“Инвесторларга яратиб берилаётган шароитлардан мамнунмиз”

18:17 16 Май 2018 Иқтисодиёт
621 0
Фото: cis.hypercube.fund

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар тез фурсатда самарасини бермоқда. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, фан-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга янгича ғоя ҳамда ёндашувлар татбиқ этилаётгани ютуқларга қанот бўлаётир. Айниқса, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини очиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар хорижлик экспертлар, ишбилармон доира вакиллари томонидан юксак баҳоланаяпти.

Меувес БРАУЭР, Нидерландия Қироллигининг Москвадаги элчихонаси қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Ўзбекистонни иқтисодий томондан тез суръатларда ривожланиб бораётган илғор давлатлар сирасига бемалол қўшиш мумкин. Бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси жуда катта. Чунки у давлат раҳбари сифатида мамлакатни иқтисодий жиҳатдан бақувват қилишга қаратилган барча ҳаракатни қилаяпти, нафақат маҳаллий, балки хорижий инвесторларга ҳам кенг имкониятларни яратиб бераяпти. 

Айниқса, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш объектларни бунёд этишга хизмат қилмоқда.

Чет давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқди. Ислоҳотлар шундай давом эттирилса, ўйлайманки, Ўзбекистон бундан-да яхши ютуқларни қўлга киритади. 

Вахит АЖАР, Туркиянинг “Acar-Mak-San” компанияси бош менежери:

— Ўтаётган давр Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар ривожланиб, айниқса, савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланган йил бўлди, десам адашмайман. Давлатингиз раҳбари Туркияга давлат ташрифи давомида икки мамлакат савдо алоқаларини ривожлантиришга оид ўттиздан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзоланган эди. Бугун ушбу келишувлар рўёбга чиқмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳа қатори тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш, зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича истиқболли ғоя ва таклифларни илгари сургани менда катта таассурот қолдирди. Бу юксак баҳога лойиқ. Жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани ҳам кўзланган эзгу мақсаднинг бир жиҳати эканини кўрсатиб турибди. Бу эса юртингиз иқтисодий салоҳиятини янада кенгроқ намойиш қилиш имконини беради.

Давид ВУДИ, Хитойнинг “Fujian Jiayi Plastics & Rubber Co., Ltd” компанияси менежери:

— Ўзбекистонда хитойликларга бўлган илиқ муносабатни аэропортдаги кутиб олиш жараёнидаёқ ҳис қиламиз. Чиндан ҳам, икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро ишонч ва манфаатга асосланган алоқалар юқори чўққига чиқмоқда.

Компаниямиз пойабзал тагчармига ишлов бериш ва тайёрлаш билан шуғуллангани боис ушбу йўналишда ҳамкорлик қилаяпмиз. Чунки Ўзбекистоннинг чарм маҳсулотлари табиийлиги, сифати ва рақобатдошлиги билан дунё бозоридан ўрин эгалламоқда. 

Ўзаро мулоқотга киришишда ташкил этилаётган бизнес-форумлар, ярмаркаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Бундай тадбирларни ўтказишда ҳам Ўзбекистоннинг фаоллиги ва ташаббусини алоҳида эътироф этмоқчиман. Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “VIII халқаро чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” ҳамда “II махсус пойабзал ва индивидуал ҳимоя воситалари” кўргазмалари ҳам ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишда қўл келди.

“Халқ сўзи” мухбири
Раҳим ШЕРҚУЛОВ ёзиб олди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019