2018 йилда Ўзбекистонда 776та янги хорижий корхона иш бошлади

14:52 13 Июнь 2018 Иқтисодиёт
407 0

2018 йилнинг январь-май ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 776 тани ташкил қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларида кўрсатиб ўтилган.

Қайд қилинишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 496 тага кўпайган. Аниқроқ айтганда 2,8 бараварга ошган.

Бунда, Россия резидентлари капитали иштирокида – 158 та, Туркия – 118 та, Қозоғистон – 87 та, Хитой 106 та ва Жанубий Корея – 70 та янги корхоналар рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йилда Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбойжон ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўриладиган бўлса, асосан саноатда 256 та, савдода 207 та, қурилишда 75 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 65 та ва бошқа фаолият турларида 173 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар янги ташкил этилган.

2018 йил 1 июнь ҳолатига Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 6127 тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 933 тага ёки 18,0%га ўсган. Шунингдек Хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3374 таси қўшма корхоналар, 2753 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 3949 та (64,5%), Тошкент вилояти 677 та (11,0%) ва Самарқанд вилоятлари 331 та (5,4%) ҳиссаларига тўғри келади. Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 51 та (0,8%), Қашқадарё вилояти 58 та (0,9%), Навоий вилояти 69 та (1,1%) ва Сурхондарё вилояти 89 та (1,5%) ҳиссаларига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.

Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари кесимида ушбу маълумотларни 2018 йил 1 июнь ҳолатига кўрсак, энг кўп саноатда 2596 та (42,4%), савдода 1265 та (20,6%) ҳамда бошқа фаолият турларида эса 1051 та (17,2%) ташкил қилган, энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 86 та (1,4%), ахборот ва алоқада 151 та (2,5%), ташиш ва сақлашда 180 та (2,9%) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 209 та (3,4%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 243 та (4,0%) ва қурилишда 346 та (5,6%) ташкил қилган.

Шундан кўриниб турибдики, фаолият юритадиган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўғри келаркан. Шунингдек, энг кам улуши эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар