Инновацион экотуризм кластери: Бухорода саҳроларнинг эртакнамо оламига қандай саёҳат қилиш мумкин?

13:20 29 Август 2020 Welcome to uzbekistan
830 0

Бухоро вилоятида янги тематик туристик объект сайёҳларга ўз эшикларини очмоқда. Ромитан туманида жойлашган “Bukhara Desert Oasis & Spa” инновацион экотуризм кластери, шубҳасиз, ҳеч бир сайёҳни бефарқ қолдирмайди.

Йиллар давомида саҳро бағрида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида янги экотуризм маркази ташкил этилиб, унинг лойиҳалари босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, бугунга келиб ушбу туризм кластери 25 турдаги сифатли ва ноёб хизматларни мижозларга тақдим этишни йўлга қўйди. Масканда ҳозирги кунда 50 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият юритаётган бўлиб, келгусида улар сафини янада кенгайтириш ва шу орқали маҳаллий аҳолини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш режалаштирилган.

“Bukhara Desert Oasis & Spa” мажмуаси айни пайтда 500 нафар дам олувчини ўз бағрига сиғдира олади, лекин у ерда яна қўшимча лойиҳалар ҳам бор. Режага кўра, саҳро бағридаги эртакнамо манзилнинг хизматлар кўлами босқичма-босқич кенгайтирилиб, улкан ташаббускорлик ишлари давом этмоқда.

«Бўронтепа» тарихий тепалиги яқинида янги туристик йўналишларини ўзида мужассам этган мазкур марказ Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 майдаги «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

“Bukhara Desert Oasis & Spa” марказида қадимий Варахша массиви, «Бўронтепа» археологик ёдгорлиги, кластер ҳудуди ва Бухоро амири Абдулаҳадхон чодири бўйлаб экскурция қилиш, ўтовда яшаш, пляж, массаж, йўлтанламас автотранспорт воситаларида, квадротциклда ва туяларда қум барханлари бўйлаб саёҳат, чўл ҳайвонот боғи, экологик боғ, инновацион иссиқхона, дегустация марказларига ташриф, шунингдек миллий, қадимий ва Европа таомлари ресторани, саҳналаштирилган чиқишлар (Бухоро амири қабули), модалар намойиши, концерт дастури, ёзги кинотеатр, чилимхона, Сувенир дўкони ва салқин ичимликлар бари каби хизматлар йўлга қўйилган. 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?