Инсон вужудидаги турли маъданлар етишмаслигини бир тола соч орқали ҳам аниқлаш мумкин

14:55 13 Август 2018 Жамият
291 0
Иллюстратив фото

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташрифи чоғида қилган нутқида мамлакатимизнинг қисқа вақтда юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиши учун олимлар олдига қўйилаётган талаблар ҳақида алоҳида айтиб ўтди. Мазкур маърузани соҳа вакиллари қатори мен ҳам диққат билан тингладим. Унда илм-фанда халқимиз манфаатига хизмат қиладиган ўз йўлимизни топишимиз, иқтисодиётни ривожлантириш учун фанни тараққий эттириш лозимлиги, шунингдек, илм аҳлига давлат миқёсидаги эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш масалалари ҳақида қимматли фикрлар, долзарб ташаббуслар билдирилди.

Президент томонидан кўрсатиб берилган аниқ ечимлар ҳамда олимлар олдига қўйилаётган талаблар мени тўлқинлантириб юборди. Дарҳақиқат, жамият тараққиётининг асоси бўлган илм-фан ва янгиликлар соҳаси анча вақтдан буён назардан қолиб келаётган, бир қанча янгиликлар ҳаётга бевосита татбиқ қилинмай қўйган эди. Юртбошимиз ўз нутқида сўнгги вақтларда мазкур жабҳага доир қабул қилинган Фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Асосий вазифалардан бири, олимлар яратган ишланмаларга маҳсулот сифатида қараладиган, унинг харидори олдиндан аниқ бўладиган тизим яратиш зарурлиги таъкидланди. Ёш авлоднинг миллий ва жаҳон илм-фан ютуқларини ўрганиш ҳамда ўзлаштиришга интилишини рағбатлантириш, ўқувчиларнинг фундаментал фан асосларини пухта эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилаётгани, мактаб ёшидан бўлғуси олимларни тайёрлаш, уларнинг инновацион ва новаторлик қобилиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этиб ўтилди.

Ҳозирги кунда республикамизда бир томондан, ўзининг мукаммал, асос солувчи ишлари билан хорижда ҳам танилган олимлар, иккинчи томондан чуқур ўйланган илмий ғояни жаҳон андозалари даражасида юзага чиқаришга имкон бера оладиган фундаментал ва инновацион асослар мавжудлиги ҳисобга олинадиган бўлса, салоҳиятимиз доирасида кўпгина имкониятлар бор. Чунончи, тиббиёт соҳасидаги олимлар республика Фанлар академиясига қарашли илмий муассасалар билан мустаҳкам ҳамкорликда янги технологияларни жорий қилиш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама мукаммал кузатиб боришга имкон берадиган замонавий электрон асбобларни ишлаб чиқариш, касалликлар ташхисларини яхшилаш учун ахборот олишнинг янги усулларини излаб топиш борасидаги ишларни муштарак режалар асосида бажариб, такомилга етказиш вазифаси турибди.

Айтиш мумкинки, мазкур янгиланишлар биргина тиббиётнинг ўзидаёқ оғиримизни енгил қила оладиган ўнлаб ечимларга йўл очади. Президент эътибор қаратган Ядро физикаси институтининг такомиллаштирилган фаолияти турли соҳалар қатори, тиббиётга ҳам бир қатор самарали натижалар олиб келади. Мисол учун, инсон вужудидаги турли маъданларнинг етишмаслигини, янада аниқроқ қилиб айтсак, 20 турдаги моддалар миқдорини бир тола соч орқали ҳам аниқлаш мумкин - бу нейтрон фаоллаштириш усули деб аталади. Биргина мана шу инновацион ечимнинг татбиқ қилиниши аёллар ҳомиладорлик даврида кальций, селен, йод ва бошқа микроэлементлар миқдор ўзгаришларини барвақт аниқлаш, таркибида санаб ўтилган микроэлементларга бой бўлган озиқ-овқатлар истеъмол қилинишини тавсия этиш натижасида туғилажак чақалоқларда учраб турадиган чаноқ-сон етишмовчилигининг (ҳар хил турдаги оқсоқланишларнинг) олдини олади.

Яна бир мисол: олима аёлларимиздан бири Нозима Хўжаева яқинда хавфли ўсмаларни ўзида нейтрон сақлаб турувчи моддалар (хусусан “Магневист”) орқали самарали даволаш усулларини ишлаб чиққан. Диссертация ҳимоясида мен ушбу илмий ишга расмий тақризчи сифатида юқори баҳо бериш билан бирга, бу ноёб усулнинг амалиётга татбиқ қилиниши айнан Ядро физикаси институтининг Президент тилга олган фаолиятлари туфайлигина амалга ошишига ишонч билдирганман.

Тиббиёт фани ва амалиётида ультратовуш ташхиси 57 йилдан буён қўлланилиб келинмоқда. Бир олим сифатида ушбу йўналиш истиқболлари ҳақида ўз фикрларимни баён этмоқчиман. XXI аср бошларида юртимиз тиббиётига хос ва мос бўлган ультратовуш аппаратларини ишлаб чиқариш ғоясини Фанлар академиясига таклиф этганимда Электроника институти ва бошқа ташкилотларда бундай моддий-техник имкониятлар йўқлиги сабабли у таклифлар амалга ошмай қолган эди. Ҳозирги кунда салоҳиятли инновацион технологиялар имкониятларини ўзида қамраб олган тиббий ультратовуш аппаратларига эҳтиёж катта эканлигини эътиборга олсак, ушбу йўналишдаги тиббий ускуналарни юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни долзарб вазифа, деб ҳисоблайман.

Мени чин дилдан руҳлантирган жараён ҳам шу – илмнинг турли соҳаларига давлат томонидан қаратилаётган эътибордир. Чунки замонавий оламда илм-фан ютуқларисиз ривожланиш имконсиз, давлатимиз раҳбари чорлови моҳиятида тараққиёт учун ақлий маҳсулотлар, илмий ихтиролар энг муҳим омил эканлигини қайта-қайта таъкидланиши бежиз эмас.

Бинобарин, ушбу янгиланишлар тез орада ўз мевасини беради албатта. Юртимиздаги бундай кенг кўламли жараёнлар турли илмий йўналишларнинг муштарак фаолият кўрсатишига, халқ фаровонлиги, мамлакат ободлиги учун хизмат қилишига ишончим комил.

Акрам ФОЗИЛОВ, тиббиёт фанлари доктори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар