Инвестиция ва бошқарув компанияларини ташкил қилиш амалиёти кенгайтирилади

12:11 26 Ноябрь 2018 Иқтисодиёт
852 0

Иллюстратив фото

Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали маълум қилди.

Фармонга мувофиқ, инвесторлар, айниқса хорижий инвесторларнинг инвестиция ҳиссаларини тезкор ва самарали жалб этиш мақсадида инвестиция ва бошқарув компанияларини ташкил қилиш амалиёти кенгайтирилади.

Фармонда белгиланганидек:

инвестиция компанияси бошқарув компанияси томонидан кейинчалик инновацион ва бошқа истиқболли лойиҳаларга киритиш учун малакали инвесторларнинг жалб этилган маблағларини шакллантириш ва жамлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тижорат ташкилоти ҳисобланади;

бошқарув компанияси инвестиция компаниясининг инвестиция ҳиссасини улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ бошқарадиган тижорат ташкилоти ҳисобланади;

венчур фонди жамланган пул маблағларини фақатгина юқори хавфли венчур лойиҳаларига инвестиция қилиш учун мўлжалланган, бошқарув компанияси бошқарувидаги инвестиция компанияси ҳисобланади;

миллий валютада ва/ёки Марказий банкнинг ҳисса киритилган кундаги курси бўйича хорижий валютада 500 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордаги инвестиция киритган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий шахслар малакали инвесторлар ҳисобланади.

Бошқарув ва инвестиция компаниялари, агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилган бўлмаса, ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин.  

Фармон билан қуйидагилар белгиланди:

инвестиция ва бошқарув компанияларининг фаолияти лицензияланмайди;

бошқарув компанияси ўзининг таъсис ҳужжати ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган таркибда ва тартибда ички аудит хизматини ташкил этишга мажбур;

инвестиция компаниялари, бошқарув компаниялари ва малакали инвесторлар ўртасидаги муносабатлар фақатгина шартлари улар томонидан мустақил равишда белгиланиши, шу жумладан биргаликдаги фаолият жараёнида пайдо бўладиган низоларни ҳал қилиш шакли ва усулларини танлаш эркин бўлган шартнома асосида тартибга солинади; 

инвестиция компаниялари заёмлар, шу жумладан гаров таъминоти билан ёки гаров таъминотисиз фоизсиз заёмлар бериш ҳуқуқига эга;

инвестиция компанияси ҳар йили ташқи аудит ўтказилишини ташкил этишга мажбур;

инвестиция ва бошқарув компанияларининг фаолиятини мониторинг қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича давлат органи томонидан амалга оширилади.

2022 йил 1 январгача ташкил этилган ҳамда ўз фаолиятини амалга ошираётган инвестиция ва бошқарув компаниялари ўз фаолиятларини белгиланган тартибда давом эттиришлари мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019