Иккитадан кодекс ва қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улар нима беради?

12:19 19 Июнь 2020 Сиёсат
219 0

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги каби бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодексининг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлик жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига қўшимча киритилмоқда. Яъни таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда. Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва ўз навбатида давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?