ИИВ қамоқхонага борган депутатни танқид қилди

17:21 03 Август 2018 Жамият
1241 0
Фото: api.uz

Бугун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни: талаб ва тавсиялар» мавзусида амалий семинар ўтказилди. 

Тадбирда иштирок этган ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб 13 минг 599 тага ёки 38,67 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 8 минг 568 тага ёки 38,86 фоизга камайган.

Жумладан, қотиллик 17,63 фоизга ёки 49 тага, ўртача оғирликдаги жиноятлар 42,13 фоизга ёки 5108 тага, оғир жиноятлар 21,72 фоизга ёки 989 тага, ўта оғир жиноятлар 33,83 фоизга ёки 458 тага, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 38,23 фоизга ёки 224 тага, талончилик 58,80 фоизга ёки 254 тага, босқинчилик 58,60 фоизга ёки 109 тага, ўғрилик 44,36 фоизга ёки 2970 тага, фирибгарлик 39,21 фоизга ёки 1898 тага, безорилик 50,13 фоизга ёки 393 тага, автомототранспорт воситаларини олиб қочиш 43,40 фоизга ёки 46 тага, товламачилик 45,52 фоизга ёки 66 тага, гиёҳвандлик 23,32 фоизга ёки 443 тага камайишига эришилди.

«Таъкидлаш керакки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш фақатгина ИИВ, балки барчанинг кундалик ишига айланиши зарур. Албатта, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. ИИВ Матбуот хизмати ОАВ учун барча маълумотларни тақдим этишга тайёр. Шу ўринда ОАВ айнан ушбу соҳани ёритиш бўйича алоҳида журналист ажратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки ўрганишлар шуни кўрсатяптики, кўп ҳолларда журналистлар воқеа-ҳодисани тўлиқ ўрганмасдан фикр билдиряпти, ёритяпти. Бу эса омма ўртасида тушунмовчииликларни келтириб чиқармоқда.

Масалан, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати жазони ўташ муассасасидаги ўрганишдан кейин ижтимоий тармоқлар орқали «Жазони ўташ муассасаларидаги ходимларнинг ойлик-маоши бу ердаги маҳбуслар сонига боғлиқ экан» деган фикрни билдирди. Бундай фикр билдириш нотўғри деб ўйлайман. Ёки Каттақўрғондаги воқеа сабаб бутун тизимни ёмонотлиққа чиқариш ҳам яхши эмас. Чунки тинчлик учун ўз жонини фидо қилаётган ходимлар ҳам борлигини эсдан чиқармаслигимиз керак», деди Бурҳонов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар