Ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини пасайтириш — бугунги куннинг энг муҳим талаби

11:23 22 Октябр 2020 Сиёсат
585 0

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш – бугунги куннинг энг муҳим талаби. Зеро, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борадаги ишлар пандемия бошланган илк кунларданоқ тизимли равишда, чуқур ўйланган режа асосида йўлга қўйилмаганида, бугун ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш жуда оғир кечиши мумкин эди.

Бинобарин, сўнгги уч йилда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгаргани, бозорларни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини берди.

Лекин шунга қарамай, вилоят бозорларида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши аҳолини саросимага солиб қўйди. Хусусан, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, юртимизда 23 фоизга қимматлашди.

Хўш, бундай вазиятда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун қандай чоралар кўриш керак? Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига узлуксиз ва етарли ҳажмда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун нималар қилиш зарур?

Таъкидлаш жоизки, ички бозорни озиқ-овқат билан тўлдириш, уларни ишлаб чиқариш соҳасида ўз-ўзини таъминлашга эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисобланган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Чунки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи саналади. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан унумли, самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг юқори бўлишига эришиш зарур.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида 2021 йили озиқ-овқат тизимлари бўйича Саммит чақиришга чорлаб, бутунжаҳон ҳамжамиятини озиқ-овқат ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва истеъмол қилишга ёндашувни тубдан ўзгартириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақиргани ҳам бежиз эмас. Мақсад битта – очарчиликни бартараф этиш, овқатланиш билан боғлиқ касалликларни қисқартириш, сайёрамизда озиқ-овқат тизимларини ислоҳ қилиш бўйича хабардорликни ошириш ва аниқ чораларни келишиб олишдир.

БМТ Озиқ-овқат дастури бош директори С.Донгюнинг таъкидлашича, самарасиз сиёсий қарорлар, жумладан, айрим мамлакатлар томонидан озиқ-овқат экспортининг чекланиши озиқ-овқат танглигини келтириб чиқаради ва кенг миқёсли гуманитар ҳалокатга олиб келади.

Коронавирус пандемияси шароитида гуруч экспортини тўхтатган Вьетнам, ун, гречка ва сабзавотлар, жумладан, пиёз, сабзи ва картошка экспорт қиладиган Қозоғистон, гречка, пиёз ва саримсоқпиёз экспорт қиладиган Беларус, лимон экспорт қиладиган Туркиянинг ҳаракатлари жаҳон бозори учун салбий бўлмоқда. Россия ҳам муҳим харидорлар томонидан сўров мавжудлигига қарамай, дон сотишни тўлиқлигича чеклади.

Бутун дунёда озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбарияти нафақат ички талабни қондириш, балки ташқи бозорга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини берадиган муҳим ва зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳим миссияси ва ҳар бир давлатнинг ушбу мураккаб даврдаги долзарб вазифаси халқаро ҳамжамиятда алоҳида хавотир ва ташвиш уйғотувчи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндашишдир.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Сир эмаски, қадим-қадимдан бозордаги тартиб маҳаллий амалдорлар томонидан қаттиқ назорат қилинган. Улар молнинг сифати, нархи билан бир қаторда, тарозининг тўғрилигига эътибор қаратган. Бугунги кунда эса мамлакатимизда бозорлар фаолиятини амалга оширишнинг қонуний тартиб-тамойиллари ишлаб чиқилган. Унга кўра, бозорлар нарх-навонинг мутаносиблиги, сифатли маҳсулотлар сотилиши, санитария-гигиена қоидалари ва шу каби бир қанча талабларга жавоб бериши керак. Бу тартибларнинг ижросини назорат қилиш эса бозор маъмуриятидан тортиб, маҳаллий ҳокимлик, солиқ ва бошқа бир қатор ташкилот ва органларнинг вазифасига киради.

Аммо бугун уларнинг қай бири амалда бунга кераклича эътибор қаратяпти? Ахир у ёки бу давлатнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқаро вазиятдан қатъий назар, аҳолининг барча қатламларини фаол ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун зарур хавфсиз, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга боғлиқ-ку.

Шундай экан, аҳолининг гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва бошқа шу каби маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳар бир раҳбар, айниқса, туман ва шаҳар ҳокимларида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача ушбу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши керак. Акс ҳолда бугун кўрилаётган барча чора-тадбирлар, сарфланаётган маблағлар самарасиз кетиши мумкин.

Нодир АБДУВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?