Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди

12:56 21 Октябр 2020 Сиёсат
249 0

Олий Мажлис юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурасига парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Бугун, 21 октябрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида ушбу парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ички ишлар вазирлиги томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар тасдиқланиб, ижрога қаратилган. Хусусан, БМТнинг 1984 йилдаги Конвенцияси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича янги тартиб йўлга қўйилган.

Ички ишлар органларининг 468 та маъмурий биноси, 91 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 13 та махсус қабулхона, 12 та реабилитация маркази, 43 та жазони ижро этиш муассасаси, 11 та тергов ҳибсхонасида жами 9 547 та кузатув камераси ўрнатилган.

Прокуратура органлари томонидан эса жорий йилнинг 7 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 116 та текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2 783 та тақдимнома киритилган.

Мажлисда сенаторлар парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалаларни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бартараф этиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан бир ой муддатда БМТнинг 1984 йилдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги белгиланди.

Яна бир жиҳат. Бош прокуратура ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда хизмат олиб борувчи ходимларининг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларининг барвақт олдини олиш ҳамда қонунчилик бўйича билим савияларини ошириш, касбий малакаси ва амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги билдирилди.

Қолаверса, 2021 йил якунига қадар барча ҳудудий тергов бўлинмаларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этиш зарурлиги борасида сўз юритилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ҳам тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларини эшитишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир этилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш ва муҳокама қилиб бориш тавсия этилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?