Имтиёзли ордерларни беришда шаффофлик таъминланяптими?

10:35 24 Февраль 2020 Сиёсат
185 0

Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш масалалари бугун ҳар қачонгидан долзарб. Депутатларнинг фуқаролар билан учрашувларида айнан ордер бериш, бу борадаги аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш юзасидан айрим эътирозлар, муаммолар кўтарилаётгани ушбу ҳолатни чуқур таҳлил қилишни тақозо этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз юритилиб, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишда мавжуд камчиликлар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари қизғин муҳокама қилинди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур масалалар бўйича мутахассислари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шу билан бирга, айрим муаммоларга тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига ордер беришга (сони) Ҳукуматнинг тегишли қарорида кўрсатилган фоизда маблағ ажратилмаяпти. Масалан, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига режалаштирилган тиббий хизматлар учун 30 фоиз, шошилинч тиббий хизматлар учун 8 фоиз, лекин 2019 йилда 18 фоиз молиялаштирилган. Бу маблағ 1400 та ордерга етган, холос. Эҳтиёж бўйича ўтган йил учун 2880 та стационар ордер керак бўлган. Республика ихтисослаштирилган-кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига молиялаштирилган маблағ 1439 та ордерга етган. Эҳтиёж бўйича 2019 йил учун 2448 та стационар ордер зарур бўлган.

Бундан ташқари, ўтган йилда ҳудудларда ўтказилган тиббий текширувларда имтиёзли гуруҳларда касалликларнинг аниқланиши натижасида ордерга бўлган эҳтиёж ҳам бир неча баробар ошган. Ҳудудий тиббий танлов комиссиялари томонидан беморларни ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига нотўғри йўллаш ҳам муаммолардан бири саналади.

Йиғилишда республика илмий-амалий тиббиёт марказларига йўналтирилаётган имтиёзли тоифадаги беморларга бериладиган бепул йўлланма (ордер)лар ажратилишида шаффофликни таъминлаш, узоқ муддатли навбат кутишларга бар¬ҳам бериш, одамларнинг оворагарчиликларига чек қўйиш ва бунда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари депутатлар диққат марказида бўлди.

Ордерни ҳар кимга ҳам эмас, балки айнан эҳтиёжманд фуқарога ажратилишига эришиш, бунда даволаниш учун ордер харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қопланиши ва унинг ижросини жамоатчилик асосида назоратга олишга эришиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ордер ажратишни бир идора тасарруфидан чиқариш, барча юртдошларимиз очиқлик тамойили асосида йўлланмаларнинг ажратилишини кузатиб боришларини таъминлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.

— Имтиёзли ордерлар масаласи — жуда долзарб, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Ўрганиш даврида аён бўлдики, Тошкент вилоятида аҳолининг ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожлигини ўрганиш тизимли асосда қўйилган. -Бошқа ҳудудларда эҳтиёж ўрганилмаслигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Жиззах вилоятида жорий йил учун аҳолидан фақат 37 нафар бемор ихтисослашган травматологик-ортопедик ёрдамга муҳтож бўлса, биронта болага бундай ёрдамнинг кераги йўқ экан. Бу вилоятда 2019 йилда болалар травматологиясига эҳтиёж 63 деб белгиланган, лекин 120 та ордер ажратилган.

Кардиологик касалликлар билан оғриган беморлардан имтиёзли ордер масаласи бўйича кўплаб шикоят келишига қарамай, 2020 йил учун Жиззах вилоятида эҳтиёж 6 та, деб белгиланган. Худди шунингдек, урологик касалликлар ҳам ҳисобга олинмаган. Сирдарё вилоятида ҳам кардиологик ва урологик беморларнинг ҳисоби ҳамда стационар даволанишга муҳтожлиги ўрганилмаган. 2020 йилга эҳтиёж 2019 йилда ордер олмаган беморлар сонидан иборат қилиб белгиланган. Умумий аҳоли сони 3 миллиондан ортиқ бўлган Андижон вилоятида ҳам имтиёзли даволанишга муҳтож бўлганларга етарли эътибор берилмаган.

Қўмита йиғилиши қизғин баҳслар билан ўтди. Депутатлар томонидан ихтисослаштирилган марказлар раҳбариятига тадбирга етарли тайёргарликсиз келганлари учун эътироз билдирилди.

Якунда аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш ҳамда стационар даволаниш учун ордерлар билан таъминланишни адолатли, коррупциядан холи шаклда ташкил этишга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди,
Зиёда АШУРОВА("Халқ сўзи")


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019