Инновацион технологиялар юқори ҳосилдорлик кафолати

16:01 15 Ноябрь 2019 Жамият
543 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилояти ҳокимлигида “Қишлоқ хўжалиги— иқтисодий барқарорлик ва халқ фаровонлигининг асосий омили” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят хокимлиги раҳбарлари, тегишли соҳа мутахассис ва мутасаддилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, кам ҳосилли ерлар унумдорлигини ошириш, бу борадаги мавжуд муаммоларни тезда бартараф этиш, соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жойлардаги фермерлар ва деҳқонларнинг қишлоқ хўжалик экинларига жумладан, ер-сувга бўлган муносабатларини ўзгартириш, Яратганнинг бебаҳо неъмати бўлган бу инъомлардан оқилона фойдаланиш зарурлиги уқтирилди. Вилоятдаги мавжуд экин майдонлари ҳосилдорлигини янада ошириш, юқори даромадли экинлар етиштириш ҳисобига экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш борасидаги фикрлар маъқулланди.

Дарвоқе, бугун вилоятда етиштирилган сархил мева ва сабзавотлар дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинмоқда. Боғдорчилик, узумчилик, полиз экинлари шунингдек иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни хориж бозорларида сотиш кўлами йил сайин ортиб боряпти. Бу албатта вилоят иқтисодиётини юксалтиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда. Қолаверса, туманлардаги чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари жамоалари ҳам вилоят ғазнасига катта даромад киритаётир.

Пахтачилик соҳасида Чиноз, Оққўрғон, Қуйичирчиқ туманларида ташкил этилган агрокласстерлар фаолияти туфайли соҳада юқори меҳнат самарадорлигига эришилди. Куни кеча вилоят деҳқонлари кейинги йиллардаги қолоқлик доғини ювиб, биринчи бор пахта тайёрлаш йиллик режасини уддалашди. Ҳали далаларда ҳосил мўл. Уни охирги мисқолигача йиғиб-териб олиш юзасидан жадал ҳаракатлар давом этмоқда.

Айнан вилоятдаги агрокласстерлар мавжуд кам ҳосилли далаларда пахта ва ғалладан юқори самарадорликка эришиш мумкин эканлигини исботладилар. Улар далаларда етиштирилган пахта ҳосилини муттасил қайта ишлаб хорижга экспорт қилишмоқда.

Бўлиб ўтган йиғилишда ушбу муваффақиятлар кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди.

Шодиёр Мутаҳаров,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?