Импортни чеклаш – миллий иқтисодиётнинг ривожланишини чеклашдир

17:58 05 Сентябр 2019 Жамият
181 0

2019 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатаси қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми ва унга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, импорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳисоботи эшитилган.

Ҳисоботга кўра, айрим вазирлик ва идоралар, ҳудудий корхоналар, жисмоний шахслар томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарлар импортини амалга ошириш давом этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 878,8 миллион долларга тенг бўлган ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Жумладан, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АЖ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Олмалиқ КМК томонидан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар импорти амалга оширилган.

Шу ўринда савол туғилади, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги импорт қилинаётган Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарларни қандай аниқлаган?

Миллионлаб олиб кирилаётган товарларнинг ҳар бири, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот техник характеристикаси билан импорт қилинаётган ўхшаш товарнинг характеристикаси ва стандартлари бирма-бир солиштирилганми? Ёки ҳар бир товарда лаборатория солиштириш синовларини ўтказганми? Табиийки, йўқ. Бундай қилишнинг умуман физик жиҳатдан имкони ҳам йўқ.

Тажрибадан маълумки, вазирлик импорт қилинаётган товарларни ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси коди орқали ажратиб, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар коди билан солиштиради. 

Бу биринчидан, юқоридаги таҳлил ва танқид ўта иқтисодий савиясизлик билан амалга оширилганлигини билдиради. Агар, дейлик, ТИФ товарлар номенклатураси коди 10 та белгигача аниқликда солиштирилганда ҳам уларни бир хил товар дея олмаймиз, токи ушбу товарларни тегишли стандартларини солиштирмагунча ёки лаборатория синовларини ўтказмагунча. Мисол учун, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ёритгич (лампочка) билан, газ плиталарини духовкасига ишлатиладиган ўтга чидамли ёритгич (лампочка)ларни қандай қилиб бир хил товар деб қабул қилиб, уни импортини чеклаш мумкинми?

Умуман, қачонгача “ибтидоий” усулда импортни чеклаш орқали иқтисодиётни ривожланишини “бўғамиз”. Нимага, импорт қилаётган корхона давлатга бу бир хил товар эмаслигини исботлаш учун қўшимча вақт ва қўшимча маблағ сарфлаб, экспертиза қилдириши керак? Уларнинг ушбу жараён орқали пайдо бўладиган молиявий-иқтисодий зарарини ким қоплаб беради? Тадбиркорлик субъектларини эркин ишлашини таъминлай олишни эпламаётган бўлсак, ҳеч бўлмаса уларнинг фаолиятига халақит бермасликни иложи йўқми?

Хорижий давлатларда тадбиркорлик субъектларига бирон-бир солиқ ёки статистика ҳисоботини топшириш кераклиги тўғрисидаги уларга йўлланган хат жўнатилса, уларнинг молиявий фаолиятига зарар етказмаслик учун уларнинг жавоб ёзиб жўнатишига ҳам пул тўланган бўлади. Бизда эса нимага тадбиркор ҳисобот топшириш учун ёки бошқа ишни битириш учун айрим ҳолларда 250-300 километр йўл босиб туман марказига ўз маблағи ҳисобидан келиб кетиши керак?

Қайси товарни импорт қилиш, қайси товарни импорт қилмасликни бозорнинг ўзи белгилаб бериши керак эмасми? Бозор иқтисодиёти қонуниятларига қачонгача қарши борамиз? Қачон иқтисодиётни эркинлаштирамиз, бозор иқтисодиётига бюрократик тўсиқлар ва давлат аралашувини қачон тўхтатамиз?

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бундай “ибтидоий” усулдаги, савиясиз таҳлилларни олиб бориши ўрнига, ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича, яъни бу автосаноат соҳаси бўладими ёки тўқимачилик саноатими, умуман барча тармоқ бўйича алоҳида чуқур иқтисодий таҳлил ва тадқиқот олиб бориб, керакли ечим ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиши муҳимроқ эмасми? Агар, бу борада вазирликда етарли савия ва тажриба бўлмаса, дунёдаги юқори рейтингларга эга консалтинг компанияларини жалб қилиш лозим деб ҳисоблаймиз. 

Бунда авваламбор, мавжуд ҳолат, инфраструктура ва салоҳият чуқур таҳлил қилиниши ва кейинги навбатда эса ҳар бир тармоқда қандай маҳсулотлар импорт қилинаётганлиги, уларнинг нархлари, таннарх таркиби, транспорт, логистика ва бошқалар чуқур таҳлил қилиниши ва ундан кейингина керакли тадбирларни амалга ошириши лозим. Демоқчимизки, биз қайсидир товарни сунъий равишда чеклаб туришимиз билан мамлакатимизда ишлаб чиқариш учун ҳар томонлама “номувофиқ” бўлган товарни кириб келишининг олдини ололмаймиз, аксинча бу билан маълум муддат иқтисодиётни ривожланишини тўхтатиб турамиз, холос.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабарида яна айтилишича, “импорт ҳажмининг маҳсулотлар кесимидаги таҳлили ташқи савдони тариф ва нотариф бошқаришга эҳтиёж ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда”. 

Шу ўринда, хорижий амалиётга кўра, импортни чеклаш, ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш, қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Биринчидан, импортни чеклаш ва ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш рақобати чекланган савдо, саноат ва молия тармоқларида ички монополияларнинг пайдо бўлиши ва уларни қўллаб-қувватланиши учун қулай шароит яратади.

Иккинчидан, ушбу жараён иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Сабаби, юқори тарифлар ташқи савдонинг пасайишига олиб келади, бу эса глобал иқтисодиёт ва мамлакат фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мамлакатнинг ўз-ўзини яккаланишига, замондан орқада қолган, қиммат ишлаб чиқаришнинг сақланиб қолишига олиб келади. Мамлакатнинг турли соҳаларда ихтисослашувининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.

Эркин савдо – ҳар бир мамлакат ўзининг турли хил салоҳиятларини (масалан, географик) тўлиқ англаб этган ҳолда, энг кам харажатли ва рақобатбардош саноатни ажратиб олиш ва ривожлантириш имкониятига эга. Импортни чеклаш ва ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш бунга йўл қўймайди, яъни ички бозорнинг хилма-хил эҳтиёжларини қондириш учун ресурсларни самарали ва самарасиз тармоқлар ўртасида қайта тақсимлаш зарур бўлиб қолади.

Учинчидан, импортни чеклаш ва ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш нархларнинг пасайишига ёрдам бермайди. Юқори тарифлар туфайли импорт қилинадиган маҳсулотлар қимматлашади. Нархларнинг умумий тарзда, оммавий тусда ўсишига олиб келади. Юқори тарифлар истеъмолчилар маҳаллий маҳсулотларни юқори нархларда сотиб олишларига олиб келади, чунки импортни чеклаш харажатларнинг пасайишига ва шу билан бир қаторда нархнинг пасайишига олиб келмайди. Пировардида, нархларни оширишдан манфаатдор бўлган миллий монополиялар қўллаб-қувватланади.

Тўртинчидан, импортни чеклаш ва ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш – бевосита ва билвосита мамлакатнинг экспорт салоҳиятини камайтиради. Экспорт қилинадиган товарлар, ўз навбатида импорт қилинадиган таркибий қисмларни ўз ичига олади ва юқори тарифлар ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига олиб келади. Бу эса нархларнинг ошишига, миллий товарларнинг рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади.

Бешинчидан, тарифларнинг бир томонлама жорий этилиши, кўпинча, халқаро амалиётда савдо урушларига ва халқаро савдонинг пасайишига олиб келади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рақобатчилардан арзон маҳсулотлар оқимидан ҳимоя қилиш учун бир томонлама тартибда импорт тарифини жорий қилган мамлакат ўзининг савдо шериклари томонидан ўч олиш чораларини кўриш ва асосий экспорт маҳсулотларига солиқларни жорий қилиш хавфини туғдиради.

Ўз навбатида, миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш учун импортни чеклаш, ташқи савдони тариф ва нотариф бошқариш орқали эмас, балки замонавий иқтисодий усуллар ёрдамида, яъни қуйидаги чора – тадбирларни амалга ошириш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш мумкин деб ҳисоблаймиз.

Миллий ишлаб чиқарувчиларни рақобатбардошлигини ошириш, бунда миллий ишлаб чиқарувчиларга энергия манбалари ва мавжуд хомашёлардан самарали ва эркин фойдаланишига шарт-шароитлар яратиш; миллий ишлаб чиқарувчилар учун зарур инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, темир йўлларнинг ва автомобил йўлларининг сифатини ошириш, электр таъминоти сифатини ошириш; энергия инфратузилмасини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги ошириш; транспорт тизимининг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини амалга ошириш; миллий ишлаб чиқарувчилар учун мақбул, имтиёзли коммунал ва транспорт тарифларини белгилаш лозим.

Фан, миллий инновацион тизим ва технологияларни ривожлантириш, инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётда инновацияларга талабни кенгайтириш, кичик ва ўрта инновацион бизнесни яратиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан инновацион бизнесни ташкил этиш ва ривожлантиришдаги маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва кичик ва ўрта бизнес инновацияларига ўтиш учун талабларни шакллантириш орқали тадқиқотлар ва ишланмалар учун давлат буюртмаларини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларидаги технологик қолоқликни камайтириш мақсадида институтлар, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш талаб этилади. 

Бу борада юқори савияли технологик билимга эга бўлган мутахассисларни жалб этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Яна бир жиҳати шундаки, юқори технологияли ва базавий тармоқларни ривожлантириш, ички бозорга йўналтирилган ва мамлакат иқтисодиёти ривожланишининг устувор йўналишларига мос келадиган лойиҳаларда маҳаллий корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини бюджетдан субсидия қилиш орқали маҳаллий корхоналарга узоқ муддатли кредитлар ҳажмини ошириш учун шароит яратиш керак.

Шу билан бирга корхоналарни техник қайта жиҳозлаш учун технологик ускуналарни лизингга бериш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан лизинг тўловлари қийматининг бир қисмини тўлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш даркор. 

Янги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш учун инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун молия институтлари томонидан кредит бериш амалиётини кенгайтириш ҳам замон талабидир. Саноат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш; инновацион ишланмаларни, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётининг энергия самарадорлигини ошириш муаммосини ҳал қилиш доирасида янги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишини қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш, бунда кенг кўламли божхона ислоҳотларини амалга ошириш, жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдаги процедуралар сонини қисқартириш, айрим талаб қилинадиган ҳужжатларни (экспертиза, сертификация) бекор қилиш, божхона ставкаларини камайтириш лозим. 

Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятда текшириш ва назоратни камайтириш, тадбиркорлар ва божхона органлари ходимлари ўртасидаги алоқани минималлаштириш, экспортни амалга оширган тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзларини тақдим этиш, экспортни амалга оширган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратиш механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Фурқат Юнусов, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа координатори


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019