиш жадвалини бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

3. «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг тузилмасига киради ва давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

4. Қуйидагилар:

Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг тузилмаси

4-иловага мувофиқ;

Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси Кузатув кенгашининг таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобига нефть-газ ва электр энергетикаси тармоқлари корхоналарининг соф фойдасидан 5 фоиз миқдоридаги ўтказмалар;

энергияни меъёрдан ортиқча истеъмол қилганлик учун корхоналарга қўлланиладиган оширилган тарифлардан тушумлар;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган иқтисодий санкциялар суммасининг 20 фоизи;

кредитлар бериш ва Жамғарманинг бошқа молиявий-хўжалик фаолиятидан олинган фойда;

халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳамда донор ташкилотлари маблағлари;

жамғарма активларини бошқариш, шу жумладан, бўш маблағларни банк муассасаларида депозит сифатида жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

тузилган шартномага мувофиқ молиявий қўллаб-қувватлашдан олинган фойданинг бир қисми, бунда унинг суммаси кўрсатилган хизматлар суммасининг йигирма беш фоизидан ошмаслиги лозим;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

6. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:

бинолар ва кўп квартирали уйларда энергия самарадор технологиялар ва тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этган ҳолда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш, шу жумладан, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлашни молиялаштириш, шунингдек, энергия аудитини ўтказиш;

энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўналишида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказлари ташкил этиш (бино ва иншоотларни қуришдан ташқари) ва семинарлар ўтказиш;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари, иссиқлик насослари, рекуператорлар, реактив қувватни тикловчи қурилмалар (конденсатор батареялари), реле ҳимояси учун микропротсессор блоклари, частотали ўзгартиргичлар ва бир текис ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг устав жамғармалари (капиталлари) ҳамда корхоналарнинг лойиҳаларини шакллантиришда иштирок этиш;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясини таъминлаш, унинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, уларни моддий рағбатлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4422-сон қарорининг 6-бандида кўрсатилган тадбирларни ўтказиш;

хўжалик юритувчи субъектларда энергия аудити ўтказиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

шаҳар транспортининг ёқилғи-энергетика самарадорлигини яхшилаш, шунингдек, энергия харажатларини камайтириш учун транспорт оқимларини ахборот ва иммитацион моделлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича инновацион тадбирларни ўтказишга йўналтирилади.

Энергетика вазирлиги бир ой муддатда бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Энергетика вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетик текширувлардан ўтказиш қоидаларини қабул қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин:

энергетика текширувларини (энергия аудитини) ўтказишни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

энергия аудиторини танлашнинг бозор механизмини жорий этиш;

тарифларни тартибга солиш, шу жумладан, энергия аудити якунларига кўра тавсияларни бажармаган корхоналар учун энергияни меъёрдан ортиқча истеъмол қилганлик учун оширилган ставкаларни қўллашнинг самарали механизмини яратиш;

б) икки ой муддатда 285 та йирик саноат корхонасида энергия аудитини ўтказиш учун етакчи компаниялар (маҳаллий ва халқаро) жалб қилинишини таъминласин ва ушбу корхоналар рўйхатини кенгайтириш масаласини кўриб чиқсин.

8. Энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишларни ташкиллаштиришни жадаллаштириш, энергия тежайдиган технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш мақсадида икки ой муддатда:

а) Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфланишини нормалаштириш тўғрисидаги низомни;

Қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида аукцион савдоларини ўтказиш регламентини;

б) Энергетика вазирлиги:

Қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган энергияни ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ҳисобга олиш регламентини;

Қайта тикланувчи энергия манбаларнинг кичик объектларидан электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини;

Қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган энергия ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини сертификатлаштириш регламентини;

Саноат кўламидаги фотоэлектрик қуёш электр станцияларини жойлаштириш регламентини тасдиқласин.

9. Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

а) уч ой муддатда Энергетика вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимини (кейинги ўринларда – Ягона ахборот тизими) яратиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқсин:

йирик саноат корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш;

энергия ишлаб чиқарувчиларнинг (йирик истеъмолчиларнинг) идентификация рақамини онлайн-режимда бериш ва ишлаб чиқарилган (истеъмол қилинган) энергия бўйича тегишли ҳисоботларни электрон шаклда юборишнинг соддалаштирилган механизми;

ишлаб чиқарилган (истеъмол қилинган) энергияни ҳисобга олиш маълумотларини автоматик тарзда йиғиш, тизимлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, йирик саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини аниқлаш;

қайта тикланувчи энергетика соҳасида реверс аукцион онлайн-савдоларини ўтказиш учун ҳимояланган савдо майдончасини яратиш;

б) 2021 йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажми ва молиявий кўрсаткичларни ўз ичига олган зарур ахборотларнинг тармоқлараро электрон алмашувини назарда тутган ҳолда Ягона ахборот тизимининг ишга туширилиши ва Электрон ҳукумат билан интеграциялашувини таъминласин;

в) Ягона ахборот тизимидан олинган таҳлилий маълумотлар асосида юқори энергия истеъмолига эга корхоналарни мажбурий энергия аудитидан ўтказиш механизмини жорий этсин;

Ягона ахборот тизимини яратиш ва ишга тушириш доирасида қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги буюртмачи этиб;

Жамғарма маблағлари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

10. Энергетика вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:

уч ой муддатда намунавий уйлар ва ижтимоий объектларда иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қуёш тизимларини ўрнатиш, шунингдек, жамоат биноларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли дастурни ишлаб чиқсин;

жорий йилнинг 1 августидан кўп қаватли уйларни қуриш ва лойиҳалаштириш доирасида замонавий энергия тежайдиган материаллар, энергия самарадор технологияларни қўллаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича назорат қилиш тизимини жорий этсин. Шаҳарларда кўп қаватли тижорат уйларини қуришда мазкур талаблар мажбурий равишда қўллансин.

11. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш вазирлиги маҳаллий ҳокимият органлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагилар бўйича мақсадли дастурни тасдиқлашни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

2020-2022 йилларда республиканинг барча ҳудудларида биноларнинг иссиқлик ҳимоясини ошириш, энергия тежайдиган технологиялар, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини жорий этиш ҳисобига кўп қаватли турар жойларда иситиш ва совутиш эҳтиёжлари учун энергия истеъмолини пасайтириш;

табиий газ истеъмолини пасайтириш мақсадида республикадаги қозонхоналарда сув иситиш учун энергия самарадор қуёш тизимларини ўрнатиш.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мақсадли дастурларни амалга ошириш учун зарур маблағларнинг ҳисоб-китоблари тақдим этилишига қараб халқаро молия институтлари ва чет эл ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредит ресурслари, хорижий донорларнинг техник кўмак воситалари (грантларини) жалб қилинишини белгиланган тартибда таъминлансин.

12. Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Энергетика вазирлиги (Султанов):

а) Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда жаҳон бозорида нархларнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда нефть-газ ва электр энергетикаси соҳаси корхоналари ўртасидаги ўзаро харид нархлари ва даромад тақсимоти схемасини қайта кўриб чиқсин;

б) Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, илғор жаҳон тажрибаси асосида энергияни тежаш ва энергия самарадорлик соҳасидаги қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказсин ва 2020 йил 1 ноябргача:

қайта тикланувчи энергия манбаларининг энергия самарадорлиги соҳасини жадал ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратувчи механизмлар;

иқтисодиёт тармоқлари, бино ва иншоотлар, шунингдек, ижтимоий соҳада энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини таъминлаш нормаларини белгиловчи «Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Белгилансинки, иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, шунингдек, иқлим ўзгаришининг оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, давлат ривожлантириш дастурлари ва инвестиция дастурлари лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан мажбурий равишда келишилиши лозим.

14. Иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини қисқартириш бўйича вазифаларни самарали мувофиқлаштириш ва бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти тузилмасига энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиснинг битта қўшимча штат бирлиги киритилсин.

15. Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон  Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 10 июль

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?