Ҳуқуқ ҳимоячиларидаги ҳалоллик ҳисси. Тошкент давлат юридик университетида бошланган янги ҳаёт ҳақида

15:59 15 Февраль 2019 Жамият
1394 0

Архив фото

Халқдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Бири бўлмаса бошқаси, албатта, хабар топади...

Бундан олти-етти йил аввал хизмат сафаридами, ёзги таътилдами бирор ҳудудга йўлимиз тушса, иш жойимизни ичикилаб суриштирган суҳбатдошимиз бироз ҳавас ва очиқча ҳасад аралаш: “Ў-ў, зўр жойда ишлар экансиз-у, битта болани ўқишга жойлаш кўкида фалон минг дейишади, сизларга маош ҳам керак эмасдир, а?” деганида ҳар қанча ғазабланмайлик, тилни тишлашга мажбур бўлардик. Ахир “бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон” дейдилар.

Шукрки, бугун ҳамюртларимиз мен ва ҳамкасбларимга бошқа гапни айтмоқда: “Сизларнинг университетингизга кириш ҳам, ўқиш ҳам роса қийин дейишяпти. Ўзлаштирмаганлар, кимни боласи бўлмасин, “отчисления”га тушяпти экан. Аввалгидек, “кирволса бўлди – битиради” деган гаплар йўқ бўлибди... шулар ростми?”

Халқ ҳамма нарсани билади, сезади. Шу туфайли ҳам ўзбекнинг дилбар шоири Омон Матжон камтарлик ила “Эл билса бўлди...” деганди.

Демак, мақоламиз Тошкент давлат юридик университетида кечаётган бугунги қизғин жараёнларнинг бир қисмини акс эттириш орқали ўша элни қўшимча маълумотлардан хабардор қилишга бағишланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, юридик таълим сифатини тубдан юксалтириш, бунинг учун эса Тошкент давлат юридик университети фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш масаласини шахсан назоратига олгани – соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва ижобий ўзгаришларнинг самарадорлигини таъминламоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги, 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар ижроси тўла ва тўкис таъминланишига қаратилган эътибор бир кун бўлсин сусаяётгани йўқ.

Мазкур ҳужжатларга биноан мамлакатдаги барча даражадаги юридик таълимнинг таянч даргоