Инновацион технологиялар, илмий ёндашув ва сифатли маҳсулот Сирдарё вилоятидаги “Бек кластер” корхонаси фаолиятининг асосий мезонига айланган

01:13 02 Май 2018 Иқтисодиёт
780 0

Бир пайтлари мўл-кўл пахта етиштирсалар-да, ўзлари оддий читни ҳам навбатда туриб сотиб олган ота-боболаримизнинг бир орзуси бўларди: у ҳам бўлса, пахта толасидан тайёрланадиган мато ва кийим-кечакларни юртимизда ишлаб чиқариш эди. Шукрки, бугун уларнинг армони рўёбга чиқиб, мамлакатимиздаги ўнлаб замонавий корхоналар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат бозорларимизни тўлдирмоқда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлиб бораяпти. Айни чоғда ушбу тизимда пахтачилик-тўқимачилик кластерлари жорий этилаётганлиги мазкур йўналишдаги ишларни замонавий босқичга олиб чиқмоқда.

Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи ҳам айнан юртимиз иқтисодиётидаги янги тузилмалардан бири — “Бек кластер” корхонаси иши билан танишишдан бошлангани бежиз эмас. Айтиш жоизки, мазкур корхона лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ҳудудга қилган ташрифи чоғида тақдим этилганди. Ушбу таклиф Юртбошимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қўллаб-қувватланди.

Қарорга кўра, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Бек кластер” қўшма корхонаси инновацион технологиялар ҳамда илғор бошқарув усулларини фаолиятининг бош мезони этиб белгилаб олди. Бундай янгича ёндашув, аввало, ер унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари билан бошланганлиги эса эътиборга молик.

Ер унумдорлигини оширишнинг янги усули

— Тупроқшунослик институти билан ҳамкорликда кластеримиз ихтиёрига ажратилган ҳар бир даланинг икки метргача бўлган чуқурликдаги тупроқ таркиби ўрганиб чиқилди, — дейди “Бек кластер” корхонаси раҳбари Улуғбек Сотиболдиев. — Германия технологиясига мувофиқ бажарилган илмий таҳлиллар натижасига асосан, экин майдонларига тегишли мелиоратив-агротехника тадбирлари белгиланди. Хусусан, Мирзачўл ер шароитига хос бўлган гипс қатламини ёришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгра шўр ювиш ва тупроқ таркибини яхшилаш, ирригация-мелиорация тизими ҳолатини тартибга келтириш юмушлари ҳам амалга оширилаётир. Ер текислаш эса лазерли воситалар орқали бажарилаяпти.

Эътиборлиси, кластерда юқорида айтилган ўрганишлар натижалари асосида 2018 — 2022 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, ер унумдорлигини ошириш мақсадида 3/2 схема асосида алмашлаб экиш тартиби қатъий йўлга қўйиладиган бўлди. Яна бир янгилик, тажриба сифатида ярим алмашлаб экиш кўринишидаги ғўза ҳамда соя ўсимлигини аралаш ҳолда экиш мўлжалланаётир. Шу мақсадда тупроқ унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган паст бўйли ва эртапишар соя нави уруғини кўпайтириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди. Айни пайтда бу усул ер ҳамда бошқа ресурслардан янада унумли фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади. 

Жорий йилнинг охирида тупроқ таркибини гумус билан тўйинтириш мақсадида 3 минг гектарда “яшил ўғит” технологияси қўлланилиши режалаштирилган. Бунинг учун ҳозирги кунда 40,6 гектар майдонда уруғлик олиш мақсадида Сербиядан келтирилган арпа, буғдой, сули, жавдар, тритикале, рапс сингари экинлар ўстирилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда Гулистон давлат университети олимлари томонидан маҳаллий боқла зироати асосида яратилган вика ўсимлигидан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида шоли ўстирилиб, унинг сувида балиқ парваришлаш ҳам йўлга қўйилади.

“Бек кластер” дастлабки йили чигит экиш мавсумидаёқ юртимиз деҳқончилигида ҳали кузатилмаган янги усулни жорий этди. Яъни ғўза қатор ораларининг 76/5 шакли танланди. Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон тажрибасида синалган ушбу усул “Бек кластер”нинг ҳозирча унумдорлиги паст бўлган экин майдонлари учун жуда мос ҳисобланади. Яна бир жиҳат эса, чигит олти қаторли сеялкаларда ерга қадалмоқда. Туркиядан келтирилган мазкур экиш технологиялари нафақат иш унумдорлигини ошириши, балки деҳқончилик тадбирини ўта аниқлик ҳамда уруғларнинг белгиланган миқдорда ўз жойига тушишини ҳам кафолатлайди. Бундай усулда ундирилган ғўза кўчатлари ягана қилинмайди, ўсимлик учун зарур бўлган керакли фосфорли ўғитни ҳам бир йўла солиб кетади. Яна бир эътиборли томони, 76/5 схемасида одатдаги экиш шаклидаги 10 гектар майдондаги ғўза сонига нисбатан 1 гектар кўп бўлган миқдордаги кўчатни жойлаштириш мумкин экан.

Кластерда жорий йил 13 минг 988 гектар майдонда ғўза парваришланади. Ҳосилдорликни йилдан-йилга ошириш ҳисобига пахта хом ашёси етиштиришни биринчи уч йилда 42,6 минг тоннадан камайтирмаслик ва кейинги йиллардан бошлаб эса орттириб бориш режалаштирилган.

Автопилот бошқаруви ва дронлар

Кластер корхонаси томонидан дала ишларида қўлланиладиган одатдаги уч ғилдиракли тракторлар ўрнига тўрт ғилдираклиларидан фойдаланилаётир. Бунинг афзаллиги нимада?

— АҚШнинг “New Holland” компаниясидан олинаётган “ТD5-110” русумли тўрт ғилдиракли тракторларнинг афзалликлари кўп, — дейди “Бек кластер” қўшма корхонасининг техникаларни таъмирлаш ва сервис хизмати кўрсатиш маркази раҳбари Баҳодир Тожиқулов. — Аввало, у техник жиҳатдан хавфсиз ҳамда анъанавий қўлланишда бўлган уч ғилдиракли тракторларга нисбатан 30 от кучи юқори қувватга, яъни 110 от кучига эга. Иш кўлами шунга яраша. Масалан, олти қаторли экиш ёки ишлов бериш воситасини тақиш имконияти билан уч ғилдиракли тракторлар томонидан дала бошига уч марта бориб келингандаги ишини икки мартада сифатли амалга ошира олади. Бу эса ёнилғи-мойлаш материаллари тежалишини таъминлаш баробарида, вақтдан унумли фойдаланишда қўл келади.

“Бек кластер” раҳбарининг билдиришича, айни чоғда мазкур тракторларга пахта териш ускуналарини ўрнатиш бўйича Тошкент қишлоқ хўжалиги техника заводи билан ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилган. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги техникаларини тўлиқ компьютер бошқарувига ўтказиш ва қатор ораси ишловларини GPS тизими аниқлигида олиб бориш бўйича АҚШнинг “Trimble” компанияси билан шартномалар имзоланган. Мазкур технология тажрибада синалмоқда.

Автопилот бошқарувидан кутилаётган самара ҳам жуда юқори. Хусусан, ушбу усулда ишлатиладиган трактор билан ишчи органларини ғўзага асло шикаст етказмаган ҳолда унга яқин олиб келиш мумкин. Негаки, ўша ускуналар орқали эгатдаги ҳар бир ниҳолнинг жойи чигит экиш вақтидаёқ автопилот хотирасига киради. Шу боис кейинги тадбирларни бажариш чоғида ҳам ҳеч қачон адашмайди. Яъни у кўчат қаерда жойлашганини “сезади.” Бундай сифатли ишлов эса бегона ўтларни йўқотиш ва ғўза қатор ораларини юмшатиш билан боғлиқ ишларда қўл кучидан фойдаланишга эҳтиёж қолдирмайди.

Таъкидлаш лозимки, кластернинг техника паркига пахта ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни инновацион технологиялар асосида амалга ошириш учун 100 та “ТD5-110” русумли тўрт ғилдиракли трактор олиб келинаётир. Шу билан бирга, мазкур агрегатларни Жанубий Корея технологиялари асосида тўлиқ газ билан ишлашга ўтказиш режалаштирилаётир.

Ҳозирги кунга қадар, Туркиядан 40 та чигит экиш сеялкаси, 100 та  культиватор ва 30 та лазерли ер текислагич, Россия Федерациясидан юқори қувватли ҳамда иш самарадорлигига эга 20 та “К-744” русумли қишлоқ хўжалиги техникаси олиб келинди. Шунингдек, қўшма корхона ихтиёрида ирригация ва мелиорация тадбирлари учун 10 та экскаватор ҳамда тупроқ ишларини бажарувчи иккита трактор ҳам мавжуд.
Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашишда ҳам янгиликка қўл урилмоқда. Хусусан, биомаҳсулотлар аниқ тизим асосида ва ўз вақтида далага чиқарилсагина самара беради. Мисол учун, белгиланган талаб бўйича трихограмма 1 гектар майдоннинг 400 нуқтасига қўйилиши керак ҳамда бу иш ҳар 3-4 кунда такрорланиши зарур. Шу боис ушбу тадбирни минглаб гектар майдонда қўл кучи билан амалга ошириш яхши самара бермаслиги ҳисобга олиниб, уни бажаришда “дрон”лардан фойдаланиш мўлжалланаётир. Қолаверса, мазкур учувчисиз учувчи аппаратлар орқали далаларда бажарилаётган ишлар ҳам назорат қилиб борилмоқда.

Корхонанинг ўз илмий маркази

Муболаға эмас, корхонада ҳар бир юмушга илмий асосда, инновацион технологияларни қўллаш орқали ёндашиш барча тармоқнинг энг муҳим вазифасига айланган. Энди ерлар одатдагидек шудгор қилинмайди, балки ўша ҳайдов даражасидаги чуқурликда махсус техника воситаси орқали юмшатилади. Бундай ҳайдов ер юзасидаги кислород билан яшайдиган ҳамда тагидаги кислородда яшай олмайдиган, ер унумдорлигига хизмат қилувчи фойдали бактериялар нобуд бўлишининг олдини олар экан. Ўз навбатида,  экин майдонининг текислиги ҳам бузилмаслиги кафолатланади.

Корхона ерларида ўстирилаётган экин турларининг янги ва истиқболли навларини яратиш, улардан мўл ҳосил олиш, сақлаш ҳамда қайта ишлашни илмий жиҳатдан асосланган ҳолда тўғри амалга ошириш учун малакали мутахассис ва олимлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Янги техника ҳамда илғор технологияларни синовдан ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди. Масалан, бунга қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларининг малакали олимларини, қолаверса, хориждан ҳам мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “Бек кластер” MЧЖ қўшма корхонасининг “Ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий маркази” ташкил қилинаётгани фикримиз далилидир.

Ҳозирча бу борада Гулистон давлат университетида ташкил этилган лабораторияни илк қадам, дейиш мумкин. Марказ эса шу йилнинг биринчи ярим йиллигида иш бошлаши кутилаётир.

Шунингдек, ишлаб чиқаришда муҳим омил ҳисобланган — маҳсулот бозорини топиш масаласига ҳам катта эътибор қаратилган. Бунинг учун замонавий IT-технологиясини йўлга қўйиш бўйича “Social web solution” дастури орқали электрон савдо ёки интернет маркетингни ташкил қилиш кўзда тутилган.

Турли экинлар уруғчилигини йўлга қўйиш ҳам корхонанинг режалар портфелидаги муҳим вазифалардан биридир. Мақсад мамлакатимизнинг бу борадаги импорт ҳажмини кескин қисқартириш ҳамда келгусида экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишдир. Ҳозирча “С-6524”, “Султон” ва бирламчи элита ғўза уруғчилиги лабораториялари ташкил этилганини ушбу соҳадаги дастлабки ҳаракатлар, дейиш мумкин.  

Иш ўрни кафолатли, меҳнат ҳақи нақд

— Корхонамизга ажратиб берилган ер майдонлари 8 та хўжалик ва 110 та бригадага бўлинган, — дейди корхона бош ҳосилоти Абдураҳмон Шукуров. — Хўжалик ҳамда бригадаларга экин майдони атрофидаги ҳудудларда истиқомат қилувчи кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассис ва деҳқонлар раҳбар этиб тайинланган. Ҳар бригаданинг 12 — 15 нафаргача доимий ишчиси бор. Уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида бу йил ҳар бир бригадага 2 гектардан аччиқ қалампир экиш белгиланган. Ҳисоб-китобларга кўра, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олинади. Ишчилар ҳамда бригада бошлиқларига тўланадиган ойлик иш ҳақларидан ташқари қалампирдан олинган фойданинг 50 фоизи ҳам даромад сифатида берилади. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга жалб этиладиган 1800 нафар  ишчининг мавсумдан ташқари вақтда ҳам йил бўйи иш билан банд бўлиб, даромад олишини таъминлаш мақсадида аҳолига касаначилик асосида  қуёнчилик, пиллачилик билан шуғулланиш, томорқаларида қалампир етиштиришлари учун шароит яратиб бериш кўзда тутилган. Қалампир ҳосили эса корхона томонидан харид қилиниб, қайта ишланиб, экспортга йўналтирилади. 

Айни кунларда аҳолининг 400 гектар томорқасига экиш учун қалампир кўчатлари тарқатиш бошлаб юборилди. Қолаверса, келгусида аҳолига ток ва анор кўчатлари етказиб берилиб, ҳосилини қабул қилишга ҳам ҳозирлик кўрилмоқда. Ташкил этилаётган пиллахоналарда эса ипак қурти боқиш мавсумидан ташқари вақтларда қўзиқорин етиштириш режалаштирилмоқда. Жорий йилда эса Жанубий Корея технологияси асосида қурилаётган 100 гектарлик замонавий иссиқхонанинг 40 гектари фойдаланишга топширилади. 200 гектар токзор ва шунча анорзор яратиш бошлаб юборилди. 

Корхонанинг яқин келажак учун белгиланган 10 та лойиҳаси амалга оширилиши туфайли 10 минг киши доимий иш билан таъминланади. Хусусан, жорий йилнинг иккинчи ярмида бир кеча-кундузда 330 тонна пахтани қайта ишлайдиган қувватга эга завод қурилиши якунланади. Шунингдек, келгусида дон комбинати, шолини қайта ишлаш, ёғ заводлари, чорва озуқаси тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш линиялари ҳам ташкил этилади. Бу борада корхонанинг органик ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббуси эътиборга молик.

Шу ўринда корхона раҳбари Улуғбек Сотиболдиевнинг “Экологик тоза маҳсулот — Ўзбекистонимизнинг энг асосий бренди бўлишини орзу қиламан. Негаки, бугун жаҳон бозоридаги талаб ҳам шу”, деган эзгу ниятини келтириш мақсадга мувофиқдир.

Суҳбатдошимиз кластер корхонаси ҳудудидаги аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Глобал экологик жамғарма, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) каби халқаро муассасалар грантлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалари борлигини ҳам баён қилди. Яна 2 минг гектар майдонда туя ва йилқи боқиш йўлга қўйилади. Шу асосда ҳудудда туя сути билан муолажа олиб борадиган клиника очилади. Қолаверса, 8 та боғча ташкил этилиб, кластер корхонаси хўжаликлари атрофида яшовчи аҳоли фарзандларига мактабгача таълим жараёнига қатнаш имконияти яратилади.

Шунингдек, кластер усулида яқин келажакда пахта ҳосилдорлигини 70 центнерга етказиш белгилангани таҳсинга лойиқ. Бундан келадиган даромаддан эса пахтани етиштирган деҳқон ҳам, қайта ишлаган ҳамда тайёр маҳсулотга айлантирган саноатчилар ҳам, қўйингки, соҳага алоқадор барча аъзо бирдек манфаатдор бўлади.

— Президентимизнинг қўшма корхонамизга ташрифи чоғида билдирган юксак ишончи жамоамизга катта куч ва ғайрат бахш этди, — дейди У. Сотиболдиев. — Берилган тавсия ҳамда топшириқлар эса нафақат бизнинг корхонамиз, балки юртимиздаги барча турдош корхоналар, умуман, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш соҳаси субъектлари учун бирдек фойдали бўлди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг иссиқхона конструкциялари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мева-сабзавотчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, кластер қошида ташкил этиладиган илмий-амалий марказ фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасига илмий ёндашувни кучайтириш, сифатли маҳсулот етиштириб унинг харидорини топиш юзасидан кўрсатмаларини ўзимиз учун энг асосий вазифалар қилиб белгилаб олдик.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар