Инсон руҳидаги муаммо қандай ечилади?

09:35 20 Сентябр 2020 Жамият
660 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган маълумотларга кўра, ҳозирда ўртача ҳар тўрт инсондан биттасида руҳий муаммолар кузатилмоқда.

Нью-Йоркдаги One World Counselling психологик ёрдам маркази мутахассиси Гулшода Остер фикрига кўра, яқин орада руҳий муаммолар ҳозирда энг кўп тарқалган, дея ҳисобланадиган юрак хасталикларидан сўнг иккинчи ўринга чиқиши башорат қилинмоқда. Ҳар қандай давлатда психиатрия ёрдамини ташкил этиш давлатнинг ўзига хос бўлган тарихий, маданий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа омиллари асосида шаклланади.

Лекин бир қатор давлатларда бундай касалликларга чалинган инсонларнинг ҳақ -ҳуқуқлари қонуний ҳимояга олинмаган.

Президентимизнинг тегишли қарорида Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш ва киритишда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланишини ҳамда руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини оширишни назарда тутиши кераклиги белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан киритилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси бошчилигида ишчи гуруҳ томонидан синчиклаб ўрганилди.

Қонунга ўзгартиришлар киритишдан кўзда тутилган мақсад руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш ҳисобланади. Лойиҳада руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва психиатрия ёрдами билан таъминлаш, психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар ва муассасалар белгилаб берилди.

Аввал миллий қонунчиликда бўлмаган «психиатрия ёрдами», «психиатрия муассасаси», «руҳий ҳолат бузилиши» каби тушунчаларга аниқ таърифлар берилди.

Қонун лойиҳасида алоҳида модда билан республикамизда руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли диспансер кузатувига олинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат маълумотларнинг ягона электрон реестри юритилиши киритилган. Бу эса соҳадаги ишларнинг ҳолати тўғрисида асосли ва тезкор ахборот олиш, даволаш профилактика ишларини тўғри ташкил этиш, қонун билан кафолатланган ҳуқуқлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланиш имкониятини яратади.

Ҳужжатда руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситишга йўл қўймаслик, шу билан бирга, жамиятни руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ўз аксини топган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва ҳар қандай ҳолатда қонун устуворлигини таъминлашни кўзда тутади. Руҳий касалликка чалинган беморларнинг бошқа шахслардан фарқи баъзи ҳолларда уларни муомалага лаёқатсиз, деб топилишидир. Амалдаги қонунда бу жараён тўлиқ ёритилмагани учун лойиҳада бу ҳолатга ҳам аниқлик киритилмоқда.

Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимояси, тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, психиатрия ёрдами турлари, психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тартиби қайд этилган. Қонунга киритилаётган янгиликлардан бири руҳий ҳолат бузилиши қайд этилган шахсларни тиббий ижтимоий муассасаларга жойлаштириш тартибига аниқликлар киритилганлиги бўлиб, унинг асосида амалда учраётган бюрократик оворагарчиликларнинг олди олинади.

Хулоса қилиб айтганда, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар жамиятда фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини қонуний кафолатланиши, руҳий бузилиш қайд этилган беморларнинг даволаниши, ижтимоий ҳаётга қайта адаптация қилиниши, манфаатларини ҳимоя қилиниши учун мустаҳкам асос бўлади.

Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?