Икки қўл ва бир оёқ аномалияси билан туғилган бола қандай қилиб ўз келажагини яратмоқда?

10:03 11 Ноябрь 2019 Жамият
337 0

Тақдир зарбаси бундан ортиқ бўлиши мумкинми: ўн беш йилча муқаддам Бухородаги оилалардан бирида бола икки қўл ва бир оёқ аномалияси билан туғилди.

Чақалоқни вилоят ихтисослашган болалар уйига топширишди.Уни дунёга келтирганлар ота – оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Икки қўлсиз, бир оёқсиз бола қандай яшаши мумкин?! Аммо Петр исмли бу гўдак болалар уйида тарбиячиларнинг қаровида, давлатимиз, эл – юртнинг ардоғида ўсди.Меҳр кўрди.Муҳаббат тафтини ҳис этди.Руҳан чўкмади.Қўлига, агар қўли дейиш мумкин бўлса, қалам тутишни ўрганди.Расм чиза бошлади.

Мактаб ёшига етгач, уни Бухоро шаҳридаги 32 – Меҳрибонлик уйига ўтказишди.Шу ерда яшаб, 8 – умумтаълим мактабида ўзбек тилида таҳсил олаяпти. Ҳозир 8 – синф ўқувчиси.”Меҳрибонлик уйида ҳаммани биз она ўрнида кўрамиз” дейди у.

Таъкидлашларича, Петр Голов жуда тиришқоқ, интилувчан,қобилиятли, одобли.Муомаласини айтмайсизми?Масканга келган ҳар бир кишини худди мезбон каби ширин сўз билан қаршилайди.Беихтиёр бу ёқимтой болани яхши кўриб қоласан, киши.

-Алишер Навоийнинг ғазалларини, шоир Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини севиб ўқийман, -дейди у биз билан суҳбатда. - Мактабда Валид ва Зайид исмли тенгдошларим билан дўст тутинганман.Бўш пайтимда расм чизишни канда қилмайман.Масканимизда Дилшода Раҳимова бошчилигида расм тўгараги ишлаб турибди.

Иродаси мустаҳкам бу бола чиндан ҳам мусаввирликка меҳр қўйган.У чизган суратлар жонли, ҳаётий.Суратларни кўздан кечираркансиз, улар муаллифи қаршингиздаги шу имконияти чекланган бола эканига ақлингиз бовар қилмайди.

-Яқинда бўлиб ўтган “Мафтункор ранглари жилоси” республика танловида ғолиб чиқдим,-дейди Петр.- Бундан аввал ҳам вилоят, республика миқёсида ташкил этилган кўрик – танловларда фаол қатнашганман.

Айтмоқчи, Петр “Мафтункор ранглар жилоси” республика танловидан диплом, медал, замонавий телевизор, микротўлқинли печ, шунингдек, сурат чизадиган махсус доска билан қайтди.Тарбиячилар ярим ҳазил, ярим чин қилиб айтишгани каби имконияти чекланган бола тиришқоқлиги, қатъияти, ақл – заковати билан ўз келажагини яратмоқда.Мактабни тугаллагач, тасвирий санъат йўналишида таҳсил олиш мақсадида.

Сир эмас, орамизда тўрт мучали соғ бўла туриб, ўзгалардан кўмак кутадиган,вақтида ёлчитиб ўқимаган, бирор бир ҳунарнинг этагидан тутмаган, оқибатда ҳаётдан ўз ўрнини топишда қийналиб юрган кишилар учраб туради.Биз бундай кишиларга тақдирнинг бешафқат зарбаси боис икки қўл ва бир оёқсиз туғилган Меҳрибонлик уйидаги шу болани ибрат қилиб кўрсатган бўлур эдик.Гап шундаки, имконияти чеклангани, иқтидори назарда тутилиб, Бухоро шаҳри ҳокимининг тегишли қарори билан у ҳомийлик остига олинган.Бошқача айтганда, Петр ўз келажагидан хавотирланмай, хотиржам яшаши мумкин.Лекин бу нарса унга ёт.Тиниб – тинчимас иқтидор эгаси Аллоҳ берган қобилиятни ишга солиб, эртага таниқли рассом бўлиб етишмоқчи, бетакрор санъат намуналари яратмоқчи.Ўхшаши йўқ Ўзбекистонимизнинг гўзаллигини мўйқалам орқали бутун дунёга кўз – кўз қилмоқчи.

Бундайлар ҳар қандай эъзозга, таҳсинга лойиқ, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019