Имом Бухорий марказига Буюк Британиядан янги китоблар келтирилди

14:25 03 Февраль 2020 Маданият
321 0

Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” ислом мероси жамғармаси томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига дунё фондларида сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг каталоглари ва бошқа манбалардан иборат юзга яқин китоблар тўплами ҳадя қилинди.

Шу муносабат билан марказда ўтказилган тақдимот тадбирида йиғилганлар ушбу китоблар тўпламидан ўрин олган асарлар, каталоглардаги муҳим маълумотларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган қисқа давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, хорижий давлатлардаги нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ишларнинг самараси ўлароқ айни пайтда дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

- Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик натижасида яқинда мазкур фонд томонидан марказимизга дунёнинг турли мамлакатларидаги кутубхоналарда сақланаётган нодир қўлёзма асарларнинг каталоглари ва бошқа манбалардан иборат юзга яқин китоблар тўплами ҳадя этилди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. – Бу китоблар орасида араб, турк, форс тилларидаги ноёб қўлёзмалар, каталоглар борки, улар ёрдамида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг асарлари ҳақида маълумот олиш, уларнинг қаердаги сақланаётганини билиш мумкин. Мисол учун, Буркина Фасо, Кот-д´Ивуар сингари Африка давлатлари, шунингдек, Европанинг бир қатор мамлакатларида нашр этилган каталоглар ёрдамида ушбу юртлардаги кутубхона ва қўлёзма фондларда сақланаётган асарлар тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўламиз. Бу эса улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга ёрдам беради.

Шунингдек, тадбирда Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультети томонидан марказга тақдим этилган Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари ҳам эътироф этиб ўтилди. Турк тилидаги ушбу асар ислом оламидаги муҳим манбалардан бири ҳисобланиши қайд этиб ўтилди. Шу боис, айни пайтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ушбу асарни ўзбек тилига ўгириш бўйича таржима ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди.

Маросимда жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлиши ва шу муносабат билан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?