Ички ишлар вазири Қашқадарёга ташрифи давомида 11 нафар лоқайд раҳбарларни ишдан бўшатди

16:13 30 Июль 2018 Жамият
556 0
Фото: ИИВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойишига асосан Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 23-26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижроси аҳволи билан яқиндан танишди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ички ишлар вазири Қарши, Китоб, Касби, Қамаши, Нишон, Шаҳрисабз туманлари ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлимлари, ушбу шаҳар ва туманлардаги ички ишлар органлари таянч пунктлари, вилоят ички ишлар бошқармаси Қўриқлаш, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ва ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.

Тўрт кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 26 июль куни вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П. Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Кўрилган комплекс чоралар натижасида вилоят бўйича умумий жиноятлар 1.139 тага ёки 50,3 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 644 тага ёки 45 фоизга камайганлиги қайд этилди. Қарши шаҳрида “Эзгулик патрули”, Шаҳрисабз шаҳрида “Хавфсиз туризм” фаолияти йўлга қўйилгани, вилоят ҳудудида жами 481 та “Жамоатчилик назорати масканлари” ташкил этилгани ва аҳоли гавжум бўладиган 7 мингдан зиёд объектларга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани жиноятчиликка қарши курашишда натижадорликка эришишни таъминлагани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, айрим шаҳар ва туманларда тегишли чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли олиб борилмаётганлиги, профилактика инспекторлари ўз фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда ташкил этмаётганликлари оқибатида оила-турмуш ва қўни-қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётгани, вилоятда мавжуд 730 та маҳалланинг 61 фоизида жиноят содир этилишига, 138 тасида эса жиноятлар ошишига йўл қўйилганлиги, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар секторларда ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши таъминланмай, тадбирлар манзилли ўтказилмаётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётганлиги, шахсий таркиб билан билим савиясини ошириш, тарбиявий ишлар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилмаганлиги натижасида раҳбарлар ва ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш, ҳатто жиноятлар содир этиш ҳолатлари келиб чиқаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Шу жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаровлар, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Бахромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов, ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризакуловлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар