Икки суд битта, янги бинода

16:46 11 Сентябр 2019 Жамият
613 0

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро ҳамда Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди ўз фаолиятини янги бинода давом эттиради.

Мазкур иккала суд идораси туманлараро мақомида вилоятнинг Конимех, Нурота ва Навбаҳор туманларида қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлашга хизмат қилади. Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, чунончи уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, судларнинг очиқлик ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган.Мазкур бино қурилишида ҳам шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда нафақат судья ва суд ходимлари учун балки фуқаролар учун ҳам барча замонавий шароитлар яратилди. Хусусан, фуқаролар учун аризаларни қабул қилиш, она ва бола, тиббиёт хоналари ажратилиб, замон талаби асосида жиҳозланган.

Бундан ташқари, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисларини “онлайн”, яъни тўғридан-тўғри кузатиш, қабулхонага бирон-бир чекловларсиз кириб чиқиш ҳам алоҳида эътиборга олинган. Фуқаролар суд ишини қайси судья кўриб чиқиши ва суд мажлисининг бошланиш вақти ҳақида махсус монитордан “онлайн” режимда танишиб олиши мумкин. Шунингдек, бинонинг биринчи қаватида суд ишида иштирок этадиган прокурор ва адвокатлар учун барча қулайликларга эга хоналар ажратилган. Замонавий суд залларига эса сўнгги русумдаги “видеоконференцалоқа режими”да суд мажлиси ўтказиш учун зарур бўлган технологиялар ўрнатилган. Бу эса суд мажлиси иштирокчиларига масофадан туриб иқтисодий ишларнинг кўрилишида иштирок этиш, уларнинг узоғини яқин қилиши, қимматли вақти ва маблағларининг тежаш имконини беради.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими К.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев иштирок этди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?