Ички ишлар ходими ва хотинига қўл кўтарган ҳайдовчи жазоланди

16:22 04 Июнь 2018 Жамият
1027 0

Шу йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда “В Узбекистане водитель избил сотрудника ГАИ и свою жену” сарлавҳали видео тарқалганди.

ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси берган хабарга кўра, видеода келтирилган ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан олинган маълумотга кўра, Қонликўл тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи инспектори, кичик сержант О.Бегжанов 2017 йилнинг 22 май куни соат 20:30 лар атрофида А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган вақтида,   қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиб келаётган “Нексия” русумли давлат рақам белгиси 95 А 023 СA бўлган автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчиси А.Е.Утемуратовдан тегишли ҳужжатларини сўраганида, ҳайдовчи ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмаган.

Шу сабабли инспектор автомашинани вақтинчалик жарима майдонига қўймоқчи бўлганида, ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан қўпол муносабатда бўлиб, ходимнинг хизмат кийимидан ушлаб, йўлнинг пастки қисмига итариб юборган.

Ҳолат юзасидан 2017 йилнинг 15 ноябрь куни Қонликўл туман жиноят ишлар бўйича судининг ҳукмига кўра, судланувчи  Утемуратов Азамат Ерназар ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун айбдор деб топилиб, унга нисбатан “360 (уч юз олтмиш) соат мажбурий жамоатчилик иши” жазоси тайинланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар