Интернет тезлиги бўйича дунё мамлакатлари рейтингида Ўзбекистон сўнгги ўринлардан бирида

10:48 31 Июль 2018 Жамият
808 0
Иллюстратив фото

Британиянинг Cable портали кенг полосали интернет тезлиги бўйича дунё мамлакатлари рейтингини тузиб чиқди.

Унда Cable мутахассислари 12 ой давомида 200та мамлакат бўйича тўплаган маълумотлари жой олган. Бунда, мамлакатда мавжуд бўлган интернетнинг ўртача тезлигида HD сифатли ва 5Гб ўлчамга эга видеони юклаб олишга қанча вақт сарфланиши ҳисоблаб кўрилган.

Рўйхатда биринчи ўринни Сингапур эгаллади. Бу мамлакатда интернет тезлиги секундига 60 мегабитни ташкил қилган. 5 Гб ўлчамга эга файлни юклаб олиш учун Сингапурда 11 дақиқа вақт талаб қилинган.

Рейтингда иккинчи ва учинчи ўринни Швеция ва Дания эгаллади. Бу мамлакатларда интернет тезлиги мос равишда 46 ва 43 Мб/с.ни ташкил қилади.

Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткични Латвия қайд этган — 28 Мб/с. Болтиқбўйи давлати мазкур дунё рейтингида 13-ўринда кўрсатиб ўтилган.

Рейтингда Ўзбекистон 184-поғонадан жой олган. Унда мамлакатимиздаги интернет тезлиги ўртача 1,02 Мб/с.ни ташкил этиши қайд қилинган. Мисол тариқасида, HD сифатдаги ва 5Гб ўлчамга эга видеони юклаб олиш учун Ўзбекистонда 11 соатдан ортиқ вақт сарфланиши кўрсатиб ўтилган.

Таққослайдиган бўлсак, рейтингда Россия 47-ўринни (13 Мб/с) банд этган бўлса, Қозоғистон 95-ўринни (4,4 Мб/с), Қирғизистон 163-ўринни (1,52 Мб/с) эгаллаб туришибди. Фақатгина Тожикистон (188-ўринда, 0,94 Мб/с) ва Туркманистон (198-ўринда, 0,56 Мб/с) Ўзбекистондан пастроқ ўринларда жойлашган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар