Ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икрамов сенатор Фаррух Дадахўжаевнинг сўзларига муносабат билдирди

10:52 14 Декабрь 2019 Жамият
557 0

Фото: 7news.uz

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг жорий йил 13 декабрда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида, қўмита раиси, сенатор Фаррух Дадахўжаев йўллардаги патруль постлари фаолияти юзасидан тўхталиб, хусусан, катта йўллар бўйидаги патруль постларининг ҳар бири криминалнинг уяси экани, ноқонуний постлар борлиги ҳамда йўл бўйларида “Stop” белгисини қўйишда ноқонунийликлар кузатилиши ҳақида фикр билдирган эди.

Бундай субъектив ёндашув Фаррух Дадахўжаев томонидан илгари ҳам, профилактика инспекторларининг хизмат машиналарига бензин қуйиш нонвойчиларга қолиб кетган, деб билдирган фикрида ҳам кузатилган эди.

Мазкур фикр хусусида Ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икрамов қуйидагича изоҳ берди.

— Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборатдир.

Халқ посбони бўла туриб, ҳуқуқбузарлик содир этган ҳар қандай ходим қатъий жавобгарликка тортилади. Бироқ, ҳеч кимнинг ички ишлар органи ходимларини қонунчиликни бузишда асоссиз айблашга ҳаққи йўқ.

Мутасадди раҳбарлардан оммавий ахборот воситаларига баёнот беришда аниқ фактларга асосланишларини ва ноўрин ҳамда хақоратомуз гаплардан қочишларини талаб қиламан, дейди Азизбек Икрамов.

Шунингдек, “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” (“Stop”) белгисини ўрнатилиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 1-иловасида аниқ белгилаб қўйилганлигини, ички ишлар органлари эса белгиланган тартибни ижрочиси эканлигини эслатиб ўтмоқчиман.

ИИВ Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?