Инсонийлик шартлари. Алишер Навоий бу ҳақда нима дейди?

14:13 17 Сентябр 2018 Маданият
1308 0
Иллюстратив фото

Бобокалонимиз Алишер Навоий ўзининг бутун ҳаётини инсон бахту саодати, жамият фаровонлиги ва юрт осойишталиги учун бахшида этди.

У қўлига қалам олар экан, инсонийлик шарафи ҳамда масъулияти ҳақида сўз юритди. Навоийнинг фикрича, барқарор давлат ва намунали жамиятни қуришда мукаммал ахлоқ, илм эгаси бўлган ёшларнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун у ўз замонасининг илмга, ҳунарга интилувчан ёшларини ниҳоятда ардоқлар эди.

Шоир “Ҳайрат ул-аброр”да Бадиуззамон Мирзога, “Фарҳод ва Ширин” достонида Шоҳ Ғариб Мирзога, “Лайли ва Мажнун” достонида Султон Масъуд Мирзога насиҳатлар қилади. Яъни, “Хамса”да ана шу шаҳзодаларнинг бадиий тимсолларини яратди. Фарҳод, Фаррух, Ахий, Қайс, ёш Искандар образлари Навоий меҳр қўйган темурий шаҳзодаларнинг бадиий тасвирлари эди. “Муншаот” асарида Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро валиаҳд шаҳзода Бадиуззамон Мирзога давлат ишларини юритиш соҳасидаги маслаҳат ва насиҳатлари акс этган мактублар жойлаштирилган.

Навоий тасвиридаги Ширин ҳам ҳар жиҳатдан гўзал инсон. Унинг маънавий дунёси ва уни ўраб турган муҳит Фарҳодга мос, гўзал ва юксак даражада. Шоир бу икки бадиий тимсол мисолида ҳам ўз даври учун, ҳам ўзидан кейинги барча даврлар учун ибрат бўла оладиган комил инсонлар тасвирини яратди. Алломанинг фикрича, бу инсонларни илм камолот даражасига етказган. Фарҳоднинг ёшлиги ҳақида сўзлар экан, шоир унинг илмга бўлган иштиёқини олқишлаб:
Ўқуб ўтмас, уқиб ўтмак шиори,
Қолиб ёдида сафҳа-сафҳа бори,

дейди.

У “Ҳайрат ул-аброр”да “илм” сўзидаги ҳарфларни қуёш, ой, кундуз, дея шарҳлайди. Шоирнинг назарида илмнинг бор-йўғи ёруғликдан иборат. Илм жаҳолат тунини ёритади.

Инсонийликнинг шартларидан бири илм бўлса, бири ишққа садоқат дейилади:
Ёрки бор, анда вафо бордир,
Умр дегин, ёри вафодордир.

Шоир бу тушунчани жуда кенг ифодалайди. Унинг наздида ишқ инсонларга, касб-корга, ота-онага, дўстга нисбатан бўлиши мумкин. Аммо, унинг асли, моҳияти поклик бўлмоғи лозим:
Ошиқ ани билки, эрур дарнок,
Ҳам тили, ҳам кўзи-ю ҳам кўнгли пок.

Қисқаси, шоир асарлари ҳар жиҳатдан ғоялар хазинасидир. Унда комил инсон сиймоси зукко ўқувчи кўз ўнгида гавдаланиб туради.
Дилором САЛОҲИЙ,
Самарқанд давлат университети профессори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019