Иккиламчи ресурслардан самарали фойдаланиш — замон талаби

08:13 25 Июнь 2018 Жамият
274 0
Иллюстратив фото

Яқинда парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун ҳам шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда иқтисодиёт, саноат шиддат билан ривожланиб, мамлакатда улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, республикамизнинг шаҳар ҳамда қишлоқларида арзон уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва сув таъминоти объектларининг қурилиши, темир йўл ҳамда автомобиль йўллари инфратузилмаларининг изчиллик билан бунёд этилиши ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Албатта, мазкур жараёнда хом ашёга, жумладан, қора металлга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Қонун ушбу хом ашёга бўлган талабни қондириш ва сифатли маҳсулот тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг амалдаги 2191-моддаси таҳририда фақат рангли металлар, уларнинг парчалари ҳамда чиқитларини тайёрлаш, харид қилиш, фойдаланиш ва сотиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, қора металларга тааллуқли ана шундай қоидабузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Киритилаётган ўзгартишларга кўра, эндиликда қора металл парчалари ҳамда резги-чиқитларини тайёрлаш, сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва сотиш қоидалари бузилишининг олдини олиш ҳамда бундай қоидабузарликлар учун ҳам жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда муҳокама этилишидан аввал Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳида мутахассислар, тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида атрофлича таҳлил қилинди. Бугунги кунда қора металл парчалари ҳамда резги-чиқитларини қайта ишлаш асосида сифатсиз металл маҳсулотлари тайёрлаш, йиғиш ва сотиш ҳолатларининг мавжудлиги, шунингдек, бу борада қабул қилинган қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари ҳам учраб турганлиги ушбу қонуннинг ишлаб чиқилишига сабаб бўлди.

Мамлакатимизда кенг миқёсда олиб борилаётган қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишларида сифатли металлдан фойдаланиш масаласи устувордир. Шу маънода, юртимизда ишлаб чиқарилган металл маҳсулотлари сифати аккредитация қилинган лабораториялар текширувидан ўтказилиб, техник регламент талабларига жавоб бериши лозим. Чунончи, қурилиш ва бунёдкорликда қўлланиладиган металл маҳсулотларининг сифати хавфсизлик масалалари билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Қўмитада ўтказилган муҳокамаларда депутатлар, соҳа мутахассислари ҳамда экспертлари қонун нормасида белгиланган жавобгарликнинг юртимизда металл маҳсулотлари билан ишловчи ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига салбий таъсир этмаслигига, асосий масала қора металл парчалари ҳамда резги-чиқитларини тайёрлаш, сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва сотиш қоидаларини бузаётган шахсларга тегишли бўлишига алоҳида эътибор қаратишди.

Қонуннинг асосий мақсади ҳам қора металл парчалари ҳамда резги-чиқитларини тайёрлаш, сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва сотиш қоидаларини бузиш ҳолатларини камайтириш, мамлакатимизда сифатсиз металл маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг олдини олиш, бу борадаги қоидабузарликлар учун юридик ҳамда жисмоний шахслар жавобгарлигини ошириш, соҳада давлат назорати самарадорлигини юксалтиришдан иборатдир.

Азамат ПАРДАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар