Инвестиция — иқтисодиётнинг юраги

16:25 13 Февраль 2019 Жамият
385 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция муҳитини ривожлантириш борасида тегишли ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, кафолат ва имтиёзларни ўзида акс эттирувчи бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳимояланиши ва рақобат муҳитига шароит ҳамда зарур инвестициявий инфратузилманинг яратилишини назарда тутувчи нормалар белгилаб қўйилган. Шунингдек, мамлакатимизда ҳукм сураётган сиёсий барқарорлик ҳамда бой табиий минерал ресурсларнинг мавжудлиги инвестиция муҳитини ривожлантириш учун имкониятлар эшигини кенг очади. Бироқ замон билан ҳамнафас равишда тараққий этиш учун буларнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки шиддат билан ривожланаётган дунё ҳамжамияти рейтингларида муносиб ўринларни эгаллаш учун янги замонавий ғояларни ўйлаб топиш зарурати юзага келмоқда. Хориж инвестицияларини кенг миқёсда жалб қилиш — иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, юқори технологик рақобатдош тармоқларни яратиш, илғор хориж технологиялари, ноу-хау ва бошқарув тажрибаларини татбиқ этиш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда аксарият жабҳаларга хориж инвестициясини киритиш ҳамда иқтисодиётнинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган ва жорий йилга берилган номлар ҳам айнан ивестиция муҳитини ривожлантириш билан боғлиқ эканлиги фикримизни исботлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлис депутатларига йўллаган мурожаатномасида ушбу масалага алоҳида урғу берилди. Жумладан, ўтган йилда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари, бошқа халқаро молия институтлари билан олиб борилган ҳамкорлик натижаларига кўра, мамлакатимизда инвестициялар ҳажми 8,5 миллиард долларни ташкил этгани, шунингдек, чет эл инвестициялари ҳисобидан 23 миллиард долларни ташкил этувчи 456 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимиз ушбу кўрсаткичларга аҳамият қаратар экан, кенг миқёсли инвестициялар юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамловчи омил бўлишини алоҳида таъкидлаб, шундай деди: “Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция — бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди”.

Ҳақиқатан ҳам, иқтисодиётда инвестицияларни кенг миқёсда жалб этишга эришиш кўплаб соҳалар, тармоқлар ҳамда ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келиши ва тадбиркорликнинг жадал ривожланишига улкан пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда инвестиция муҳити барқарорлигини таъминлашда умумиқтисодий, меъёрий-ҳуқуқий, экологик шарт-шароитлар, молиялаштиришнинг бозор механизмлари, ахборот таъминоти ва бошқалар муҳим ўрин тутади. Шунингдек, хорижий инвесторлар мамлакат иқтисодиётига маблағ киритишида инвестициявий муҳитнинг макроиқтисодий кўрсаткичларини, яъни хорижий инвестицияларнинг кириб келиши ҳамда чиқиб кетиши, инфляция даражаси, ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини, истеъмол ва жамғарма нисбати, фоиз ставкалари даражаси ҳамда хорижий инвестицияларнинг ўзлаштирилиши кабиларни ҳисобга олади. Қолаверса, инвесторлар мамлакатнинг малакали кадрлар захираси, банк-молия хизматлари сифати, монетар ва фискал сиёсат даражаларини ҳам эътиборда тутади.

Мамлакатимиз раҳбарининг мурожаатномасида “Жаҳон тажрибасини пухта ўрганиб, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, монетар сиёсатни такомиллаштириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз зарур”, деган ғоя илгари сурилди.

Демак, тегишли хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда уларни бартараф этиш асосида чет эл инвестициялари кириб келишига қулайликлар яратиш бугуннинг долзарб масаласидир. Чунки хорижлик инвесторлар мамлакатнинг инвестиция муҳити, унинг хавфсизлиги, сиёсий, иқтисодий хавф-хатарлар даражаси ва уларнинг суғурталаниши, инвестициялаш мақсадларига мувофиқлиги, иқтисодиётнинг, умуман, барча шароитларнинг бошқаларга нисбатан қулайлиги нуқтаи назаридан баҳолайдилар. Мамлакатга хос хавф-хатар даражаси (қарзлар масаласи, импорт ва экспорт баланси, ҳукуматнинг барқарорлиги ҳамда бошқалар), маҳаллий шароитнинг бошқа мамлакатлардан кўра устун жиҳатлари етакчи ўринда туради.

Хулоса ўрнида айтганда, инвесторлар, корхоналар, ташкилотлар томонидан мамлакатга улкан инвестиция лойиҳаларининг киритилиши натижасида юртимизда кўплаб янги иш ўринлари вужудга келади. Шу билан бирга, замонавий билимларни ўрганиш имконияти, умуман, давлатимизнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириш учун етарли даражада шароит яратилади. Ўз ўрнида, бундай имкониятлар халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиёт гарови ҳисобланади. Президентимиз таъкидланганидек, “Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир”.

Самира ЯКУБОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси таянч докторанти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019