Инсон қадри — улуғ. У эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак

11:13 29 Июнь 2018 Жамият
316 0

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш ислоҳотларимиз ичида энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки биз халқимиз олдида уларнинг муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёти сифатини яхшилашга бурчлимиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Инсон дунёда умид билан яшайди. “Орзуларимга етай, шинам уй-жойим бўлса, ён-атрофимда қулай шароит, бекаму кўст муҳит ҳукм сурса, жамиятга, раиятга, давлатга, оиламга, ота-онамга, дўсту ёрларга, маҳалла-кўйга, қишлоғимга, юртимга фойдам тегса, муроду мақсадим ушалса”, дейди.

Кексалар “Одам боласи ҳаётдан рози бўлса, тоғни толқон қилади” дейишади.

Ким буни тушунар, ким буни англамас. Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди.

Бу — улуғвор мақсад, эзгу амал, абадиятга дахлдор фикрат.

Зеро, бугун одамларни рози қилиш — келажагимизни гўзал, бетакрор,улкан салоҳият ва қудрат касб этишини таъминлайди. Бу — инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Чунончи, бахтли одамларгина дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир. Мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда жўшқин ҳамда жадал ислоҳотлар даврига кирди. Шу ислоҳотларнинг энг устуворларидан, муҳимларидан бири “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларидир.

Мазкур дастурлар, авваламбор, халқимиз руҳиятини кўтаришга, унинг ички имкониятларини кўпайтиришга, шахс сифатидаги камолотини юксалтиришга, унинг қадр-қимматини, ҳурматини жойига қўйишга қаратилгани билан долзарб ва аҳамиятлидир. Бироқ...

Бу эзгу, хайрли, юртимиз истиқболи учун ўта муҳим дастурлар ижросида яхшисини ошириб, ёмонини яшириб, лоқайдлик, бепарволик, хаспўслашга берилиш иллатлари кўзга ташланяптики, бунга асло чидаб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, аҳоли яшаш жойларини обод масканга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишларни чуқур таҳлил қилар экан, жумладан, шундай деди: “Жойлардаги ҳақиқий аҳволни биз халқимиздан яширмаймиз ва борини қандай бўлса, шундай кўрсатиб борамиз. Албатта, бу кўпчиликка ёқмаяпти, кўп раҳбарлар буни ҳазм қила олмаяпти. Лекин биз бу борадаги барча ҳолатни ва бошлаган ишларимизни халқимиз билан бамаслаҳат ва жамоатчилик назорати остида амалга оширамиз”.

Бажарилган ишлардан бажарилмагани кўпроқ...
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилда Самарқанд вилояти туманларидаги 28 қишлоқ, Самарқанд ҳамда Каттақўрғон шаҳарларидаги 4 маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд туманидаги Меҳробод ва Илонсой қишлоқлари ҳам жорий йил дастурига киритилиб, ушбу аҳоли пунктларида якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш, электр, ичимлик суви тармоқларини тортиш ҳамда қайта тиклаш, канализация қудуғи ва йўлларни таъмирлаш, бозор ҳамда бошқа инфратузилма объектларини қуриш белгиланган.

Жумладан, туманнинг энг чекка ҳудуди — Меҳробод қишлоғида 2200 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Одамлар, асосан, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Қишлоққа яқин паррандачилик корхоналарида меҳнат қиладиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Умуман, қишлоқда яшовчи ҳар бир киши ҳалол меҳнат қилиб, яхши турмуш кечиришни истайди ва шунга интилади.

Аммо ҳудуддаги 410 та оиланинг 32 таси яшайдиган тўрт қаватли уйда замон талабига мос шароит яратиб олиш учун аҳолининг ўз имконияти етмайди. Ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бу уйда канализация тармоғи мавжуд эмас. Ўз-ўзидан аёнки, ҳожатхона ҳам йўқ. Ҳатто ичимлик сувини ҳам аҳоли уй ёнидаги крандан ташиб келади. Уйнинг томидан чакка ўтади. Бинонинг ташқи қисми, йўлаклар, хонадонлар таъмирталаб.

