"Хуржунимда сўзлар буғланавериб, Булутга айланиб кетади охир". 

11:30 10 Март 2020 Маданият
629 0

“Халқ сўзи” газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида “Ёш ижодкорлар гурунгги” ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.

Навбатдаги ижодкор фарғоналик ёш таржимон Нозима Ҳабибуллаева.

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА — 1996 йил Фарғона вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган (2019). “Мовий қўшиқ” номли шеърий тўплами ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан 10 минг нусхада чоп этилган. Зомин республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Рус, турк ва озар тилларидан таржималар қилиб боради. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори (2020). Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси.

Эхо

П. ВАСКО

Бўм-бўш хона –

Қотиб қолган вақт,

Ичимга беркина бошлайман.

Аккиллайди менга қараб шифт,

Ва мен унга суяк ташлайман.

Торайиб келади бурчаклар,

Гилам бош кўтарар бақириб,

Хуради, ҳорийди деворлар,

Суякла сийлайман ҳар бирин.

Суякла сийлайман ҳар бирин…

Бўм - бўш хона –

Увиллайди вақт.

Бўм-бўшман (суягим қолмаган!)

Юзлаб жавобларда қичқириққа айланаман.

Қайтараман!

Қайтараман!

Қайтараман!

Акс садо ўлмаган!

Ўлмаган!

Ўл-ма-г-а-а-н!

Суҳбат

Айт, нега воз кечиб нафис оқимдан,

Пишқириб боряпсан тошмоққа маҳтал,

ахтар

соҳилингдан чиқмоқ йўлини,

деворлар тирсиллаб кетсин ёрилиб,

Сенга қандай чўзай ёрдам қўлини -

Қаердан чиқариб юборай Эркка?

Қоним-ай, озодлик истайсан,

йўқ- йўқ!

Сен ўпич кутяпсан қуёшдан

аммо,

Бунинг оқибатин билмайсан ҳамон,

ёмон,

Кул бўлар, кул, Қуёшнинг лаби!

Тушунгин, мен сени тушунган каби.

Тошланма. Оғирлаб боряпман, токи

Енгилмасдан енгил учгил ҳалинчак,

Ва бешак,

айланган бошим мисоли,

бўғзимдан қайтгувчи ёшим мисоли

чархпалак бўласан вужудим узра.

Излан

Мени изла...

Биламан,

эрк бердим эрксизлигимга,

Даҳл этиб сарҳадли чексизлигимни

Чақиб бораётган алвон илоним.

Оқавер,ҳар қанча ўзингга томон,

Тўхтама!

Давом эт,

давом эт,

давом!

Ҳимоя

Кўзларимга диққатинг қарат,

Оловларни кўмганман

қайноқ

Кулгуларинг атиргулини

лабларингдан оламан узиб.

Мен соҳилга айланяпман боқ,

Кўнглингдаги илк баҳор узра,

Ҳатто, қувонч кўзёшларингда

томчиларнинг сарҳади менман.

Эркинлигим шундан иборат.

Ижозатга тушмайди изим,

Ҳақиқатнинг бармоқлари-ла

қазирканман ўзимни ўзим

Дилдан

дилга ўтиб бораман.

Ҳимоя қиламан,

кўзларингдаги

осмоннинг энг кичик дарчасигача.

Заминнинг кафтимиз ичра чизилган

парчасигача...

Қара,

Навқирон олмалар қувончи синар,

Тўкилар булбулнинг қўшиқларидек,

Бўғзингни арралаб борар жазава.

Кесилган дарахтлар тахламларини

Ортмоқлаб бораркан ёғоч арава.

Бир чора топаман! Зора топаман....

Ҳечкимга бермасам кўзинг шамсини.

Буларнинг бари

ҳо-ов очлик маҳали

бурда нон мисоли азиздир менга.

Мудофаа сақларкан токи жонимни,

Емайман, ҳечкимга бермам нонимни!

***

Яна ВАСКО

О, кўзларинг нурафшон кўча,

унда йўқ поён.

Гавҳарида қалдирғоч яшар

энтикканча жанубга томон.

Япроғини тўколмас дарахт,

Ундан ҳуркак кўксинг титроғи.

Осмон мовий сўзингга тўлган,

Қуёш - қулоғим.

Кетиш

Бу ерда эмасман,

Бу ер мендамас.

Жойлаша олмадик бир- биримизга.

Майли, кираверинг,

Майли, қидиринг,

Сиқиб олинг ҳамма йўқликлар сизга!

Қайдадир қобирғам тегирмон бўлиб

янчаётир бўшлиқ доналарини.

Арзон орзуларнинг ёнгандан қолган

Қолдиғи кулдонда тутайди ғариб

Бу ерда эмасман.

Чайқалиб ётади боғланган қайиқ

Қизил тўлқинларни аллалаб сокин.

Ҳуржунимда сўзлар буғланавериб

Булутга айланиб кетади охир.

Бу ерда эмасман,

Бу ер мендамас

Жойлаша олмадик бир-биримизга.

Энди узоқ кетдим,

Қайгадир етдим.

Йўқлигим

Сизга!

***

Нелли ЗАКС

Оқшом қайда бўлса шундасан,

бунда

Биргасан,

дунёга қўл силтган илмлар ичра.

Узоқдан

бармоғинг титроғи учраб

тегсаёқ бўялар кема устуни:

Қанотланар кема,

рангланар денгиз...

Номаълум денгизнинг харитасини

мусиқага жойлаб симириб ётар

сенинг қулоқларинг- чиғаноқларинг.

Пойдевор, кўприклар...

Буёқдан

уёққа қадар чўзилган

Эҳтимол, жуда жўн топишмоқ

Аммо,

Жавоб топганлар ўлган...

Рус тилидан

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА таржималари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?