Инсонларга руҳий мадад бўлган сатрлар

12:33 09 Май 2018 Жамият
427 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли миллат вакилларидан 14 нафар ота-онасиз қолган болани ўз тарбиясига олган Шомаҳмудовларга ўрнатилган ҳайкалнинг ўз ўрнига қайтарилиши тарихий адолатнинг қайта тикланишидир. Бу халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Ўзбек миллатининг бағрикенглик, инсонпарварлик, болажонлик хислатларининг ёрқин ифодасини ўзида мужассам этган ушбу ёдгорликнинг тарихий, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий қиммати беқиёс.

Зеро, оғир дамларда оддий темирчи оиласининг кўрсатган жасорати миллионлаб кишиларни эзгу ишларга ундаган, қалбларда меҳр-оқибат чироқларини ёққан. Кўплаб шоиру ёзувчиларга илҳом берган. 

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таъкидлаб ўтилганидек, “Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди”. Ўша кезлари ўзбек оналари кўпдан-кўп турли миллат ўғил-қизларини ўз қанотлари остига олиб, уларни ҳам фарзандлари қатори ювиб-тарадилар, тарбияладилар. Ана шундай болалардан ўн тўрт нафарини ўз қарамоғига олган Шомаҳмудовлар оиласининг довруғи эса бутун мамлакатга ёйилди.
Академик-шоир ўафур ўулом ҳар сафар Тошкент вокзалига чиқиб эвакуация қилинаётган болаларни халқ билан бирга кутиб олганини, бу воқеалардан жуда таъсирланганини ва ушбу ҳаяжонларнинг натижаси ўлароқ “Сен етим эмассан” шеъри яратилганини унинг рафиқаси Муҳаррам ая ўуломова ҳикоя қилиб берганлар:

“1941 йилнинг куз ойларида фронт ичкарисидан кексалар, ота-онасиз қолган болалар Тошкентга вагон-вагон келтирила бошланди. Болалар келадиган кунлари ўафур ака, албатта, вокзалга чиқардилар. У ерда етим, мурғак, нимжон болаларнинг аҳволини кўриб, қаттиқ изтиробга тушар, юраклари эзилиб кетганидан бир неча болани ўз тарбияларига ҳам олмоқчи бўлганлар. 1941 йилнинг июль ойида Яшар исмли 5 ёшли ўғлимиз вафот этган эди. ўафур акага ўғилдек бўлиб қолган ўн етти ёшли Жўрахон исмли укам урушга кетиб, ҳалок бўлганди. Иккита ўғилларидан кетма-кет ажралиш уларга қаттиқ таъсир қилганди. Ўзлари ота-онадан ёш етим қолганлари, учта синглисини ота ўрнида ота бўлиб тарбия қилишда моддий-маънавий эзилганлари сабабли етимликнинг оғир фожиаси ўафур ўуломнинг юрагида ўчмас из қолдирганди. Етим болаларнинг аянчли аҳволи кўнгилларини пора-пора қилиб юборар, айниқса, вокзалдан қайтганларидан сўнг осойишталигини йўқотиб, безовта бўлиб юрардилар. 

Биз ўша вақтларда пойтахтимизнинг Қорасарой кўчасидаги 52-уйда яшардик. Бир куни қарасам, кутубхона-уйнинг чироғи ёқилган, ўафур ака шеър ёзмоқдалар. Секингина салом бериб, ичкарига кирдим. У киши шунчалик ҳаяжонланиб кетганларидан ҳатто эшик очилганини ҳам, салом берганимни ҳам сезмадилар. Астагина тепаларига яқинлашдим. Қўлларида шеър битилган қоғоз билан менга қарадилар. Шеърни аста ўқий бошладим, лекин шеърни охиригача ўқий олмай, йиғлаб юбордим. Чунки битилган сатрлар кишини йиғлатмасдан қўймасди. “Сен етим эмассан” шеъри шу тариқа ёзила бошлаган эди. Шеърни 7 декабрда ёзиб тугатганлар, бироқ уни нашрга беришга шошилмадилар. Негадир кўнгиллари тўлмаётган эди. Шеърни бир неча марта қайта ишладилар. Январь ойининг охирларида газета таҳририятига олиб бордилар. Шеър 1942 йилнинг 1 февралида “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилиб чиқди”.

Кўп ўтмай ушбу шеър Светлана Сомова таржимасида рус тилида нашр қилинди. Ўзбек халқининг бағрикенглигию инсонпарварлиги, болажонлигию меҳрибонлигини ўзида акс эттирган мазкур шеър тез орада жанггоҳларда қўлма-қўл бўлиб тарқалиб кетди. “Ўзбек халқи фарзандларимизга меҳрибонлик кўрсатиб, ўз бағрига олаётган экан”, деган юпанч душманга қарши жангга кираётган инсонларга руҳий куч, мадад бўлди. 

Лутфулла ИЛҲОМЖОНОВ,
Ғафур Ғулом уй-музейи
илмий ходими.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар