Қорачиқдаги ватан ​

17:07 09 Сентябр 2019 Жамият
247 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

(ЭССЕ)

Одам боласи ўзлигини англаб, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади.

Ҳар гал Амударё бўйида минг йиллардан бери қад ростлаб турган Чилпиқ қаъласини кўрганимда, қадим Хиванинг Ичанқаъласи-ю Дишанқаъласида, Бухоронинг Арки, Самарқанднинг Афросиёбию Регистонида, Тошкентнинг Ҳазрати Имом мажмуаси-ю Кўкалдошида бўлганимда қалбим ажиб бир ғурур ва сурур, фахр ва ифтихор туйғуларига тўлади. Тўмарис, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди сингари халқ қаҳрамонларини – халқимиз достонларда куйлаган Гўрўғлию Алпомишларни эслаганимда, Ватанга муҳаббат туйғуси нақадар буюк ва улкан эканини ҳис этаман. Аму билан Сирни қучган, Зарафшондан сув ичган,дунёга даҳоларни етказиб берган юрт бу – менинг Ватаним!

***

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бундан йигирма саккиз йил аввал қутлуғ бир тонг отди. Бирам ёқимли, бирам роҳатбахш мустақиллик шабадаси эса бошлади. Одамлар ҳаётида тамомила янгича яшаш ва яратиш фасли бошланди. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди.

“Ватан – остонадан бошланади,” дейдилар. Эҳҳе, ўтмишда не-не жаҳонгиру султонлар шу Ватан тупроғи учун жон олиб жон бермади. Улуғ ватанпарвар шоир Фурқат шу Ватан тупроғини қўмсаб Қашқарда жон берди. Шоир айтмоқчи, “Ё, Қашқар тупроғи қашшоқмиди.” Бобораҳим Машраб шу Ватан тупроғини кўзга суртиб сарбасар кезди. Ҳар-бир сатрида она, Ватан туйғуси уфурди. Зеро, машҳур халқ оқини Эргаш Жуманбулбул ўғли “уч юз олтмиш дараси бор, Оқтовнинг” деб ёзганида, улуғ момомиз Тилла кампир қозоқ оқинига Қўрғондаги қудуқ бошида:

Фалакнинг гардишин кўр

Худойимнинг ишин кўр

Мен билмайман ёшини

Оғзин очиб тишин кўр

деганида Ватаннинг ҳар-бир қаричи, Ватан эканлиги англанмайдими?!

Болалигимда бобомдан: “Одамни туғилган юрт тупроғи ўз бағрига тортади” деб кўп эшитганман. “Ўзга юртнинг боғи билан боғчаси ўз юртимнинг янтоғича кўринмас,” деб куйлаган экан, бир шўрлик ҳофиз. Ўз киндик қонинг тўкилган заминга қадам қўйишинг билан қайноқ меҳрни, этни жимирлатувчи ҳисни ва ғайришуурий бир куч-қудратни сезасан, киши. Шу паллада ердан, ҳаводан инсон шуурига тафаккурни идрок эта оладиган куч оқиб киради. Бу куч ҳеч қандай қаршиликсиз сенинг юрагингда инжа ва нафис сезгини уйғотади. Бу сезги юракларни орзиқтириб юборади. Бу сезгидан олдин англанган ҳаракат йўқдек, гўё. Бу сезги онгдан кўра тезроқ, онгдан кўра дадилроқ ва бехатороқ ишлайди. Эҳтимол, бу сезгини Ги де Мопассан: “Ватанпарварлик илоҳий туйғудир...” деганида, шуларни назарда тутгандир.

***

Ҳар гал тонгда “Муножот"ними, “Қори наво"ними, тинглаганимда вужудимда ажиб бир енгиллик сезаман. Асрлар қаъридан силқиб, қалқиб келаётган бу наволар нега бунчалар дилга яқин, нега қон-қонимни кўпиртиради. Шоир айтмоқчи, асрлар дардини сўйлаётган бу наволарда асрларнинг кўз ёшлари, қувонч ва ташвишлари мужассам. Ким билади, балки бу оҳанглар бизга қаҳрамон Пойкант, Хоразм, Муқанна ва Чингизга қарши сўнгги нафасигача жанг қилиб ёниб битгани, Улуғбек кутубхонасини ёққан гумроҳлар, Насимий “Аналҳақи”, Жалолиддин жасорати, Амир Темур матонати ҳақида нималарнидир сўзлаб бермоқчи бўлаётгандир. Нима бўлгандаям, ўтмиш ўтмишлигича қолди. Кимлар яратди, кимлар йўқотди. Зеро, Галилео Галилей айтмоқчи: “Ер барибир айланаверди”. Лекин, Ватан ватанлигича қолаверади.

Бош устингдан ўтди кўп замон,

Ўтди Будда, ўтди Зардўшти

Ҳар учраган нокасу нодон,

Она халқим ёқангдан тутди.

Сени Чингиз ғазабга тўлиб,

Йўқотмоқчи бўлди дунёдан

Жалолиддин самани бўлиб,

Сакраб ўтдинг Амударёдан

Сенсан ўшал саманим маним,

Ўзбекистон Ватаним маним.

Бу ёниқ сатрлар мозийнинг гоҳ Оллоҳ томонидан яхши яшаш учун туғилган инсон ер, бойлик ҳирсу ҳаваси йўлида ҳамжинслари томонидан азоб-уқубатларга дучор қилингани, лекин у озодлик йўлида курашдан бир дақиқа ҳам тўхтамагани ҳақидаги аччиқ-аламли саҳифалардан ҳикоя қилса, гоҳ тақдирнинг минг бир шўришу ғавғоларини ўтказиб ҳам эгилмаган, синмаган халқ жаҳонга даҳоларни етказиб бераверганини қувониб, тўлиб тошиб сўзлайди. Демак, инсониятга қилинган хизмат, эзгулик унутилмайди. Тарих ғилдираги остидан тошда унган гулдек угина омон чиқади. Улуғлар номи тиллардан тилларга, эллардан элларга кўчаверади.

Менинг мустақил она юртим бугун навқирон йигирма саккиз ёшга тўлди. Ўтган қисқа ва долғали даврда жамият ҳаёти, одамлар онги-ю шуурида шундай оламшумул ўзгаришлар юз бердики, уни сўз билан таърифлаш мушкул...

***

Бугунги глобаллашаётган шошқалоқ вақт, худди бармоқларим орасидан сизаётган қумга ўхшайди. Ҳаёт ўз йўлида ҳар қандай макону замонларни писанд қилмай олға кетаверади. Бу дунёда ватанда фақат яхши ишлар, яхши амалларгина қолади. Улуғ Соҳибқирон бобомиз Амир Темур “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурган иморатларга боқинг!” деганида нечоғлик ҳақ эканлигини, бундан олти аср илгари қурилган мақбараю мадрасалар кўз-кўз қилиб турмаяптимикин?..Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўпгина тарихий қадамжолар обод қилинди. Бунга ёрқин бир мисол Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасидир...

Агар мустақиллик бўлмаганида, кечаги кунгача ярим вайрона бўлиб қолган Бибихоним мадрасаси, Оқсарой, Улуғбекнинг фалаккиёт расадхонаси ва бошқа тарихий обидалар бугунги чирой ва жозибаси билан қайта жонланмаган бўларди. Айтингчи, ўтган давр муқаддас қадамжоларимиз қаровсиз ҳолда чўкиб, ўт босиб ётгани қай биримизнинг юрагимизни эзмаган. Бугун Имом ал-Бухорий, Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Зангиота, Имом ат-Термизий сингари буюк аждодларимизнинг муқаддас қадамжолари ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлангани, юзлаб тарихий обидалар тиклангани ўзликка қайтиш, миллий қадриятларга эътибор эмасми?!

Хуллас, кейинги йилларда мамлакатимиз том маънода яшнаб-яшариб бормоқда. Кам таъминланган оилалар, имконияти чекланган инсонларга имтиёзли шаклда турар-жой бинолари, ёш оилалар, ҳарбийлар учун алоҳида уйлар, мактаблар, санъат саройлари, спорт заллари ва шифо масканлари қурилишидек бениҳоя катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигини-ку қўяверинг.

Умид СОРИЕВ,
("Халқ сўзи")


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019