“Invest In Tashkent Region” халқаро форуми: ташриф, имконият ва хулосалар

10:35 26 Октябр 2019 Жамият
66 0

Маълумки,  25 октябрь куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Invest In Tashkent Region” халқаро инвестицион форуми ўз ишини бошлаган эди. Унда, мамлакатимизга 50дан ортиқ  давлатлардан ташриф буюрган 350 нафардан зиёд сиёсатчилар, элчихоналар ва xалқаро ташкилотлар, нуфузли компаниялар вакиллари, таниқли сармоядорлар, шунингдек, маҳаллий ишбилармонлар, тадбиркорлар ва давлат xизматчилари ҳам иштирок этишди.

Анжуман кун тартибига кўра, биринчи иш кунида тегишли вазирлик, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов, жумладан, бундай деди:

—Ушбу форумни ташкил этиш ниҳоятда долзарблигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу 2019-2020 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш муҳимлиги билан ҳам узвий боғлиқдир.

Тошкент вилояти юқори иқтисодий салоҳиятга эга бўлиш билан бир қаторда, табиий ресурсларга ниҳоятда бой. Иқлим шароити мўътадил, ривожланган транспорт коммуникацияларига эга бўлган Ўзбекистоннинг энг катта ҳудудларидан бири ҳисобланади. Умумий майдони 15,3 минг квадрат метрни ташкил этиб, турли соҳаларга иxтисослашган 7 та шаҳар ва 15 тумандан иборат.

Агар саноат потенциали ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни таъкидлаш жоизки, республикада ишлаб чиқарилган барча саноат маҳсулотларининг 15,3 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келмоқда. Озиқ-овқат ва енгил саноат, кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, металлга ишлов бериш ва ёқилғи саноати вилоятимиздаги етакчи тармоқлар ҳисобланади. Минтақада 6000 дан ортиқ саноат корxоналари фаолият юритмоқда. “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганлиги, инвесторлар учун янада қулай шароитлар ва имтиёзлардан фойдаланишга имконият беришини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Р.Холматов  айтиб ўтганидек, ҳудудда хорижий сармояларни жалб этиш ва улар асосидаги лойиҳаларни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилган. Қишлоқ xўжалиги минтақа иқтисодиётининг асосий бўғинларидан бири саналади. Шу туфайли пахта, ғалла, мева-сабзавот ва полиз, боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш қатор йиллардан буён сердаромад соҳага айланган. Вилоятда ўрмон хўжалиги ва балиқчилик маҳсулотлари етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ xўжалиги маҳсулотларининг экспорт қилиш борасида мева-сабзавот ва дуккакли экинлар асосий ўрин тутади. Шунингдек, хорижий сармоядорлар иштирокида ташкил этилган ҳамкорлик лойиҳалари асосида ишлаб чиқарилаётган металлургия саноати маҳсулотлари, цемент, темир-бетон буюмлари экспорти ҳам самарали ривожланмоқда.

Вилоятнинг туристик салоҳияти юқорилигини алоҳида қайд этиш керак. Бунга анжуман иштирокчиларининг ўзлари ҳам гувоҳ бўлишди. Мусаффо табиий иқлим, серқуёш юртнинг хайрли тонги, серфайз оқшомлари хорижлик сармоядорларни мафтун этди.

Вилоятга сармоя киритиб, туризмни ривожлантириш келажакда катта имкониятлар эшигини очишига амин бўлдилар. “Чорвоқ“ эркин туристик зонаси, бу ердаги 156 та турли йўналишда фаолият юритаётган дам олиш масканлари бунга мисол бўла олади.

Булардан ташқари, вилоятида фармацевтика ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришнинг имкониятлари ҳам чексиз. “Паркент Фарм“ ва “Бўстонлиқ Фарм“ эркин иқтисодий зоналарида xорижий сармоядорлар иш юритиши, мўмай даромад топиши учун кенг имконият ва имтиёзлар мавжуд.

Форумнинг биринчи иш кунида Нурафшон шаҳридаги “Ёшлар Маркази”да Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳридаги иккита олий таълим муассасаси — Новосибирск давлат педагогика университети ва Новосибирск давлат техника университети ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида самимий дўстона учрашувлар ўтказилди.

Шундан сўнг меҳмонлар кортежи мезбонлар кузатувида вилоятнинг энг сўлим гўшаси томон юра бошлади. Кенг ва равон йўл четидаги чамандек ястаниб ётган пахта далалари, қуёш нурларини сипқориб, ширага ўтирган сабзавот ва полиз экинзорлари ҳар қандай инсонни мафтун этади. Айниқса хорижлик меҳмонлар бундай манзараларни катта ҳаяжон билан кузатиб кетишди.

Анжуман иштирокчилари Бўстонлиқ тумани ҳудудига кириб келар экан, уларни мусаффо осмон кенгликлари сари чўзилиб кетган тоғлар, яшил либосдаги қирлар, киши нафас олиб тўймайдиган майин шабадали тоза ҳаво уммони, арчазор ва ёнғоқзорлар билан безанган обод қишлоқлар қарши олди. Европанинг Шивейцариясига панд берадиган бу ҳудуддаги гўзалликлар меҳмонларни тамоман ўзига ром этди. Айниқса, нозиктаъб хонимларнинг жаннатмакон Ўзбекистоннинг бундай жозибали гўшаларига дош беролмай суқланиб термилишлари шу Ватан фуқароси сифатида кишини ғурурлантиради.

Бўстонлиқ туманидаги “ТИБЕТ“ дам олиш маскани. Анжуман иштирокчиларининг бу ердаги иш куни ниҳоятда баракали бўлди. Қишлоқ хўжалиги ва туризм йўналишларида бир қатор тақдимотлар ўтказилди. Халқаро форум доирасида хорижлик сармоядорлар билан қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм, тиббиёт каби қатор йўналишларда муҳим келишувларга эришилди.

Бўстонлиқдаги “Лайнер“ дам олиш масканида эса хорижлик ҳамкорлар билан эришилган келишувлар асосидаги дастлабки ҳужжатлар имзоланди. 

Биздаги маълумотларга кўра, хорижлик сармоядорлар билан умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд 30дан ортиқ йирик лойиҳаларга эришилди.

Жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Dongil construction” компанияси ўртасида лойиҳа қиймати 400 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи замонавий кўп тармоқли шаҳарча барпо этиш кўзда тутилмоқда. Хитойнинг “Phoenix international wisdom technology investmen” компанияси билан Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги қиймати 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳага асосан мамлакатимиздаги илк ақлли шаҳар — “Smart Sity” қуриладиган бўлди. Шунингдек, Эрон, Филиппин, Туркия, Германия, Россия каби қатор давлатлардан келган сармоядорлар билан қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, логистика каби қатор йўналишларда ҳам ҳужжатлар имзоланди.

Форумнинг биринчи иш куни ана шундай самарали натижалар билан якунланди.

26 октябрь куни Тошкент вилоятида “Invest In Tashkent Region” форуми ўз ишини давом эттирди. Меҳмонлар ҳудуднинг бой иқтисодий салоҳияти билан танишиш мақсадида Оҳангарон тумани сари йўл олдилар.

Мамлакатимизнинг энг гўзал масканларидан бири бўлган Фарғона водийсига элтувчи катта йўлнинг икки томонида ястаниб ётган поёнсиз қир-адирларнинг гўзаллиги, олтин кўзнинг шаффоф иқлимига қараб тўймайсан. Хорижлик меҳмонлар бундай манзараларни ҳавас билан кузатиб боришаркан, уларнинг айримлари ўз ҳаяжонини яширолмади.

Анжуман иштирокчилари ана шундай хуш кайфиятда Оҳангарон ҳудудида жойлашган, керамик ғишт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Building Innovation” МЧЖ корхонасига ташриф буюришди. Меҳнат жараёни, жамоанинг ютуқлари билан танишишди. Бу ерга киритилган сармояларнинг сезиларли натижалари уларни манмнун этди.

Кейинги манзиллар бойитилган омухта ем (премикс) ишлаб чиқарувчи “Agro Sammix” МЧЖ ва саноат, қурилиш ташкилотлари учун пластик қувурлар, фитинглар ишлаб чиқарувчи “Ideal Plast Manufactory” корхоналари бўлди. Ҳар иккала корхонада тайёрланаётган сифатли маҳсулотлар, ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизга йирик сармоялар киритиб, ўзаро ҳамкорликлар натижасида ана шундай самарали ютуқларга эришиш мумкинлигига амин бўлдилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда хорижлик сармоядорларга яратилган шарт-шароитлар, турли хил йўналишдаги бизнес лойиҳаларини ривожлантириш йўлида юксак имкониятлар мавжудлиги халқаро форум иштирокчиларини бениҳоя мамнун этди.

Меҳмонлар бу ердан Ангрен шаҳри томон йўл олишди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида Қамчиқ довонига элтувчи йўлда жойлашган Оҳангарон ва Ангрен шаҳарларининг бугунги гўзал қиёфасидан меҳмонлар ва мезбонларда катта хушнудлик кайфиятини сездик. Чунки бундан бор-йўғи беш-олти йил олдинги ачинарли манзаралар ўрнида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари яққол кўзга ташланиб турибди. Янги қурилган замонавий тураржой бинолари, ўзига хос архитектура услубида қад ростлаган бежирим овқатланиш шохобчалари, дўконлар, маданий-маиший иншоотлар бунга мисол бўла олади.

Форум иштирокчилари Ангрен шаҳридаги керамагранит плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “LYUX GRANIT” корхонасида бўлишди.

Меҳмонлар юртимиздаги бетакрор тарихий обидалар ва халқимизнинг бой маданий мероси билан ҳам танишдилар. Шу тариқа халқаро анжуман қатнашчиларининг форум дастури доирасидаги ташрифлари ниҳоясига етди.

Шодиёр Мутаҳаров,
(Халқ сўзи).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019