Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир

16:26 24 Июль 2018 Жамият
427 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Инсон ҳаётда ҳамиша бахтли яшасам, дейди. Турмушининг фаровон бўлишини, орзу-ниятларининг ушалишини истайди, ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилади. Зотан, унинг бунга тўла ҳаққи бор. Умр одамга бир марта берилади.

Ўз уй-жойига эга бўлиш — ҳар бир инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилиши, тўкин яшаши, эзгу истакларини рўёбга чиқаришида муҳим омиллардан бири. Бошимизни пана қиладиган, турли хавф-хатарлардан холи, хотиржам яшашга имкон берадиган уйимиз бўлса, кўнглимиз тўқ бўлади, келажакка ишонч билан қараймиз, катта мақсадларни дилга тугиб, бунёдкорликка, яратувчанликка интилиб яшаймиз.

Бироқ сайёрамиз аҳолиси мунтазам ўсиб, ҳар қарич ернинг аҳамияти тобора ошиб бораётган бугунги замонда одамларнинг бир мўъжаз бошпана соҳибига айланиши, тўғриси, осон эмас. Бунинг учун аҳоли даромадларини ошириш, кишиларни уй-жой билан таъминлашга доир истиқболли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, кўчмас мулкларни сотиб олиш учун турли қулайлик ва имтиёзлар яратиш лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда бу борадаги барча масалалар қамраб олинган яхлит тизимга асос солингани ва унинг халқимиз турмуш тарзи, орзу-истакларига ҳамоҳанг эканини нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон аҳли кўриб-билиб турибди, натижаларини юксак эътироф этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги, 22 ноябрдаги “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ушбу тизимнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатларга кўра, юртимизнинг барча ҳудудида аҳолининг реал эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, арзон уй-жойлар қурилмоқда. Қишлоқларда бунёд этилаётган хўжалик иншоотлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда зарурий иморатлари билан бирга майдони икки сотихлик ер участкаларида бир қаватли 2 ва 3 хонали, тўрт сотих ер участкаларида икки қаватли 4 хонали ҳовлилар, шунингдек, шаҳарларда 5, 7, 9 қаватли кўп квартирали уйлар юртдошларимизнинг харид қобилияти, миллий менталитети ва яшаш шароитларига мос. Ўтган йилнинг ўзида қишлоқларда 15 мингта, шаҳарларда 7919 хонадонни ўз ичига олган кўп қаватли 191 ана шундай уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилгани уларнинг халқимизга нақадар маъқул келаётганини кўрсатади.

Жорий йилда қишлоқларда 25 мингдан ортиқ, шаҳарларда эса қарийб 17 минг хонадонни қамраган 411 кўп квартирали ана шундай арзон уй-жойлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Уларда қурилиш ишларининг бориши, сифатли материаллардан фойдаланилиши, замонавий меъморлик меъёрларига амал қилиниши тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда. Ахир кўркам лойиҳа асосида барпо этилган, пойдевори мустаҳкам, пишиқ ғиштдан кўтарилган, томи металл ёки керамик томёпқич билан ёпилган уй нафақат шинам бўлади, балки бир неча авлодга хизмат қилади.

Президентимиз ташаббуси асосида олиб борилаётган бу борадаги ишларнинг яна бир аҳамиятли томони бу уй-жойларнинг муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари билан биргаликда бунёд этилаётганидир. Янги массивларда қурилаётган автомобиль йўллари, сув, газ ва электр тармоқлари, қад ростлаётган мактаблар, болалар боғчалари, қишлоқ врачлик пунктлари, савдо шохобчалари, спорт иншоотлари аҳолининг қулай шарт-шароитларда яшаши учун комплекс тизимни ҳосил қилмоқда.

Қозонни сувдан олинг
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шу йилнинг январь — июнь ойлари давомида мамлакатимизда 21 588,8 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 109,7 фоизни ташкил этган. Бунёд қилинган жами иншоотларнинг асосий қисми, яъни 78,2 фоизи яшаш учун мўлжалланган тураржой биноларидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози туфайли кўплаб давлатларнинг бели букилиб, қатор ижтимоий дастурлардан воз кечишга мажбур бўлаётган, айниқса, уй-жой қурилиши кескин қисқараётган бир пайтда Президентимиз томонидан Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайтирилаётгани замирида мамлакат тараққиёти ва ҳаёт фаровонлигини оширишга қаратилган яна кўплаб эзгу муддаолар ётибди.

Жумладан, бу борадаги ишлар аҳолининг ўткир ижтимоий муаммоларини ҳал этиб қолмай, минглаб янги иш ўринлари яратилишига, қурилиш материаллари, конструкциялар, ёғоч пол, дераза панжаралари, томёпқич ва бошқа материаллар

ишлаб чиқарадиган ўнлаб корхоналар, ихтисослаштирилган пудратчи қурилиш ташкилотларининг ривожланишига, шаҳару қишлоқларнинг янгича тароватга, кўркам қиёфага эга бўлишига хизмат қиляпти.

Энг муҳими, бундай қурилиш, ободончилик ишлари, аввало, кўнгилларни обод этяпти. Ахир уй-жой солиб, таъмирлаб, унга кўчиб киргунгача бўлган машаққатлардан қутилган одамларнинг, қишлоғининг шаҳар тусини олаётганидан маҳалладошларнинг баҳридили очилмаслиги мумкинми?!

Қарши туманидаги “Нукробод” қишлоқ фуқаролар йиғинининг Яккаёғоч массивида яшовчи Алишер Аҳмедов янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойлардан бирининг соҳиби бўлганидан нақадар мамнун эканини таъкидлайди.

— Уй қуриш хамирдан қил суғургандек битадиган иш эмас, — дейди у. — Аввало, ер участкаси ажратиш, кейин эса қурилишга рухсат олиш учун, тўғрисини айтиш керак, баъзан ҳафталаб, ойлаб турли идоралар эшигида “сарғайиш”га тўғри келади. Шундан сўнг қурувчи ва усталар топиш, уларга иш ҳақи, муносиб шароит ҳозирлаш, нон-чой бериш... Бу ёқда эса гоҳ цемент, гоҳ қум, гоҳ ёғоч-тахта, ғишт ва шифер, гоҳ эшик-дераза, бўёқ ва пардозлаш материалларидан тортиб, арзимасдай туюладиган оддий мих етишмовчилиги, бу ашёларни қидириб топиш ва қурилиш жойигача ташиб келтириш харажатлари... Бундай оворагарчиликлар унча-мунча одамнинг тинкасини қуритади. Биз каби Давлат бюджети маблағлари асосида молиялаштириладиган ташкилот ойлик маоши ҳисобига кун кечирадиган оилаларни-ку, айтмай қўяқолай. Бир уй қуриб, уни таъмирлаб, намунали яшаш шароитига эга бўлгунимизча ҳатто бутун умр қозонни сувга ташлаб қўйишимизга тўғри келган бўларди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган тизим эса минглаб одамларнинг бу борадаги машаққатларини аритди, ишлаган, яхши ниятларни кўзлаб озгина ҳаракат қилган оила учун уй-жой харид қилиш имкониятини яратди. Жараёнда харидор ўз уйининг қурилишида фақат маблағ билан иштирок этади. Масалан, қишлоқ жойлардаги 2, 3 хонали арзон уй-жойлар нархининг атиги 10 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлагач, у ташкилотдан бу ташкилотга чопмайди, уни излаб, буни излаб сарсон ҳам бўлмайди — қурилиш жараёнини назорат қилиб боради, холос.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 июлдаги қарори билан 2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларининг амалга оширилиш механизмлари янада такомиллаштирилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, талабгорга “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ипотека банк” АТИБ, Халқ банки АТБ, “Асака” АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ уч йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки беш йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молия-лаштириш ставкаси миқдорида ипотека

кредитлари ажратилади. Тўловларнинг бирданига эмас, балки 20 йил давомида аста-секин тўланиши юртдошларимизга, айниқса, катта имтиёз ва енгилликлар беради. Қисқа қилиб айтганда, бундай уй-жойлардан бирининг эгасига айлангач, унда ҳар қандай оила қозонни сувдан олиб, бемалол, бамайлихотир яшаши мумкин.

Уйи борнинг ўйи йўқ
Жаҳон амалиётида аҳоли учун тураржой биноларини, асосан, хусусий қурилиш ташкилотлари барпо этади, хусусий банклар молиялаштиради. Табиийки, бу объектларнинг нархини мазкур муассасаларнинг ўзлари белгилайди. Марҳамат этиб, улар айтган суммани тўлаб қўйганингиздан ёки кредитга олаётган бўлсангиз, шунга доир шартномага имзо чекканингиздан сўнггина уй-жойга эгалик қилишингиз мумкин.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Бозор иқтисодиёти қонунлари ва ҳуқуқий демократик тамойилларга асосланган бу жараён мамлакатимизда ҳам мавжуд. Аммо қани энди ҳамманинг ҳам уйларни бозор шартлари ва нархларида сотиб олишга қурби етса. Афсуски, беш қўл баробар эмас. Кимдир топармон-тутармон, кимдир эса бунинг акси. Хўш, нима қилмоқ лозим? Каталакдек ҳовлида 10 — 15 жон биргаликда умргузаронлик қилаётганлар, неча йилларки, ижарама-ижара юриб, сарсон бўлаётганлар ҳаёт завқини сурмай яшаб ўтиб кетавериши керакми?

Президентимиз 2017 йил 3 февраль куни Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар билан танишаркан, ечими долзарб бу саволларга алоҳида тўхталиб, шундай жавоб берди: “Асосий мақсадимиз одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш. Шунинг учун мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади”. Ўша йилнинг 24 февралида давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига сафари чоғида ҳам Қарши туманидаги ана шундай бунёдкорлик ишларини кўздан кечирар экан, мазкур масалани яна бир бор ўртага ташлаб, “Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган. Бунинг чуқур маъноси бор. Шундай экан, бундай уй-жойлар тақсимотида халқимизга хос ҳақиқат ва адолат мезонларига қатъий риоя этилиши керак”, деб таъкидлади.

Демак, арзон уй-жойлар, аввало, муҳтож оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида қурилмоқда. Афсуски, Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб моҳиятини тўла тушуниб етмаган, халқ манфаатларидан кўра ўз жиғилдонини кўпроқ ўйлаган баъзи мансабдорлар томонидан бу борадаги тартиб ва мезонларнинг бузилиши ҳолатлари ҳам кузатилди. Яъни бу ишга масъул фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) раҳбарлари ҳақиқий уйга муҳтож бўлганларга эмас, ўзига тўқ, уй-жойи етарли кишиларга ҳам тавсиянома берган.

Шу боис, 2018 йил 9 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ариза берувчи — уй қурувчининг 2017 —2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, маҳалла фуқаролар йиғинларининг бу соҳадаги фаолияти тўхтатилиб, фуқароларга арзон уй-жойлардан бирини олиш бўйича тегишли тавсиянома ва хулоса туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус комиссия томонидан тақдим этиладиган бўлди.

Низомга кўра, бошқа оила билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи, кўп болали оилалар, фарзандларини бир ўзи тарбиялаётган оналар ёки оталар, даромади юқори бўлмаган хонадон соҳиблари (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган), таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ҳисобланади.

Махсус комиссия талабгорлар ҳужжатларини атрофлича ўрганмоқда. Натижада кимларга биринчи навбатда уй берилади, деган масалага одилона жавоб топиляпти. Жумладан, талабгорлардан бири ижарада яшайди, иккинчиси боқувчисини йўқотган, учинчиси эса ҳам ижарада истиқомат қилади, ҳам боқувчисини йўқотган, ҳам оила аъзоларидан бири ногиронлиги бор шахс ёки дардман ва алоҳида хонада парваришга муҳтож. Бундай ҳолатда, албатта, учинчи даъвогарнинг талаби қондирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, арзон уй-жойлар тақсимотида адолат томойилларининг устуворлигига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги мамлакатимизда демократик давлат, инсонпарвар жамият қуришда катта қадамлар ташланаётгани ифодасидир. Зотан, адолат бор жойда инсон манфаатлари устун, ижтимоий-маънавий муҳит соғлом, тинчлик-ҳамжиҳатлик барқарор бўлади. Тараққиёт олға илдамлайди.

Ҳаётдан розилик ва мамнунлик саодати
Президентимиз шу йилнинг 29 июнь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманига ташрифи чоғида Кар-соқовлар маданият марказида бўлиб, имконияти чекланган ёшлар билан суҳбатлашгани ҳамда шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров, ёш режиссёр Олег Ошипковга Тошкент шаҳридан уй совға қилгани оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда, давраларда қизғин муҳокама қилинди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Уларда “Инсонпарварликнинг олий намунаси бу!”, “Баъзан эътибордан четда қоладиган инсонларга умр бўйи эслаб юриладиган катта совға бўлди”, “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай”, деб ёзган бобомиз Алишер Навоий. Юртбошимиз Каъбани обод айлаганлик савобига эга бўлдилар”, деган самимий ва ҳаққоний фикрлар янгради...

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган жисмоний имконияти чекланганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганларга ҳеч қандай тўловларсиз ёки имтиёзли шартлар асосида тураржойлар ажратилаётгани Президентимиз томонидан аҳолини уй билан таъминлашга қаратилган эзгу ишларда яна бир ўзига хос жиҳатдир. Бу шу юртда яшаётган инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром, саховат, меҳр-муҳаббат намунаси ҳам. Бундай ғамхўрлик кўнгил кемтиклигини тўлдиради, руҳга қувват беради, ҳаётни қадрлашга ундайди.

Зеро, умр — буюк неъмат. Модомики, у ўткинчи экан, рўшноликда яшашни кейинга суриб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак”.

Юртбошимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам мана шу эзгу фикрнинг ҳаётий рўёбида муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга имтиёзли арзон уй-жойлар берилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволда бўлган хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муборак Асророванинг қайд этишича, шу йилнинг ўтган даври мобайнида оғир турмуш шароитида яшаётган мингдан ортиқ аёллар бошланғич бадал тўловларисиз уй-жой билан таъминланган. Яна 5300 дан ортиғига имтиёзли шартларда уй олиш учун тавсияномалар берилган.

Бундай юксак ҳиммат ва ғамхўрлик тақдирнинг оғриқли зарбаларидан хира тортган юзларга нур бағишлади, аламли кўз ёшларини қувонч инжуларига айлантирди.

Нуроталик Зуҳра Эгамова — ана шундай қисматни бошдан кечирган ҳамюртларимиздан бири. Имтиёзли шартларда уй-жой ажратилгани унинг умр дафтарида том маънода янги саҳифа очди. У мамнуният ҳисларини ўз мактубида қуйидагича ифодалайди:

“Инсон дунёга келиб, бир олам орзулар билан улғаяди. Айниқса, қиз боланинг орзу осмонлари кенг. Бинобарин, мен ҳам бўй етиб, дилда покиза ниятлар билан оила қурдим. Афсуски, тақдир ҳар доим ҳам истакларимизга хайрихоҳ бўлавермас экан. Йигирма йил аввал илакишган дард, охир-оқибат ўзгалар кўмагига мубтало этди. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Қизим тетапоя бўлган, ўғлим қўлимда эди. Оиламиз бузилиб, ота уйимга қайтдим.

1997 йилдан бошлаб ота-онам, укамнинг оиласи — уч рўзғор бир ҳовлида истиқомат қилдик. Минг шукр, укам ҳам, келиним ҳам бу ҳовлида омонат эканимизни бирор марта юзимизга солган эмас. Бироқ умрим ўтиб бораётгани, фарзандларим улғайиб қолганини эсласам, юрагим ортга тортиб кетарди. Уйли-жойли оилалар, айниқса, тенгқурларимни кўриб, ҳавас қилардим. Нафақам дори-дармон, болаларимнинг еб-ичиши ва кийим-кечагидан ортмагач, тўғриси, бу дунёда ўз уй-жойимга эга бўлиш насиб этмаган экан, деган хулосага келган эдим.

Ҳовли сатҳи икки сотихлик, уч хонали уйнинг калитини тутқазишганда зимистондан бирдан ёруғликка чиққандек бўлдим. Қувончдан кўзларимга ёш келди. Юртбошимизнинг ғамхўрлигини қарангки, уйнинг бошланғич бадалини тўлаш билан бирга, қолган қисмини ёпишда қийналмаслигимизни ўйлаб, тикув машинаси ҳам совға қилибди.

Президентимизнинг туҳфаси ҳаётимда янги саҳифа очиб берди, деб ҳисоблайман. Насиб этса, энди шу ҳовлида қиз чиқариб, ўғил уйлантираман, тўйлар қиламан. Набира суйиб, меҳмон чақираман. Ҳа, орзуларим яна бир олам. Давлатимиз раҳбари менга уй билан бирга армонга айланаёзган орзу-ҳавасларимни ҳам қайтариб берди. Яшашга иштиёқимни кучайтирди”.

...Гулистонлик Ирода Нишонбоева келин бўлиб “олтин остона”га эмас, ижара хонадонга қадам босди. Шундай бўлса-да, у ўзини бахтли ҳис этди. Нега десангиз, ўн саккизга тўлганида бошига тушган кўргулик — пахта тозалаш заводида ишлаб чиқариш жароҳати олиб, бир оёғидан ажраган бўлса-да, энди унинг ёнида тўрт мучаси соғлом йигит, уни севиб-ардоқловчи, ҳаёт йўлидаги таянчи Ёрбек бор эди. Айтишларича, уларнинг турмуш қуришларига иккалаларининг ҳам ота-оналари қарши туришган. Лекин Ёрбек қатъий фикридан қайтмаган: “Агар бу қиз ўзи каби ногирон инсон билан оила қурса, баттар қийинчиликка дуч келмайдими?” Бу гапларга мана оз эмас, саккиз йил ўтди. Ҳозир қўлтиқтаёқда юрадиган Иродага одамлар ачиниш билан эмас, аксинча ҳавас билан қарайди. Бинобарин, бу ёш оиланинг энди ўз уйи, рўзғорни бут қилиш учун машғулоти, икки нафар жажжи қизи бор.

— Рости, янги уйнинг калитини қўлимга олганимда хаёлимдан “Тушимми ё ўнгимми?” деган фикр ўтди, — дейди Ирода. — Чунки далаларда, ижара хонадонларда яшаб юрганимизда тушимга ўз уйимизга эга бўлганимиз ҳам кириб турарди-да. Қарангки, Президентимизнинг биз, ногиронлиги бор шахсларга кўрсатаётган юксак эътибори ана шу тушларимизни қисқа муддатда ўнгга айлантирди. Ўтган йили менга тикув машинаси топширишди, буюртмани ҳам, унга пул тўлайдиган ташкилотни ҳам аниқ белгилаб беришди. “Ҳам ишли, ҳам имтиёзли равишда уйли бўласиз”, дейишди. Ўзим болалигимдан тикувчилик билан шуғулланиб келаман. Ана шу кўникмам фаолиятимда жуда асқатди. Айтилганидек, тез орада ваъда қилинган уйга ҳам эга бўлдик. Яқинда рўзғордан орттирган маблағимизга яна битта замонавий тикув дастгоҳи сотиб олдик. Шунингдек, қуён боқишни йўлга қўйдик, яна парранда учун жой ҳозирлаяпмиз. Кўчиб кирганимизга кўп бўлмаган бўлса-да, янги уйнинг остонаси гулзорга айланган. Ҳовлида мевали дарахтлар, сабзавот экинлари барқ уриб ўсмоқда. Худди қалбларимиздаги эзгу орзулар каби. Тобора юксалаётган мақсадлар сингари!

Дарҳақиқат, уй-жой шунчаки бошпана эмас, у инсоннинг кўнглидаги маънавий қўрғони ҳамдир. Ушбу қўрғони бут инсонларнинг оиласи мустаҳкам бўлади, ишига барака инади. Улар ўзларини шу жамиятнинг бир аъзоси сифатида ҳис қилиб, яшаётган жойида чуқур илдиз отишга, қўни-қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга, ҳаётда ўз ўрнини топишга интиладилар. Саодатли яшамоқнинг моҳияти ҳам шу аслида. Президентимиз аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришга ҳаракат қилаётгани, соҳа мутасаддиларини ҳам бу ишга катта масъулият ва куйинчаклик билан ёндашишга ундаётгани замирида ҳар бир юртдошимизни ана шундай бахтли-саодатли кўриш, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган эзгу даъватни қалбларга теран сингдириш, ҳаёт тарзимизга айлантиришдек улуғ мақсадлар мужассамдир.
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар