Инсонпарварлик — халқимизнинг азалий фазилати

14:38 12 Май 2018 Жамият
1473 0

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу тамойилга асосланади. Бу хайрли юмушга юртимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти ўз фаолиятида инсонпарварлик тамойилларига таянади. Қизил хоч ва Қизил Яримой халқаро ҳаракатининг ажралмас қисми бўлган ушбу ташкилот ўз жамғармасига тушаётган хайрия маблағларини ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, ёлғиз қарияларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга йўналтириб келмоқда. Жамият ходимлари, кўнгиллилари ҳамда меҳр-шафқат ҳамширалари томонидан ўзгалар ғамхўрлиги ва кўмагига муҳтож кишилар тиббий-психологик қўллаб-қувватланаяпти. “Мурувват” ҳамда Меҳрибонлик уйларига моддий ёрдам берилмоқда.

Жамиятнинг таълим ва маърифий йўналишда олиб бораётган ишларини ҳам қайд этиш жоиз. Ташкилот томонидан юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ОИВ/ОИТС ҳамда юқумли касалликлар профилактикаси ва уларнинг тарқалишига қарши курашиш, кўнгилли донорликни тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилаяпти.

Аҳолининг биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмасига эга бўлиши Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Жароҳатланиш ҳамда шикастланишга олиб келувчи турли экстремал вазиятларда кишиларнинг бошқаларга ёрдам кўрсата олиши жуда муҳим. Зеро, аксарият ҳолларда, биринчи тиббий ёрдам жабрланган шахснинг ҳаётини сақлаб қолади.

Қизил хоч ва Қизил Яримой халқаро ҳаракати томонидан ишлаб чиқилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг турли фавқулодда вазиятларда қўлланилувчи услублари халқаро норма ҳамда қоидаларга мос бўлиб, улардан жаҳон амалиётида кенг фойдаланилади. Жамиятнинг биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича таълим олинганлигини тасдиқловчи сертификатлари ўзига хос статусга эга ва амалда дунёнинг барча давлатида тан олинади. Ўтган йили ташкилотимиз томонидан 30 мингдан зиёд фуқароларга ана шундай ҳужжатлар берилди.

Жамият томонидан таълим муассасалари базасида тузилган мингдан ортиқ санитар постлари, саноат ҳамда халқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги корхоналарда ташкил этилган етти юздан зиёд санитар дружиналарига мазкур йўналишда услубий кўмак ҳам кўрсатилмоқда. Жамият томонидан ўқитилган барча тузилмалар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил қилинувчи қўмондонлик-штаб, махсус-тактик қўшма машқларида фаол иштирок этаяптилар.

Жамиятнинг ёш авлодни меҳр-шафқат, эзгулик ва ижтимоий масъуллик руҳида тарбиялашга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда ташкилотимиз ходимлари ҳамда кўнгиллилари қийин вазиятга тушиб қолган, турли фавқулодда вазиятларда жабрланган, оғир хасталикка дуч келганларга амалий ёрдам бериб, уларнинг дуосини олмоқда. Зеро, турмушнинг у ёки бу чорраҳасида айрим сабабларга кўра қийналиб қолган инсонни суяш, унга мурувват кўрсатиш, кўнгли ярим, ёши улуғ кишиларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-рўзғор юмушларига кўмаклашиш халқимизнинг азалий фазилатларидандир.

Ҳамид КАРИМОВ,
Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти раиси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019