“Жойлардаги ҳақиқий аҳволни биз халқимиздан яширмаймиз ва борини қандай бўлса, шундай кўрсатиб борамиз. Албатта, бу кўпчиликка ёқмаяпти, кўп раҳбарлар буни ҳазм қила олмаяпти. Лекин биз бу борадаги барча ҳолатни ва бошлаган ишларимизни халқимиз билан бамаслаҳат ва жамоатчилик назорати остида амалга оширамиз”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

— Шу сабабдан ҳам ушбу қишлоқни дастур асосида обод қилиш режалаштирилди, — дейди Самарқанд тумани ҳокими ўринбосари Қурбон Қурбонов. — Биринчи навбатда, уйнинг том қисми тўлиқ таъмирланди. Ертўла тозаланиб, тартибга келтирилди. Ҳар бир кириш йўлагига темир эшик қўйилди. Бинонинг ташқи кўриниши тўлиқ яхшиланди. Айни пайтда қишлоқдаги аҳоли хонадонлари, йўллар, коммуникация тармоқлариниянгилашга киришилди.

Дастурга кўра, йил якунига қадар Меҳрободга 2,2 километр сув тармоғи тортилиб, бошқа хонадонлар қаторида юқоридаги кўп қаватли уй ҳам ичимлик суви билан таъминланади. Ҳозирги кунгача битта сув тармоғи қурилган бўлса, яна бир сув иншоотини қуриш ишлари олиб борилмоқда. 2,5 километр электр тармоғи янгиланган. Қишлоқ ҳудудидаги 0,3 километр йўлга асфальт ётқизиш, 2,1 километр йўлга қум-шағал аралашмаси тўшаш ишлари бажарилган. 60 дан ортиқ хонадонларга газ баллонлари ҳамда кўмир тарқатилмоқда. Шунингдек, қишлоқда канализация тармоғи тортиш кўзда тутилган. Ҳудуддаги 200 дан ортиқ хонадонларни ҳам таъмирлаш белгиланиб, ҳозирги пайтда туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан ишлар бошланган.

Бундан ташқари, қишлоқдаги умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаси ҳамда қишлоқ врачлик пункти биноларини реконструкция қилиш ва улар учун ичимлик суви иншооти қуриш белгиланган. Аммо тўлиқ молиялаштирилмагани туфайли белгиланган ишларнинг ярми ҳам амалга оширилмаган. Чунки бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, айни вақтда юқоридаги объектлар учун сарфланадиган харажатларнинг атиги 15 фоизи молиялаштирилган, холос. Бажарилган қурилиш-монтаж ишлари эса, бор-йўғи, 10 фоизни ташкил этади.

Энг ажабланарлиси, дастур асосида обод этилиши керак бўлган Меҳрободнинг замонавий лойиҳаси тегишли лойиҳа институти томонидан ҳалигача тайёрлаб берилмаган. Ахир лойиҳасиз қандай қилиб қишлоқни обод этиш мумкин?

Мутасаддилар негадир шошилмаяпти
Тўрақўрғон туманидаги Гулистон маҳалласида 500 дан зиёд хонадонлар мавжуд. Уларда икки ярим минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳли узоқ йиллардан буён ичимлик суви муаммосидан азият чекиб келади. Чорасизлик қурсин, қишлоқнинг юқори қисмидан оқиб ўтадиган Катта Наманган каналининг суви яроқсиз бўлса-да, аҳоли уни истеъмол этишга мажбур бўлмоқда.

Кейинги пайтда ҳолат бир оз юмшагандек бўлди, яъни алоҳида транспорт ажратилиб, маҳаллага тоза ичимлик сувини ташиб келтириш йўлга қўйилди. Лекин бу билан муаммо ечимини топдими?

Гулистонликлар ўз ҳудудларининг “Обод қишлоқ” дастурига киритилганлигини эшитиб, бошлари осмонга етганди. Кўп ўтмай, май ойининг биринчи ярмида дастур ижросига киришилди ҳам. Бу ёғи қизиқ. Мутасаддилар қуруқ маслаҳатлашувлар ва қуруқ ваъдалар билан ўралашиб қолдилар. Узоққа бормасдан, сув муаммосини олайлик. Йил охирига қадар амалга ошириладиган ишлар режасига кўра, ичимлик суви тармоғи иккинчи чоракда қуриб битказилиши шарт эди. Яхши-ку, дерсиз, йўқ, аксинча, ёмон. Ҳали лойиҳа ижрочилар қўлига теккани йўқ. Уни тайёрлашга масъул бўлган “Қишлоққурилишлойиҳа” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари чизмаларни “лағмон”дек чўзишгани чўзишган.

Қишлоқдаги 15-умумтаълим мактаби биноси таъмири ҳам қўл учида, хўжакўрсинга олиб борилаётгандек туюлади, қарасангиз. Бу ерда уч-тўрт нафар энергетик трансформатор қурилмасини номига кўздан кечириб, қисмларини ёқиб-ёқмай, созлаш билан банд. Иситиш тизими қозонхонасида ҳам икки-уч киши уймалашиб юрибди, холос. Қурувчилар қани? Овоз кўтариб чақиринг, тополмайсиз. Асосий ишни бажариши лозим бўлган қурувчилар кўринмайди.

— 4 та синфхона, бино ичидаги йўлак тўла таъмирланиши, янги ҳожатхона ва қоровулхона қурилиши керак эди, — дейди мактаб директори Ижобат Ҳақназарова. — Қурувчилар дастлаб ҳаракатни шитоб билан бошлашди. Кейин эса тақа-тақ тўхтатиб қўйишди. Сабаби, муассасамиздаги қурилиш-таъмирлаш юмушлари учун ажратилиши лозим бўлган 555 миллион сўмдан ҳалигача дарак йўқ. Бу масалада ҳали банкка, ҳали бошқа идораларга чопяпмиз. Натижа “ноль”. Дарвоқе, дастлабки лойиҳада янги спорт залини қуриш ҳам мўлжалланган эди. Кейин унга ўзгартириш киритилди. Билсак, бу ўзгартириш эмас, қисқартириш бўлиб чиқди. Қайсидир раҳбарнинг кўрсатмаси билан спорт зали қурилишини ўчириб ташлашибди.

Директорнинг ёзғирганича бор, иккинчи қават чала-ярим сувоқдан чиқарилганича қолган. Қурувчилардан дом-дарак йўқ.

— Иш ҳақи чўнтакда бўлмагач, қурувчиларимизнинг шашти сўнди, — дейди пудратчи ташкилот — “Тўрақўрғонободқурилишинвест” масъулияти чекланган жамиятининг ушбу иншоотдаги иш юритувчиси Илҳом Бойбобоев. — Мана, қирқ кунки, ҳисоб рақамимизга пул тушмаяпти. Вазифалар кўламидан келиб чиқиб, иккита бригадани бунёдкорлик ишларига жалб қилгандик...

Дарвоқе, манзилли рўйхатда мактаб таъмири учун тўлов туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ошириб бажарилган қисми ва ички имкониятлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Унда муаммо қаердан келиб чиқяпти, ҳайрон қоласан киши.

Гулистон маҳалласида ҳам бошқа ҳудудлардаги сингари маҳалла гузари, сартарошхона ҳамда гўзаллик салонини ўз ичига олган маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ҳаммом қуриш, гулзор ва хиёбонлар барпо этиш, кўча чироқлари ўрнатиш ҳамда бошқа юмушлар кўзда тутилган. Аммо уларни рўёбга чиқариш эса ҳамон пайсалга солинмоқда, ишлар бажарилиш ўрнига қоғозда қолиб кетяпти.

Бу билан дастур ижроси тамоман ўлда-жўлда, деган фикрдан йироқмиз. Одамлар ҳовли-жойларини тартибга келтиришяпти. Қишлоқ врачлик пункти таъмирдан чиқарилиб, шароитлар яхшиланди. 29-мактабгача таълим муассасаси таъмири тезкорлик билан олиб борилмоқда. 1,8 километр узунликдаги ички йўлларга шағал ётқизилгани ҳам бор гап. Маҳалла тадбиркорлари иш ўринлари яратиш, бизнесни ривожлантириш бўйича лойиҳа ва амалий ишлари билан фаоллик кўрсатишяпти.

