Иқтисодий нотенгликдан энг кўп кимлар зарар чекмоқда?

10:54 22 Январь 2019 Иқтисодиёт
645 0

Иллюстратив фото

Охирги ўн йилда дунёда миллиардерлар сони деярли икки баробарга кўпайган. Бугунги кунда уларнинг сони рекорд даража – 2028 нафарга етди. Бу ҳақда Oxfam ташкилотининг “Ижтимоий фаровонлик ёки хусусий мулк” номли ҳисоботига асосланиб CNN хабар берди. Миллиардерларнинг бойлиги ўтган йилда кунига 12 фоиз ёки 2,5 млрд. АҚШ долларига кўпайган. Мазкур даврда жаҳондаги энг қашшоқ деб ҳисобланувчи 3,8 млрд. кишининг иқтисодий аҳволи 11 фоизга ёмонлашган.

Маълумот учун, Oxfam халқаро ташкилоти қашшоқликни келтириб чиқарадиган сабабларни йўқ қилиш ва камбағаллик ҳамда адолатсизликка дучор бўлаётган одамларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келади.

Forbes рўйхатига кўра, дунёдаги энг бой одамларнинг 26 нафари америкаликлардир. Уларнинг ичида Жефф Безос (Amazon), Билл Гейтс (Microsoft), Уоррен Баффет (Berkshire Hathaway), Марк Цукерберг (Facebook) кабилар бор. Ушбу инсонларнинг умумий бойлиги 357 млрд. долларга тенг.

Ҳисоботга кўра, 2017-2018 йилларда ҳар икки кунда дунёда янги миллиардер пайдо бўлган. Шунга қарамай йирик корпорациялар ва энг бой одамларнинг солиқ тўловлари охирги 10 йилда камайган. Боиси жаҳондаги бой давлатларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 1970 йилдаги 62 фоиздан 2013 йилга келиб 38 фоизгача қисқарган.

Oxfam йиллик ҳисоботига кўра, бойлар ва қашшоқлар ўртасидаги фарқнинг ўсиб бораётгани жаҳон иқтисодиётига зарар етказмоқда ҳамда ижтимоий нафрат ҳиссини кучайтирмоқда. Ҳисобот муаллифлари давлат раҳбарларига бойликдан адолатли даражада солиқ ундириш, шахсий даромадлар учун ставкалар ҳамда корпоратив солиқларни ошириш, йирик компаниялар ҳамда бой одамларнинг солиқ тўлашдан қочишига қарши курашишни тавсия этган. Олинган маблағларни эса умумий бепул тиббий хизмат ва таълим ҳамда бошқа давлат хизматларига йўналтириш лозим.

Маърузада иқтисодий нотенгликнинг ўсишидан энг кўп аёллар ва қизлар азият чекаётгани кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, дунё корпорациялари ва энг бой одамлари паст солиқ чегирмаларидан фойдаланаётган бир пайтда, қизлар муносиб таълим олишни рад этяпти, кўплаб аёллар эса ҳомиладорликда кўрсатиладиган тиббий хизмат йўқлиги ва унинг сифати пастлиги туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.

Экспертларнинг айтишича, бутун дунёдаги аёллар томонидан уй ва болаларга қараш учун қилинаётган тўланмайдиган иш бир компания томонидан пулли асосда бажарилганида эди, унинг йиллик пул айланмаси 10 трлн. долларни ташкил этган бўларди. Бу Apple компаниясиникидан 43 баробар кўпдир. Кўплаб мамлакатларда муносиб таълим ёки сифатли тиббий хизмат аҳолининг бой қатламлари ўзига эп кўра оладиган ҳашаматга айланган. Ҳар куни дунёда 10 минг одам арзон тиббий хизматдан фойдалана олмаётгани учун вафот этади. Ривожланаётган давлатларда беш ёшгача бўлган болалар илғор мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан икки баробар кўпроқ нобуд бўляпти. Кения каби мамлакатларда бой оила фарзанди камбағал оила фарзандига нисбатан икки баробардан зиёд вақтини таълим олишга сарфлайди.

Oxfam агар бу муаммолар ҳозир ҳал этилмаса, 2030 йилга келиб БМТнинг ўта қашшоқликка қарши курашиш бўйича мақсадларига эришиб бўлмайди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, дунёдаги 1 фоиз энг бой одамлар учун солиқларни 0,5 фоиз ошириш 3,3 млн. кишининг ҳаётини сақлаб қолиш ва 262 млн. бола таълим олишини таъминлаш имконини беради.

Ушбу ҳисобот бойлар ва камбағаллар ўртасидаги ўсиб бораётган фарққа дунё ҳамжамияти эътиборини тортиш мақсадида Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми арафасида эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу форум бутун дунёдаги энг бой ва нуфузли инсонларни бирлаштиради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019