Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига пул мукофотлари топширилди

16:04 02 Май 2019 Жамият
549 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бухоро тумани “Туркон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Файзулла Ҳожиевнинг ҳаётида эсда қоларли кунлар кўп учраган. Аммо бу сафаргиси ўзгача бўлди. Отахоннинг шинам ҳовлисига вилоят ва туман ҳокимликлари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари, қўни- қўшнилар тўпланишди.Бу ерда Файзулла ота билан Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида учрашув ўтказилди.

-19 ёшимда фронтга кетганман, - дейди отахон. - Уруш деган сўзни айтгим ҳам келмайди. Шундай тинч, фаровон кунларга етказганига шукр. Юртимиздаги тинчликка кўз тегмасин, халқимизнинг бошига Президентимиз соғ – омон бўлсин.

Турмуш ўртоғи Муҳаббат Раҳматова билан беш ўғил, беш қизни оқ тараб, оқ ювиб вояга етказган Файзулла ота айни дамда 97 ёшда. Қирқдан зиёд невара – ю эвара ардоғида юрган отахоннинг кўнгли бу дийдорлашувдан тоғдек кўтарилди.

Учрашувда вилоят ҳокими Ўктам Барноев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида ажратилган етти миллион беш юз минг сўм миқдоридаги пул мукофотини Файзулла отага тантанали тарзда топширди. Шунингдек, отахон вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам моддий рағбатлантирилди. Табаррук ёшдаги уруш ва меҳнат фахрийсига қимматбаҳо совғалар ҳам берилди. Байрамона руҳда кечган тадбирда она – юрт, тинчлик, мустақилликни улуғловчи шеър, куй – қўшиқлар янгради.

Фармон ижроси доирасида худди шундай тадбирлар вилоятнинг турли гўшаларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳомид Турсунов, Назар Шеров, Ҳасан Шоназаров, Карим Розиқов хонадонларида ҳам бўлиб ўтди.

Истам Иброҳимов, “Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019