Шу ўринда айтиш керак, маҳалладаги ишлар билан танишиш чоғида бу ерда кўпчиликнинг бошини бириктирадиган фуқаролар йиғини раиси вазифаси бўш турганлиги эътиборимизни тортди. Собиқ оқсоқол Адҳамжон Шерматов апрель ойи бошида ишдан бўшатилган экан. Ўрнига келган Нурмуҳаммад Давлатов саноқли кунгина фаолият юритибди, холос. Бугун ҳудудда кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари давом этаётган, унга жамоатчиликни ҳам фаол жалб қилиш зарурати туғилган паллада ишбошининг ўзи йўқ. Ҳаракатларни сустлаштираётган сабабларнинг бир учи шунга ҳам бориб тақалмасмикин?

Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ
Фарғона вилоятининг 15 туманидаги 30 маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дастур доирасида 163,3 миллиард сўм ўзлаштирилиши ҳисобига 10 минг 768 уй-жойни таъмирлаш, 78 километр ичимлик суви ва 99,3 километр электр тармоғи тортиш, 934 тозалаш иншооти қазиш, 123,6 километр хўжаликлараро ҳамда ички йўлларни, мавжуд трансформаторларни таъмирлаш, 98 ижтимоий, 268 бозор инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш каби ишлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Олтиариқ туманида бу борада улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди, бошқа жойларда ҳам муайян ишлар давом этмоқда.

Хусусан, Тошлоқ туманидаги “Заркент” ва “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар асосида тегишли ишлар бажариляпти. Шу кунга қадар 170 кўча чироқлари ўрнатилди, 15 трансформатор таъмирдан чиқарилди, бир қатор кўчаларга асфальт ётқизилди. Шунингдек, кўчалардаги пана-пастқам, кўримсиз уй-жойлар бузилиб, янгиланмоқда, замонавий маиший хизмат шохобчалари қад ростлаётир.

Шу билан бирга, “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар мазкур ҳудудларда сусткашлик билан амалга оширилмоқда. Аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган масалаларга ҳануз аниқ ечим топилмаган. Чунончи, “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ойбек кўчасидаги ҳолат мутасаддиларни умуман қизиқтирмайди. Кўча асфальти таъмирга муҳтож, ичимлик суви йўқ.

Шу кўчада яшовчи Қимматхон Fофурованинг айтишича, хонадонига суюлтирилган газ баллонини олишда қийналмоқда. 13-мактабгача таълим муассасаси ҳам хароба аҳволга келиб қолган. Энг ёмони, ҳудуддаги овқатланиш шохобчалари санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Хусусий тадбиркор Шаҳобиддин Жалоловга қарашли овқатланиш шохобчасидан чиқаётган оқова сув шундоқ ариққа оқизиб қўйилган. Атрофга таралаётган бадбўй ҳид аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Заркент алоқа бўлимининг ҳудуди ҳам ачинарли аҳволда.

Мазкур кўчада анчадан буён ҳеч қандай ободонлаштириш ишлари олиб борилмагани шундоқ кўриниб турибди. Хонадонлар олди ҳамда ариқ бўйларини ўт босган, қаровсиз.

“Заркент” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маъмиржон Тўхтаназаровнинг айтишича, бу ерда 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар фақат катта йўл бўйида амалга оширилмоқда, холос. Маҳалланинг ички кўчаларига кирсангиз, ҳеч кутилмаган нохуш манзараларга гувоҳ бўлишингиз аниқ.

Шунингдек, “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ишлар тизимли йўлга қўйилмаган. 11-умумтаълим мактаби таъмирлашга киритилган бўлиб, “Қувасойтехмонтаж” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари суст бажарилмоқда. Катта йўл бўйидаги фуқаро Ш. Эминовга қарашли ҳудуд эса буткул қаровсиз ҳолга келиб қолган. Нима, мутасаддилар бу аҳволдан бехабарми? Ёки ҳали-ҳамон “бизга шу ҳам бўлаверади” қабилида иш тутишяптимикан?

Заркент бир пайтлар теварак-атрофдаги энг обод қишлоқ сифатида тилга олинар эди. Ҳозир эса...

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга жорий этилаётган “Обод қишлоқ” дастури ўзлари яшаётган ҳудудда амалга оширилишини эшитган аҳоли беҳад хурсанд бўлган эди. Лекин, афсуски, аҳвол ҳали-ҳамон ўзгармаган.

Ёмони қолиб, яхшисидан бошлашди
“Обод қишлоқ” дастури ижросига Андижон вилоятининг айрим туманларида мутасаддилар панжа орасидан қарашмоқда. Жумладан, вилоятнинг ўзида 22 та маҳалла бош режаси ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бу эса, бошланган хайрли ишлар баъзи қуйи тизимдаги масъуллар томонидан амалда кенг татбиқ этилмаётганининг исботидир.

Вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида Булоқбоши туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинига бордик.

— Қишлоғимиз “Обод қишлоқ” дастурига киритилганида, жуда қувонгандик, — дейди Раҳимахон Исроилова. — Боиси, Манас қишлоғидаги ўзгаришларни телевизор орқали кўриб, ҳавасимиз келганди. “Қани эди, маҳалламиз ҳам шундай кўркам, чиройли, обод бўлса, кўчаларимиз равон тортиб, биз ҳам фаровон турмуш кечирсак”, дея орзу қилгандик. Лекин қишлоғимиздаги бугунги вазиятни кўриб, тарвузимиз қўлтиғимиздан тушди.

Дарҳақиқат, маҳаллани айланар эканмиз, таъмирталаб йўллардан кўнглимиз зада бўлди. Ички йўлларни-ку, асти қўяверасиз...

— Маҳалламизда 3 та кўча бор, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Раҳмонов. — “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш доирасида 5200 метр масофага сув қувури тортилди. Тез кунларда тоза ичимлик суви масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. 400 метр масофага электр тармоғи олиб келинди. Ҳудудимизда 2 та ҳаммом, 5 та хусусий савдо дўкони, 3 та чойхона, битта ўқув муассасаси, битта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, туман марказий касалхонаси мавжуд. Дастур ижросини таъминлаш юзасидан бошланган хайрли ишлар давом этмоқда.

Надоматларки, маҳалланинг ҳар бир кўчасига кириб, маҳалла раиси мақтаниб айтган ишларга гувоҳ бўлмадик. Ваҳолонки, 400 метр масофага электр тармоғи тортиш, 120 та эски симёғочни янгисига алмаштириш, 16,4 километр масофадаги кўчага шағал ётқизиш лозим. 140 та кам таъминланган оиланинг ҳовли-жойларини ҳомийлик ёрдами асосида таъмирлаб бериш ишлари режалаштирилган эди. Бу борада шу пайтга қадар ҳеч қандай амалий ишлар бажарилмади. Тўғри, 10 та оилага “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурига биноан қўй олиб берилди. Бироқ кредит маблағи учун ариза ёзган фуқаролар сони 160 нафардан ортади.

— “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш юзасидан ҳаракатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида давом этаётганлиги сабабли Юксалишда ишлар бир оз тўхтаб қолди, — дейди бизнинг саволларимиздан ўнғайсизланган маҳалла раиси Улуғбек Раҳмонов.

Ҳатто, шундай бўлган тақдирда ҳам масъуллар хонадонларда бўлиб, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориши, оммавий ҳашарлар уюштириши лозим эмасми?

— “Обод қишлоқ” дастури аҳволи ўта оғир қишлоқларда амалга оширилади, деб ўйлагандим, — дея суҳбатга қўшилади Навқирон кўчасида истиқомат қилувчи Ҳакимжон Раҳимов. — Юксалиш ҳам, Буюк Турон ҳам туман марказида жойлашганлиги сабабли бирмунча қулай шароитларга эга. Жумладан, табиий газ, ичимлик суви ҳамда электр энергиясида муаммолар кўп эмас. Аксарият кўчалар асфальтланган, аммо таъмирталаб. Фуқаролар, асосан, ҳунармандчилик билан машғул. Айниқса, мебелсозлик билан шуғулланувчилар кўп. Бироқ туманимизда шундай қишлоқлар борки, умуман эътибордан четда қолиб кетяпти. Масалан, Кулла, Ширмонбулоқ, Шарқ юлдузи қишлоқларида аҳвол бу ердагидан анча абгор. Шундай бўлса-да, бизда ҳам муаммолар йўқ эмас. Масалан, ҳудудимизда мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш — энг долзарб масала. Қолаверса, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш бўйича жиддий шуғулланиш керак. Мутасаддилар, агар керак бўлса, ҳар бир хонадонга кириб, фуқароларнинг турмуш тарзи билан танишмоғи лозим. Депутатлардан иборат ишчи гуруҳини ҳисобга олмаганда, ҳолимиздан хабар оладиганларнинг сояси ҳам кўринмаяпти. Тўғри, икки кун аввал коллеж биносида туман ҳокими иштирокида йиғилиш бўлиб ўтибди. Лекин бундан биз бехабармиз.

Қувонч ўрнини хавотир эгаллади
Жорий йилнинг 26 апрели Ховос туманидаги “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 11 кўп қаватли уйда яшовчи 140 хонадон учун ёдда қоларли кун бўлиб қолди. Негаки, шу куни маҳалла оқсоқолларининг дуоси билан улар яшаётган ҳудудда ҳам “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Ўшанда бу хайрли юмуш нафақат мазкур уйларда истиқомат қилаётган оилалар, балки бутун соҳибкорликларга бирдек қувонч улашди. Таассуфки, айни чоғда уларнинг юзида ана шу хушкайфият ўрнини хавотир эгаллади. Бунга сабаб эса қурилиш-таъмирлаш ишларининг жуда суст олиб борилаётганлиги, баъзи уйларнинг томлари очилгани ҳолда, ҳали-ҳамон ёпилмаётганлигидир.

— Тунов куни қаттиқ жала ёғиши туфайли иккинчи қаватда жойлашган уйимиздаги кўрпа-ёстиғу барча кийим-кечагимиз шалаббо бўлди, — дейди 5-уйда яшовчи Наргиза Шоимова. — Негаки, қурувчилар томни янгилаш учун эски шиферларни олиб ташлашди-ю, уни янгилашни чўзиб юборишди. Рости, қурилиш ишлари бошланганига икки ой бўлибдики, ҳали тайинли бир иш қилингани йўқ. Бузилишлардан сўнг уйимиз атрофи улкан чиқиндихонага айланди. Ҳамма ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ҳожатхоналар бузилиб, янгиси ҳануз қурилмагани катта ноқулайликлар туғдирмоқда.

Наргиза Шоимова, шунингдек, тандирхоналари бузилгач, нон ёпиш ҳам муаммога айланганини билдирди. Атрофга назар соламиз, бу иморатларнинг яқиндагина қўйилган пойдеворларигина кўзга ташланади. Томлари очиб ташланган 5, 6, 7, 8-кўп қаватли уйларнинг тепасида ҳам, пастида ҳам бирон-бир қизғин ҳаракат сезилмайди. Бинобарин, тушлик маҳали ўтиб, соат 15:00 га яқинлашиб қолган бўлса-да, таъмирланаётган уйларда техника тугул, биронта қурувчини учратмаганлигимиз, ҳақиқатан ҳам, мазкур ҳудудда ишлар жуда суст олиб борилаётганлигидан далолат беради. Айтиш лозимки, том ва фасадларни таъмирлаш вазифасини “Ойбек — Улуғбек инвест”, ҳовлиларни ободонлаштириш, хусусан, тандирхона ҳамда ҳожатхоналар қуриш, ариқларни янгилаш каби ишларни эса “Ховос камрон” масъулияти чекланган жамиятлари ўз зиммасига олган.

Соҳибкорликлар белгиланган жадвалга кўра, Мустақиллик байрами арафасида бутунлай ўзгача чиройга эга манзилга мушарраф бўлиб, айёмни мана шу обод ҳудудда ўтказишни ният қилишган. Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар Соҳибкордаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш ҳамда қурилиш ишларида мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиб, маҳалла аҳлининг ана шу хайрли нияти ижобат бўлиши учун барча чорани кўрадилар, бор имкониятларини ишга соладилар.

Боқимандаликни кечириб бўлмайди
Урганч туманидаги Қумравот маҳалласи вилоят марказидан атиги икки километр узоқликда жойлашган. Шаҳар биқинидаги маҳаллада турмуш маданияти, томорқадан фойдаланиш, оилавий тадбиркорлик масалалари ҳавас қиларли даражада эмас. Уй-жой ва коммунал хўжалиги, автомобиль йўлларининг ҳолати ҳам анча хароб.

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳоли пунктининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудни комплекс ривожлантириш ҳамда шу асосда одамларнинг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида Урганч туманида айнан ушбу маҳалла танлаб олинди.

Айни кунда маҳалла ҳудудида ободонлаштириш тадбирлари бошланган бўлса-да, иш суръати паст. Маҳаллада жами 847 та хонадон бўлиб, унинг 273 тасида ноқонуний қурилмалар аниқланган. Бугунгача уларнинг 133 таси бузиб ташланди, қолган 140 та ноқонуний иншоотни олиб ташлаш ишларига негадир қўл урилмаяпти. Аҳоли пунктининг бош режаси, маҳалладаги 269 та тураржойнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас.

Дастур бўйича маҳаллада фуқароларга қарашли 65 та тураржойнинг том қисмини шифер билан ёпиш режалаштирилган. Бугунги кунгача атиги 6 та уйнинг томи ёпилди, холос. Мазкур йўналишда ҳомийлар маблағлари, банк кредитларини жалб қилиш бўйича етарли ишлар олиб борилмаяпти.

“Обод қишлоқ” дастурида томорқадан самарали фойдаланиш, уни оиланинг чинакам даромад манбаига айлантириш кўзда тутилган. Афсуски, Қумравотда бу борадаги ишлар ҳамкўнгилдагидек эмас. Воҳанинг уста деҳқонлари томорқадан дастлабки ҳосилни аллақачон йиғиштириб олиб, такрорий экинлар парвариши билан шуғулланаётган бир пайтда мазкур маҳаллада 56 нафар томорқа ер эгасига қарашли экин майдонлари қаровсиз ҳолда. Ҳайитбой Камолов, Шарофат Қурбонова ва бошқа бир қанча фуқаролар томорқа ерлари пайкалига анча вақтлардан буён яқин йўламагани шундоқ кўриниб турибди. Ажабланарлиси, маҳалладаги 847 та хонадондан атиги биттасида иссиқхона бор экан. Афтидан мамлакатимизда аҳоли шахсий томорқа хўжаликларида парранда, чорва бош сонини кўпайтириш, замонавий енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этиш борасидаги янгиликлар Қумравотга ҳалигача етиб келмаган кўринади.

Қишлоқда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, тиббий кўрикларни ташкил қилиш масалалари ҳам эътибордан четда.

— Ўзим қандли диабет, турмуш ўртоғим юрак хасталигига чалинган, — дейди Қумравот маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Бозорбой Худойберганов. — Ўғлим 6 йилдан буён бош мия саратонидан азият чекади. Дори-дармон, тиббий хизмат харажатларидан орттириб уй-жойимизни таъмирлашга ҳам имкон топа олмадик. Ёрдам сўраб бир нечта ташкилотларга мурожаат қилдим, амалий натижа йўқ. Биров аҳволинг не, деб сўрамайди.

Маҳаллада ишсиз фуқаролар 46 нафарни ташкил қилади. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида уларни оилавий тадбиркорликка йўналтириш, банк кредитлари ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ишларининг бориши ҳам ҳаминқадар.

— Жорий йил 27 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда бу борада бажарилган ишлар чуқур таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди, — дейди “Қумравот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмаджон Содиқов. — Маҳалламиз аҳли, фаоллари билдирилган фикрлардан хулоса чиқариб, фаолиятимизда туб ўзгариш қилишга бел боғладик.

Раҳбарларда ташаббускорлик етишмаяпти
“Обод қишлоқ” дастурига Тошкент шаҳридан, бор-йўғи, йигирма километр узоқликда жойлашган Мевазор маҳалласи нима учун киритилди? Бу саволга Зангиота туманидаги мутасаддилар асосли жавоб беришди. Ўтган бир йил давомида туман ҳокимлигига ҳамда юқори ташкилотларга энг кўп шикоят мана шу ҳудуддан ёзилди. Газ таъминоти, ичимлик суви таъминоти муаммолари, электр қувватининг узилишлари, йўлларнинг ночор аҳволи, ижтимоий соҳа объектларининг етишмаслиги аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Дастурнинг амалга оширилиши бу муаммоларни бартараф қилади. Белгиланган “Йўл харитаси”да уларнинг асосий қисми акс эттирилган. Дастур ижросини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Иккита янги трансформатор ўрнатилди. 113 та симёғоч — режада белгиланганидан тўртдан бир қисми — замонавийларига алмаштирилди. Газ тақсимловчи 23 та ускуна таъмирланди. Тўрт юз метр йўл асфальт қилинди.

Бу ишлар кўлами янада кенг бўлиши мумкин эди. Амалда-чи? Мазкур жараёнда мутасаддиларнинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги етишмаяпти. Натижада ушбу ҳудуд бошқаларга нисбатан кўзга ташланмаяпти.

Хонадонларни таъмирлаш ишлари, асосан, уй эгаларининг зиммасига юкланган. Бировда бор, бошқасида йўқ. Тўғри, арзон нархда қурилиш материаллари етказиб берилмоқда, аммо...

— Эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлар бириктирганмиз, — дейди МФЙ раиси Ҳабиба Бакирова. — Улар ўзларига бириктирилган иш ҳажмини бажариб бўлишди.

Маҳалладан туман ҳокимлигига берилган маълумотномада 11 хонадон ҳомийлар томонидан таъмирланганлиги кўрсатилган. Хонадон эгаларидан розилик эшитиш мақсадида Абадият кўчасидаги ана шундай хонадонларнинг бир нечтасини бориб кўрдик. 2-уйда яшовчи ногиронлиги бўлган Давлат Эгамбердиев 2 фарзанди билан томи ёпилган қорасувоқ иморатнинг бир хонасини ўзига мослаштириб олган. “Бу уйда ҳомийлар нима иш қилишди?” деган саволга у мамнун бўлиб, ҳовлининг кўча томонига қараган деворларини суваб, бўёқдан чиқаришганини айтди. Бундан қурувчилар ичкарига қадам босишмаганини англадик.

“Таъмирланди” деб ҳисоботга киритилган 6-уйда яшовчи Жаббор Асомов қурилиш ишлари умуман бошланмаган бўлса ҳам, 540 дона шлакоблок, 45 килограмм бўёқ, бир машина қум олганлигидан мамнун.

125-уйда яшовчи Умар Тўраев ҳомийларнинг сувоғи ҳамда бўёғига рози бўлмади. Чунки қорасувоқ уйнинг томини очиб ташлаш лозим. Қурилиш материалларининг йўқлиги сабабли бу иш ярмида тўхтаган.

Маҳаллада 840 хонадон, 1125 та оила, беш мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шунга қарамай, бу ерда на бир тузукроқ савдо марказини, на болалар боғчасини учратасиз. Гўзаллик салони, ҳаммом, болалар ўйингоҳи ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Уларни барпо этиш нима учундир дастурда ифодасини топмаган.

Раҳбарлар бу ҳақда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, аҳоли яшаш жойларини обод масканга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидан сўнггина бош қотириб қолишди. Ҳар ҳолда, бугун маҳаллада “Ана шундай ижтимоий соҳа объектлари қурилармиш”, деган гап тарқалди.

Мослаштирилган мактаб биносида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “12 нафар қурувчи билан бу иш қачон якунланар экан?”, деган табиий савол туғилади. Мактаб таъмирланганидан кейин ҳам бу ерда ўқиш икки сменада ташкил этилади. Чунки у 280 ўқувчи ўрнига мўлжалланган. Ўқувчилар сони эса жорий йилнинг 1 сентябрига бориб 402 нафарга, кейинги ўқув йилида эса 480 нафарга етиши кутилмоқда. Бу рақамлар эса дастурда кўзда тутилмаганлиги боис аҳоли ҳақли эътироз билдирмоқда.

* * *

Биз келтириб ўтган муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Халқимизни рози қилиш энг эзгу муддаомиз экан, демак, ҳар биримиз зиммамизга олган масъулиятни ҳис этишимиз, бурчимизни оқлашимиз керак эмасми? Эл дуоси бошга тож, эл ранжиши эса...

Яхшиси, дуо олайлик, қишлоғу маҳаллалардаги жажжи болалар улғайгач, “Биз меҳр-оқибатли, ваъдасига вафодор мутасаддилар даврида яшадик”, дея раҳмат айтсин. Зинҳор бунинг аксини гапирмасин.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, Саминжон ҲУСАНОВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, Одилбек ОДАМБОЕВ,
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ, Fолиб ҲАСАНОВ,
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, “Халқ сўзи” ва ЎзА мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар