Инсонга таъзим қил, Мўйноқ!

05:15 28 Февраль 2019 Жамият
458 0

Иллюстратив фото

Гавжум соҳил. Севикли ёрини кутгани ёки кузатгани чиққан келинчаклар нигоҳи оқ елканли кемаларга қадалган. Қўлларини ҳавода тинимсиз силкитаётган жувонларнинг ҳайқириғу чақириқлари денгизнинг беҳаловат тўлқинлари саси билан уйғунлашиб кетмоқда.

Бундай манзараларни кинофильмларда кўп кўрганмиз. Орол соҳиллари илгари шундай сершовқин эди. Бир пайтлар бу ердан момолар ўғилларини урушга кузатган, оналар кемалар ортидан минора мачтаси уфққа туташиб, кўринмай кетгунича кўзёш билан термилиб қолган… Бу соҳиллардан балиқ овига чиққан эр йигитлар билан хайр-хўшлашган опа-сингилларимизнинг оппоқ рўмоллари яқин-яқинларгача оқ байроқ каби ҳилпираб турарди.

Оролқумдан кўтарилаётган офат

“Мақсадимиз — коммунизм қуриш, кейин, албатта, бахтли бўламиз” деган мазмундаги иншолар ёзганимиз эсимда. Аслида эса, “коммунизмда туз, керосин, гугурт, кирсовун текин бўлармиш” дейишдан бошқасини билмасдик. Оролбўйида ҳам балиқчидан тортиб чорвадору деҳқонгача шу тушунча билан улғайди, яшади.

Бироқ дарёлар тортилиб, денгиз чекинаётгани ўтган асрнинг 70-йилларида маълум бўла бошлади. Ўшанда ҳам бундан фақат тор доирадаги мутасаддию мутахассислар хабардор эди. Саксонинчи йилларга келиб эса буни оммадан сир тутишнинг имкони қолмади. Сабаби денгиз соҳилидан жуда жадаллик билан 15 — 20 километргача ортга чекинганди. Унинг ўрнида пайдо бўлган саҳрони эса 1987 йилдан “Оролқум” дея атай бошладик.

Бугун-чи? Улкан денгиз аввалги қирғоғидан 100 километр нарида! Тубида ҳосил бўлган Оролқум майдони эса 5,5 миллион гектардан иборат! Масалан, 1964 йили Оролдаги сув ҳажми 1083 км. кубдан ошган бўлса, ҳозирги кунга келиб, обиҳаёт миқдори 15 баробар, денгиз сатҳи эса 29 метр қисқарган. Айни дамда мазкур денгизнинг бир литр суви таркибида 150 — 300 граммгача туз мавжуд. Таққослаш учун мисол: океандаги шўр сувда бу кўрсаткич 18 — 24 граммни ташкил этади, холос.

Шу туфайли ҳам бу ерда илгари мавжуд бўлган 38 турдаги балиқлар қирилиб кетди.

Энди фожианинг кўлами ва оқибатларини теранроқ англаб етиш учун қуйидаги маълумотларга мурожаат қилишнинг ўзи кифоя.

Ҳар йили бу ердан шамол юз миллион тоннагача қум ва тузни кўтариб, юзлаб километрга учиради. Бу — табиий чанг эмас, балки ўтган аср асоратлари, Ўрта Осиёдаги пахта яккаҳокимлигига асосланган деҳқончиликнинг табиатни, ерни зўрлаш сиёсати оқибатида дарёлар, захкашлар билан оқиб келган гербицид, пестицид сингари заҳар-заққум моддалар билан қоришган тўзон. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Қорақалпоғистон минтақасининг ҳар гектарига қарийб 5 тоннагача шундай қум ва туз ёғиларкан. Хўш, энди Оролбўйи аҳли “зонтик” тутиб деҳқончилик қиладими? Олинаётган нафас-чи? У қанчадан-қанча инсонларни оғир хасталикларга гирифтор қилаётганидан кўз юмиб бўларканми?!

Ўтган йилнинг 27 май санасини ёдга олайлик. Ўша кунги чанг-тўзон инсоннинг табиат олдида ожизлигини яна бир бор исботлади. Оролқумдан кўтарилган тузли бўрон нафақат Қорақалпоғистон минтақаси ва Хоразм воҳаси, балки Бухоро, Навоий вилоятларидан ўтиб, Самарқандга, ҳатто қўшни Туркманистоннинг Дашовуз, Лебаб, Қозоғистоннинг Қизилўрда, Туркистон ҳудудларигача бориб етди. Бундан кўринадики, Орол фожиаси оқибатлари чегара ҳамда макон билмайди ва энг ёмони, у бутун Ўрта Осиё минтақаси тақдирига жиддий хавф солиб турибди.

Шу сабабли Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол денгизи қуриши билан боғлиқ офатнинг ҳақиқий қиёфасини бутун дунёга ошкор этди. Айниқса, фожиа харитасини кўрсатиб, жаҳон ҳамжамиятига “Мана, кўринг ва хулоса қилинг” деган гаплари юракларни ларзага солди. 2018 йил 24 август куни Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлисида ҳам Юртбошимиз ушбу глобал муаммога куйинчаклик билан ёндашиб, фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатни бирлаштириш таклифини билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил этиш борасидаги ташаббусни илгари сургани ва бу БМТ томонидан қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Амалий саъй-ҳаракатлар эса ўтган йил ниҳоясида Президентнинг Мўйноққа ташрифидан сўнг жадал бошланиб кетди.

Булутлардан нажот борми?

Янги тонг отди. Эрталаб ижтимоий тармоқларда “Оролнинг аввалги қаддини 7 йилда тиклаш мумкин”, деган мазмундаги хабарни ўқиб, кўзларимга ишонмадим. Қаранг, шундай умидбахш лойиҳа юртдошимиз Олимжон Юсупов томонидан таклиф этилиб, Инновацион ривожланиш вазирлигида кўриб чиқилибди.

Олимжоннинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов билан суҳбатини ҳам диққат билан эшитдим. Унда айтилишича, Ўзбекистонда Орол денгизини тиклаш учун сунъий булут ҳосил қилиб, ёмғир ёғдириш технологияси ишлаб чиқилибди. Ушбу тизим булутларни генерация қилиш ва кимёвий моддаларсиз сунъий ёмғир ёғдириш имконини бераркан. Мутахассислар ҳисоб-китобларига қараганда, шу йўл билан денгизни қайта тиклаш учун 5 — 7 йил керак бўлар экан.

Марра эса юксак — ўтган асрнинг 60-йилларидаги сув миқдорини қайтариш, Оролбўйидаги мувозанатни тиклаш. Энг муҳими, ушбу технология хорижий муқобилларидан бир неча баробар арзонга тушар экан.

Олимжон Юсуповнинг қайд этишича, техник нуқтаи назардан барчаси тайёр. 2019 йил апрелдан тажрибавий тизим ишга туширилади ва Мўйноқ яқинида жойлаштирилади. Синов режими кутилган натижани берса, сўнг уни бошқа ҳудудларда татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилади.

Денгиз чекинса ҳам, инсон чекинмайди

19 январь. Ярим оқшом майдалаб ёға бошлаган қор йириклашиб, чор-атрофни покликка буркади. Эринмай ташқарига чиқиб, қалинлигини ўлчадим: 15 — 20 сантиметрга етибди. Демак, бу йил саҳро гуллайди, чорва йили бўлади…

— Тўхта, — дедим ўзимга ўзим, — бир томонинг оқмаётган дарё, нариги томонинг қақраган Орол, яна ёққан қорга қувонишга бало борми?! “Денгизнинг қуриган тубига саксовул экамиз, Оролқумни ўрмонзорга айлантирамиз”, дея 2 минг нафардан зиёд кишилар 500 дан ортиқ техникалари билан ҳаракатга киришганда, сен қор ёққанига маҳлиё бўлиб ўтирибсан! Нукусга ёққан қор Оролқумга ёғмайдими? Бечора йигитларнинг шалаббоси чиққандир?

Оролқум осмонида анчадан буён қарғалару чағалайлардан бўлак ҳеч нарса учмаганди. Янги йил тонги отиши билан “Ан-2” самолётлари ҳавога кўтарилиб, бу майдонга тепадан саксовул уруғларини сепди. Бир пайтлар куну тун ишлаган, бироқ чорак асрдан буён ҳувиллаб ётган Мўйноқ аэропортига самолёт қўнди.

Далилларга назар ташлаймиз: мустақиллик йилларида Оролбўйидаги саксовулзорлар 400 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Бироқ барча кўчатлар ҳам тутиб кетгани йўқ. Эндиликда эса Президентимиз топшириғи билан 500 минг гектар ерга кўчат экиляпти. Ўнлаб ҳайдов ва чопиқ тракторлари ёрдамида тортилаётган ариқларга 50 сантиметр чуқурликда саксовул қадалмоқда. Бундан кутилаётган натижаларни тасаввур қилишнинг ўзи мароқли. Ахир бир-икки йилдан сўнг Оролқум ўрнида миллионлаб туп дарахтлар бўй чўзса, қум бўронларини тўсиб қолишга қодир “яшил қалқон”лар пайдо бўлса, қанчадан-қанча муаммоларнинг олди олинади-да!

Энг муҳими, Президентимиз ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, хайрли ишга бош қўшаётганлар ҳам кўп. Қаранг, берунийлик саховатпеша фермер Оролга ёрдам тариқасида саксовул экаётган йигитларга 3 тонна гўшт етказиб берибди. Қўнғирот, Чимбой, Хўжайли ҳокимликлари ҳам моддий ёрдам қўлини чўзибди. “Мўйноқ — 2019” хайрия жамғармаси ташкил этилганини ҳам миллионлаб юртдошларимиз зўр мамнуният билан қарши олди. Жамғарма ҳисоб рақамига мамлакатимиз аҳолиси томонидан миллиардлаб пул маблағлари туширилгани бунинг яққол тасдиғидир. Шу маънода, Оролқумни ҳақиқий чўл ўрмонига айлантириш тадбири бутун Ўзбекистонни ҳаракатга келтирган улуғ иш бўлди, десак, янглишмаймиз.

Бугина эмас. Денгизни асраш бўйича тавсия қилинаётган юзлаб лойиҳалардан бир қанчаси аллақачон амалиётга ҳам татбиқ этилмоқда. Ҳавзанинг чекинган майдонларига чорвабоп экинлар уруғини сепиш, балиқчиликни урчитиш мақсадида майда кўллар барпо қилиш, ҳудудда урбанизация сиёсатини амалга ошириш кабилар шулар жумласидан.

Қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги Орол бўйича билдирилаётган таклифлар орасида Оразбай Собировнинг сунъий тоғ яратиб, шамолларни тўсиш орқали маҳаллий микроиқлим яратиш таклифи ҳам қанчалик мураккаб иш бўлмасин, ўйлаб кўришга арзийди.

Шу ўринда ўзим ҳам бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Тахиатош сув омборидан шимолий ҳудудларни обиҳаёт билан таъминловчи 4 та канал бошланади. Бироқ ҳавза ишга туширилганидан буён қарийб 45 йил ўтган бўлса-да, у ҳали бирон марта таъмирланмаган. Аксинча Амударё оқими орқали келган лойқа билан саёзланиб, ҳажми кичрайиб қолган. Агар қиш мавсумида бу ерга сув тўпланиб, йилнинг қолган 9 ойида тўртта каналнинг табиий оқими таъминланса, шимолий туманларга ичимлик, деҳқончилик ва чорва эҳтиёжлари учун етиб ортадиган сув етказиш мумкин, деб ўйлайман. Реконструкция лойиҳаси, ҳисоб-китоблар шу соҳанинг мутахассисларига ҳавола. Ана шу бунёдкорлик янги иш ўринларини яратиб, сўнгра ҳавзада балиқчиликни ривожлантириш ва шимолий ҳудудни мўътадил оқимдаги сув билан таъминлаш имконини берарди.

Олис тумандаги янги тамаддун

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 15 ноябрида Мўйноқ туманига ташрифи чоғида айни дилимиздаги гапни айтди: “Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”.

Туман истиқболига оид режалар билан танишар эканмиз, Мўйноққа денгиздан бурун янги тамаддун кириб келишига ишончимиз янада ортди. Оролқумда “Мўйноқ сити” қурилади, дастлабки 38 та кўп қаватли тураржойнинг лойиҳаси ҳам тайёр, дейишди. Ана, урбанизация тўғрисидаги қарор қудрати!

Бундан ташқари, саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжалигида 5 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 14 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бинобарин, туманда 10 та хусусий мактабгача таълим муассасаси, “Янги Мўйноқ” шаҳарчасида дастурлашни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган инновацион мактаб, болалар мусиқа ва санъат мактаби, ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилади. Стадион ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси реконструкция қилинади.

Туман марказидан ажратилган 10 гектар майдон ўрнида маданий дам олиш маскани, 2 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, Ёшлар марказлари бинолари қад ростлайди.

Бундан ташқари, туризм ҳам равнақ топиб, туман марказида “Ҳунармандлар аллеяси” ҳамда “Балиқчилар қишлоғи”ни ташкил этиш, туман аэропортини реконструкция қилиш белгиланган. Нукус — Мўйноқ — Орол денгизи маршрути бўйича самолёт ва вертолётлар қатнови йўлга қўйилади. Эски кемалар йиғилган жойни Кемалар музейи замонавий мажмуасига айлантириш ва мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 800 миллион сўм йўналтирилади.

Орол денгизи қирғоғидаги лойдан оҳак, қумдан ойна, чиғаноқлардан совун ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаси ҳам бор экан. Дарё суви келадиган жойларда қизилмия, денгизнинг шўр сувидан артемия олиш, ош тузи, томат пастасини тайёрлаш цехлари очилади.

Аллақачон бошлаб юборилган амалий саъй-ҳаракатлар кўлами ҳам кенг. Чунончи, Мўйноқда “Мустақилликнинг 27 йиллиги” шаҳарчаси, “Мўйноқ аква саноат” ДУКнинг балиқни қайта ишлаш консерва заводи, “Fumei Grоup” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг қамишдан ДСП ишлаб чиқариш заводига тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишларига киришилган.

Аслида, одамлар қалбига йўл топиш осон эмас. Кўнгил дегани баъзан меҳр-ла узатилган бир пиёла чой билан тўлса, гоҳида бир дарё сувга ҳам тўлмаслиги мумкин. Денгиз кўрган ҳар бир қорақалпоқнинг кўнглида эса ўз Ороли бор, у доимо бир пайтлар тўлиб-тошган ҳавзасини қўмсаб туради…

Шу маънода, Мўйноқ элида умид, келажакка ишонч уйғотган бугунги ислоҳотлар ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Инсониятнинг табиатга аёвсиз аралашуви оқибатида “жабрланган” минтақа яна инсон ақл-идроки, кучи, меҳнати билан ўз қаддини тиклай бошлаяпти. Бу Оролбўйига қўйилган қутлуғ қадамлар барокати эмасми?!

Ўрозбой Абдураҳмонов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019