Иқтисодий алоқалар, инновацион технологиялар ва минтақавий барқарорлик Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларининг устувор йўналишлари ҳисобланади

10:10 23 Май 2018 Сиёсат
339 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалга оширган тарихий ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

Уч кунлик ташриф дастурига эътибор қаратилса, унинг ҳар бир куни жуда тиғиз эди. Шунга қарамай, музокаралар самарали ва сермазмун кечди. Қатор нуфузли оммавий ахборот воситалари, хусусан, АҚШ телеканаллари олий даражадаги учрашувда кузатилган самимий муҳитга алоҳида аҳамият берди. Чунки Дональд Трамп Ўзбекистон Президентини кутиб олишдан тортиб, мулоқот чоғида ҳамда давлатимиз раҳбарини кузатиб қўйишгача бўлган жараёнда юксак ҳурмат кўрсатди. АҚШ раҳбари Юртбошимизни қабул қилишни ўзи учун шараф, деб билишини таъкидлади.

“Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дейилади Дональд Трампнинг Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ташкил этилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаатида.
Ишбилармон доиралар вакиллари, АҚШ Давлат котиби, мудофаа вазири, Капитолийда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенати аъзолари, шунингдек, Жаҳон банки президенти билан бўлган учрашувлар ҳақида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Музокаралар якунида турли соҳаларда ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзолангани, хусусан, ишбилармон доиралари қатор лойиҳалар бўйича умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ доллари бўлган келишувларга эришгани икки давлат ҳамкорлиги жадал ривожланишидан далолат беради.

Ташриф доирасида Вашингтондаги АҚШ Миллий пресс-клубида “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича эришган ютуқлари ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Нуфузли экспертлар сўнгги йилларда юртимиз дунёга очилиб бораётгани, прагматик сиёсат юритаётгани, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этди. Атлантика кенгашидаги форумда Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бунда нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги хусусида сўз борди. Икки давлат вазирлик ва идоралари, компаниялари ҳамда ишбилармонлари иштирокида уюштирилган “Ўзбекистон — АҚШ: фаровон келажак учун янги имкониятлар” деб номланган маросимда мамлакатимизда бизнес вакиллари учун қулай инвестициявий муҳит яратилгани таъкидланди.

Айни кунларда жаҳон матбуотида мазкур ташриф якунларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. “The New York Times”, “The Washington Post”, “Newsweek” нашрлари, “ABC News”, “CNN”, “CBS News” телеканаллари, “Америка овози” телерадиоси ва бошқа қатор нуфузли оммавий ахборот воситалари олий даражадаги музокаралар, тузилган шартномаларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикрларини айтишмоқда.

Гап оммавий ахборот воситалари тўғрисида борар экан, мана шундай ташрифни ёритишда Ўзбекистон журналистлари ҳам илк бор кенг таркибда қатнашганини мамнуният билан қайд этиш ўринлидир. Чунки авваллари бундай жараёнга фақат давлат телеканали ҳамда ахборот агентлигидан вакиллар жалб қилинарди, холос. Табиийки, бу материалларнинг ранг-баранг, хилма-хил бўлишини чеклаб қўярди. АҚШга “Халқ сўзи” газетаси ва бир қатор нодавлат оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам боргани мавзу доирасида аҳолимизга янада кўпроқ маълумот тақдим этиш, мезбон давлат тўғрисида турли ракурсда лавҳалар, мақолалар тайёрлаш имконини берди.
Ҳамкасбларимизнинг аксарияти АҚШга давлатимиз раҳбарининг ташрифидан беш-олти кун олдинроқ етиб бориб, жойлашгани ҳам айни муддао бўлди. Яъни мана шу вақт мобайнида бир қатор штатлар, Вашингтон ҳаёти билан яқиндан танишиш, турли лавҳалар, мақолалар тайёрлаш, интервьюлар уюштиришга фурсат туғилди. Улар кетма-кет эфирга, матбуот ҳамда сайтларга узатиб турилди.

Юқорида биз АҚШ Миллий пресс-клубида бўлиб ўтган анжуманни тилга олдик. Ана шу тадбирда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ва ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар борасида фикр юритилар экан, айнан АҚШ ташрифини ёритишга юртимиздан кўплаб давлат ҳамда нодавлат ОАВ вакиллари таклиф қилингани мамнуният билан қайд этилди.

Маълумки, Юртбошимизнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифини ёритиш мақсадида илк бор Сеулда матбуот маркази ташкил этилган ва бу ўзига хос тажриба бўлган эди. Ана шу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан Президент Матбуот хизмати томонидан Вашингтондаги “Sofitel” меҳмонхонасида матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди. У замонавий техникалар билан жиҳозланиб, юқори тезликдаги интернетга уланди. Бу марказ ахборотларни тез ҳамда сифатли етказишда муҳим кўприк вазифасини ўтади. Қолаверса, бу ерда ташриф доирасидаги тадбирлар бўйича брифинглар уюштирилгани халқимизнинг ҳар бир воқеа хусусида ўз вақтида хабардор бўлишини таъминлади.

“Американи яна буюк қиламиз” шиори амалий ифодасини топаяпти
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Дональд Трамп олиб бораётган ислоҳотлар муваффақиятига юқори баҳо бериб, жумладан, “Жаноб Президент, мен АҚШ Президентлиги учун сўнгги сайловлардан буён, Сизнинг бошчилигингизда иқтисодий соҳада эришилаётган ажойиб натижаларни, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш мақсадида илгари сурилган тарихий солиқ ислоҳотлари қабул қилинишини қутлайман. Қўлга киритилган натижалар, Сизнинг америкаликлар фаровонлиги ва тараққиёти учун олиб борган ишларингиз самарасидир”, дея таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда АҚШ иқтисодиёти жадал суръатда ривожланиб бораяпти. Жумладан, ишсизлик ва инфляция кўрсаткичлари мунтазам пасаймоқда, ишбилармонлик индекси, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик, истеъмол кўрсаткичи ҳамда аҳоли даромадлари ортаётир. Экспертларнинг фикрича, бу Дональд Трамп томонидан илгари сурилган “Американи яна буюк қиламиз” шиори остидаги иқтисодий ислоҳотлар самарасидир.

Келинг, айрим рақамларга тўхталиб ўтсак. Ушбу давлат иқтисодий жиҳатдан қудратли ҳисобланади. Масалан, ўтган йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти 19,36 триллион долларни ташкил қилди. 1,5 триллион доллар миқдорида экспорт амалиётлари бажарилди. Жорий йилнинг дастлабки чорагида АҚШ иқтисодиёти 2,3 фоиз ўсди. Бу 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 2 баробар кўпдир. Февраль ойида 313 мингта янги иш ўрни яратилди ва мазкур рақам кейинги бир ярим йил давомидаги рекорд натижа саналади. Ишсизлик кўрсаткичининг ўзи эса сўнгги ўн беш йилликдаги энг минимум даража — 4,1 фоизга тушди. Оқ уй маъмуриятининг солиқ ислоҳотлари туфайли 2018 йил охирида бандликнинг яна 0,5 фоиз ошиши кутилаяпти. 2026 йилгача бу жараён мунтазам равишда 0,7 фоиздан ортиши тахмин қилинмоқда.

Албатта, иқтисодиёт яхшиланиши аҳоли турмушида ҳам ўз ифодасини топади. Мисол учун, фуқаролар даромади 2017 йил сентябрь ойидан бери давомли ўсиб бораётир. Шу йил март ойида бу борада 7,5 фоизлик ортиш қайд этилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам натижалар ижобий. Хусусан, биринчи чоракда ўтган йилнинг мазкур давридагига нисбатан 4,5 фоиз ўсиш кузатилди. 2008-2009 йиллардаги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози АҚШ иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисобланган тураржой бозорига жиддий салбий таъсир кўрсатганди. Мамлакатнинг Қурилиш компаниялари миллий ассоциацияси хулосаларига қараганда, ҳозир аҳвол анча ўнгланган. Савдо вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил март ойида 1,3 миллионтадан зиёд янги уйлар қурилиши бошланган. Ишсизлик даражасининг пастлиги ҳамда ипотека кредитлари фоизининг камлиги боис янги тураржойларга бўлган талаб ҳам ортмоқда.

Халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар прогнозлари бўйича жорий йилда АҚШ ялпи ички маҳсулоти 2,9 фоиз ошади, 2019 йилда ўсиш 2,7-2,8 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу ривожланган давлатлар орасидаги энг яхши кўрсаткич бўлади.

Бундай натижалар Дональд Трампнинг иқтисодий ислоҳотларидаги икки муҳим омил билан боғланади. Биринчиси, рағбатлантирувчи ташаббуслар — солиқ ҳамда тартибга солиш ислоҳотлари, инфратузилмани молиялаштириш. Мисол учун, даромад солиғини 35 фоиздан 21 фоизгача пасайтириш ва солиққа тортишнинг ҳудудий принципига ўтиш жараёни шунга дахлдор.
Тартибга солувчи ислоҳотлар бизнес фаолиятини тартибга солувчи янги федерал қоидаларга мораторий эълон қилиш ҳамда бир қатор мавжуд ҳужжатларни бекор қилишни назарда тутади. Кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш ҳам Оқ уй маъмуриятининг режалари қаторидан ўрин олган. Шу мақсад учун келгуси 10 йил ичида федерал бюджетдан 200 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилган. Қолаверса, қурилиш ва инфратузилма объектларини модернизациялаш учун рухсатномалар бериш муддатини 2 йилгача қисқартириш режалаштирилган. Ўз навбатида, мамлакатда энергоресурсларни қазиб олиш бўйича чекловларни бекор қилиш орқали федерал бюджетга маблағ тушумини кўпайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсади ҳам мавжуд.
Иккинчи йўналишдаги ислоҳотлар чеклов чоралари — протекционизм, иш ўринларини қайтариш ва АҚШга иммиграция оқимини қисқартиришни қамраб олади.

Мана шу жиҳатлар туфайли Америка Қўшма Штатлари иқтисодиёти жадал суръатда ўсиб бораяпти. Ўзбекистоннинг ана шундай салоҳиятли давлат билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиши, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар, албатта, икки томон учун ҳам катта манфаат келтиради. Энг муҳими, эришиладиган муваффақиятлар фуқаролар турмуш тарзида ўз ифодасини топади.

Тарихни ўрганиш бепул
Шу ўринда Вашингтонда эътиборимизни тортган айрим жиҳатлар ҳақида ҳам фикр юритсак.
Бу шаҳар бирорта штатга кирмайди. Колумбия округига қарайди. 600 мингдан зиёдроқ аҳолиси бор. Мамлакат Конгрессида фақатгина Вашингтондан вакил сайланмайди, азалдан қоида шунақа.

АҚШ пойтахти кўчаларида юрар эканмиз, давлат идораларининг асосий қисми тарихий иншоотларда жойлашганига гувоҳ бўлдик. Умуман, шаҳарда жуда юксак дид ҳамда ноёб архитектура услубида қурилган қадимий бинолар ҳар қадамда кўзга ташланади. Кўчалар кимнингдир номи билан юритилмайди, аксинча улар рақамлар билан белгиланган. Масалан, 14-кўча, 15-кўча ва ҳоказо. Яна бир жиҳати, Вашингтонда мамлакатнинг 50 та штати номи берилган мавзелар мавжуд. Деярли ҳар бир мавзеда ям-яшил майсазор, дарахтлар билан қопланган хиёбон ташкил қилинган. Майсазорда бемалол юриш, ўтириш мумкин. Бунга чеклов йўқ. Хиёбонларда китоб ёки газета ўқиётган, суҳбатлашаётган, шунчаки ҳордиқ чиқараётган одамларни кўрасиз. Куннинг исталган вақтида, хоҳ эрталаб, хоҳ кечки пайт бўлсин, саломатлигини ўйлаб, югураётганларни учратасиз. Кўчалар бўйлаб велосипедлар учун алоҳида йўлаклар ташкил қилинган. Ҳатто баъзи жойларда бундай йўлаклар қатнов қисмининг ўртасида. Уларнинг икки тарафига махсус белгилар ўрнатилган бўлиб, автомобиллар ҳаракати хавф туғдирмайди.

Биз, одатда, кунлик нашрларни газета дўконларидан оламиз. АҚШ пойтахтида, умуман, ушбу мамлакатда обуначилардан ташқари кунлик газеталарни аҳоли вакиллари йўллар бўйига ўрнатилган мўъжаз қутичалардан олишаркан. Яъни ҳар бир нашр кўчаларга ўзининг газета тарқатишга мўлжалланган қутичаларини жойлаштирган. Уларнинг баъзиларида газета бепул, айримларида пуллик. Энг харидоргир нашрлар, албатта, талаб борлиги учун сотишдан мўмай даромад кўради.

Вашингтон об-ҳавоси тез ўзгарувчан, намлик миқдори юқори бўлган шаҳар экан. Дейлик, куннинг биринчи ярмида ҳаддан зиёд иссиқдан ноқулайлик сезсангиз, кутилмаганда шаррос ёмғир ёғиб, жонингизга ором бағишлайди. Лекин ёмғирдан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаво яна дим бўлади. Бошқа бир қизиқ тарафи, кўчаларда ариқлар, лотоклар йўқ. Аввалига ҳайрон бўлдик: “Ёғингарчиликда сув қаердан чиқиб кетаркин?” деб. Айнан ёмғир ёққанида кўрдикки, шаҳарнинг дренаж тизими пухта лойиҳалаштирилган экан: сув йўлнинг турли ерларидаги, эни унча катта бўлмаган, узун қилиб очилган, пиёдаларга халал бермайдиган туйнукдан ер остидаги қувурларга оқиб кетади. Жала пайтида ҳам бирор жойда сув тўпланиб қолмайди. Бу — ўрганишга арзийдиган тизим.

Вашингтон аҳолисини 600 мингдан кўпроқ дедик. Бу ердаги Оқ уй, Блэйр-Хаус, Вашингтон ёдгорлиги, Капитолий, Томас Жефферсон хотира мажмуаси, Смитсон институти, Артур Саклер галереяси, Авиация ва космонавтика музейи ҳамда бошқа ўнлаб расмий идоралар, музейлар, обидалар, маданий-маърифий масканларни кўриш учун дунёнинг турли нуқталаридан ҳар йили миллионлаб туристлар ташриф буюради. Шу боис кўчалар анча гавжум. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрган сайёҳларга турфирмалар кутиб олиш чоғидаёқ бир хил рангдаги футболка тарқатишаркан. Бу уларнинг ҳаракатланиш чоғида бир-бирларини йўқотиб қўйишларининг олдини оларкан.

Диққатга сазовор жиҳати, Оқ уй, парламент жойлашган Капитолий, умуман, ҳар қандай давлат идораси ва биноси олдида бемалол суратга тушиш мумкин. Бунга ҳеч қандай чеклов йўқ. Президент қароргоҳи, Капитолий биносига ўқувчиларни тез-тез экскурсияга олиб бориш йўлга қўйилган. Бу орқали уларга тарих жонли мисоллар асосида гапириб берилади. Масалан, бутун бир бошли Капитолий биносини ўтмиш билан боғлиқ ёдгорликлар мужассамлашган маскан, дейиш мумкин. У ерда ёшларга нафақат қонуннинг яратилиши, балки АҚШ қандай қилиб шу кунларга етиб келгани, мустақилликнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилади. Бу жараён қонун ижодкорларига умуман халал бермайди. Улар ўз ишларини давом эттираверишади.

Вашингтондаги барча музей ташриф буюрувчилар учун бепул хизмат кўрсатади. Бу орқали ўтмишни кенгроқ таништириш мақсад қилинган. Савол туғилиши мумкин: хўш, уларни сақлаб туриш учун қаердан маблағ олинади? Биз ҳам бунга қизиққанимизда, жавоб шу бўлдики, музейларга қисман бюджетдан пул ажратилса, бир қисми ҳомийлар ташаббуси билан қопланади. Яъни “Аҳоли, эртанги кун эгалари тарихимизни ўрганаётган экан, харажатини биз тўлаймиз” қабилидаги эзгу ниятли, ватанпарвар ҳомийлар кўп.
Қисқаси, Вашингтон кичик шаҳар бўлса-да, унинг буюк ўтмиши, диққатга сазовор бугуни бор. Улар ҳар қандай кишида унутилмас таассурот қолдиради.
Президентимиз 19 май куни Андижон вилоятининг Улуғнор туманида ўтказилган йиғилишда АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлашнинг аҳамияти, сабаблари ҳақида тўхталаркан, нега Ўзбекистонга АҚШ сармояси ҳамда технологияси зарурлигига ойдинлик киритди. “Чунки ундай технология ва ишланмалар ҳали Ўзбекистонга кирмаган. АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция бўлмайди. Бу бир мезон, тарозининг палласи бўлади”, дея қайд этди. Шу фикрларнинг ўзи мақоламизга якуний хулосадир.
Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» махсус мухбири.
Тошкент — Вашингтон — Тошкент

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар