“Имкон” имконсизларга ҳам имкон беради

19:42 04 Апрель 2019 Жамият
798 0

Фото: АОКАдан олинди.

Президентимизнинг Оролбўйига ҳар бир ташрифи ҳудудда истиқомат қилаётган одамлар ҳаётига янгича мазмун ва ёруғлик олиб кирмоқда. Зеро, бугунги янгиланишлардан мамнунлик, эртанги кунга ишонч уларнинг юз-кўзида намоёндир.

Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Нукус шаҳрида ана шундай юксак ғамхўрликнинг ифодаси сифатида “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А. Абдуваҳобов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т. Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А. Шин, мазкур лойиҳа муаллифи Шаҳнозахон Мирзиёева мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, бу борада ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаётганини алоҳида таъкидлашди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда биринчи ушбу ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ҳар хил жисмоний нуқсони бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлашга ихтисослаштирилган.

Хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдамида амалга оширилган икки қаватли муассаса стандарт хоналардан ташқари, бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2 та физиотерапия хонаси, 2 та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари билан таъминланган.

 

 

 

— Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда, — дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. — Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилдагига нисбатан 17,5 фоиз ошган. Шу туфайли ушбу муассаса Президентимиз ташаббусига кўра ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга аралаша олмас эди. Улар ҳаётининг асосий қисмини уйда ўтказарди. Ана шуларнинг олдини олиш мақсадида Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошладик.

Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсони бўлган болалар учун эса машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга. Шудан келиб чиқиб, ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёши 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирилди.

Эътиборлиси, муассаса Оролбўйининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар учун ҳафтасига 5 кун фаолият юритади. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус малакали тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланса, куннинг иккинчи яримда соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтадилар.

— Марказимизга танлов асосида 70 нафар ходим ишга олинди, — дейди муассаса мудираси Нурсулув Худайбергенова. — Улар Тошкент, Москва, Санкт-Петербург шаҳарларида малака оширдилар. Марказга Оролбўйи туманлари ҳамда Хоразм вилоятидан саломатлигида нуқсони бор 2,5 ёшдан 7 ёшгача бўлган 150 нафардан зиёд болалар тиббий кўрик орқали танлаб олинди. Ҳозир улар кўриш, эшитиш, гапириш ҳамда ақлий жиҳатдан 4 гуруҳга бўлинган ҳолда тарбияланмоқда.

Марказнинг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобиль стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, “Саундбим” тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуналар билан жиҳозланган. Ошхона махсус кварцли шкафлар билан таъминланган бўлиб, бу идиш-товоқларнинг доимий дезинфекцияланиб турилишида аҳамиятлидир.

— Қизим мустақил ҳаракатлана олмайди, — дейди нукуслик Элеонора Ибадуллаева. — Ушбу муассасага қизимни қабул қилиб олишар экан, бу ерда яратилган қулайликлар, шароитларни кўриб, рости, қувончдан йиғладим. Чунки Президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли энди менинг қизим ҳам ҳақиқий ҳаётга аралашадиган бўлди. Барчаси учун миннатдорман.

Ҳидоят Аҳмедов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019