Инновацион ривожланиш вазирлиги 29.2 миллион сўмга аҳолидан қадимий китобларни сотиб олди

13:12 12 Июнь 2018 Маданият
360 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар харид қилинди.

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва ноёб ҳужжатлар эгаси бўлган жисмоний шахслар ўртасида ўрнатилган тартибда шартномалар тузилди ҳамда 29,2 млн. сўм маблағ ноёб ҳужжатлар эгаларига ўтказиб берилди.

Харид қилинган 38 турдаги китоблар, қўлёзмалар тарихий, бадиий, адабий, диний ва илмий аҳамиятга оид манбалар ҳисобланади. Аҳолидан ноёб китоблар, тарихий ҳужжатлар сотиб олинаркан, уларни илмий муомалага киритиш мақсад қилинган. Ёш тадқиқотчиларга тадқиқот манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган бу тарихий ашёлар аҳоли қўлида қолиб йўқолиб кетиши ёки яроқсиз ҳолга келишининг олди ҳам олинади. Бундан ташқари, қўлёзмаларни зарур шарт-шароитларда сақланиши, реставрация қилиниши таъминланади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ҳар бири улкан маънавий обида, маданият дурдонаси бўлган бу қўлёзмалар фонди жаҳон миқёсида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазинадир. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан ташкил топган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар