«Ибрат» фильмининг илк премьераси Тўрақўрғонда ўтказилди

12:00 02 Октябр 2020 Маданият
255 0

Ўз даврининг улуғ алломаларидан бўлган маърифатпарвар инсон Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибратнинг бундан 120 йил аввал амалга оширган эзгу ишларининг эътирофи сифатида у туғилиб ўсган Тўрақўрғон шаҳрида рўёбга чиқарилган хайрли тадбирлардан бутун Ўзбекистон аҳли воқиф. Хусусан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда барпо этилган муҳташам Хотира мажмуаси, ундаги кўркам боғ ва хиёбон, тиллар мактаби ҳамда бошқа иншоотлар бугунги авлоднинг табаррук инсонга эҳтироми нишонасидир. Юртимиз киноижодкорлари томонидан яратилган «Ибрат» бадиий фильми эса ўз ҳаётини илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига бағишлаган бобомиз хотирасини абадийлаштириш борасидаги навбатдаги қадам бўлди. 

Кеча Тўрақўрғонда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Киномания» студияси томонидан суратга олинган мазкур фильмининг тантанали тақдимоти ташкил этилди. Унинг иштирокчилари дастлаб мажмуадаги Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Шундан сўнг туман марказидаги «Ширинлик» маданият саройида янги фильм илк бор намойиш қилинди.

Тақдимот чоғида сўз олган «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов, агентлик директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев, режиссёр Жаҳонгир Қосимов, актёр Матёқуб Матчоновлар фильмни суратга олиш жараёни, ижодкорларнинг Ибрат домланинг чинакам маърифатпарвар ва улуғ устоз бўлганлигини очиб бериш йўлидаги саъй-ҳаракатлари хусусида гапирдилар.

Айтиш лозимки, янги фильм унинг илк томошабинлари, жумладан, Исҳоқхон тўра Ибратнинг авлодлари томонидан зўр қувонч билан кутиб олинди.

— Фильмни кўрган томошабин бобомизнинг ўз замондошлари ҳаётига юксак маданият, маърифатни олиб кириш учун жонини-да аямаган фидойи инсон бўлганлигини дарров сезиб олади,-дейди Ибратнинг чевараси Исмоилхўжа Сулаймонов. — У киши бошлаган маърифатпарварлик ишлари, миллат маънавиятини юксалтириш орзулари бугунги авлод ҳаётида рўёбини топаётгани барчамизни қувонтиради. Тарихий фильмни маромига етказиб суратга олган киноижодкорларга Исҳоқхон Ибрат авлодлари, бутун тўрақўрғонликлар номидан миннатдорчилик билдираман.

«Ибрат» бадиий фильми тақдимотида Наманган вилояти ҳокими Ш. Абдураззоқов иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?