Импорт қилинган маҳсулот ички бозорда 3‑5 баробарга қимматга сотилаётгани сабаби айтилди

17:53 23 Август 2019 Иқтисодиёт
328 0

Кеча Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми ва унга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, импорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг хисоботи ҳам эшитилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал инновацион ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар саноатнинг етакчи тармоқларига инвестиция киритиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар салоҳиятини оширишни тақозо этмоқда. Бунда импортга технологик қарамликни камайтириш ўта муҳим аҳамият касб этади. Зеро бу бозорда фаолият юритиш билан боғлиқ молиявий хатарларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўналишида қўйилган муҳим қадам бўлди. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг таклифлари асосида республика тармоқлари ва минтақалари бўйича корхоналарда маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларнинг (хизматларнинг) янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан буюртмаларни жойлаштиришни амалга ошириш, Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, унинг амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторингни таъминлаш вазифаси юклатилган. Бу йўналишда қатор ижобий ишлар амалга оширилаётгани мажлисда алоҳида қайд этилди.

Бироқ республикамизда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилаётган бўлса-да, айрим вазирлик ва идоралар, ҳудудий корхоналар, жисмоний шахслар томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарлар импортини амалга ошириш давом этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 878,8 млн. долларга тенг бўлган ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Жумладан, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АЖ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Олмалиқ КМК томонидан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар импорти амалга оширилган.

Мажлисда таъкидланганидек, импорт ҳажмининг маҳсулотлар кесимидаги таҳлили ташқи савдони тариф ва нотариф бошқаришга эҳтиёж ошиб бораётганлигини кўрсатди. Хусусан, республика импортидаги божхона божларининг амалдаги тариф ставкалари ўртача қиймати 5,6 фоизга тенг бўлиб, маҳсулотларнинг 62,7 фоизи учун ноль ставкалари кўлланилиб келинмоқда. Бу ўз навбатида, республикамиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга салбий таъсир этиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан кўра четдан тайёр маҳсулотлар олиб кирилишини рағбатлантирмоқда.

Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан етарли даражада назорат олиб борилмаётганлиги сабабли айрим ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари маҳсулотлар божхона қийматини камайтириб, баъзи ҳолларда эса кўпайтириб кўрсатишлари натижасида импорт қилинган маҳсулот ички бозорда 3‑5 баробарга қимматга сотилмоқда.

Шу каби муаммолар ҳамда олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, мажлисда маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли товарлар билан тўлдириш, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажмларини ошириш, импорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни маҳаллийлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ижро этилиши талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Хусусан, назорат йўқлиги ва тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқ корхоналари томонидан умумий қиймати 340 млн. доллар бўлган 8 та объект ишга туширилиши таъминланмаган.

Мажлисда мавжуд муаммолар ечими хусусида сўз юритилар экан, импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини аниқлаш, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мавжуд ҳолатини ҳар бир вазирлик ва идора, маҳаллий ҳокимиятлар, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ўрганиб чиқиб, долзарб вазифалар ечимини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бу йўналишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш мақсадида “on-line” ахборот алмашув тизимини жорий этиш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилиб, Қўмита қарори қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019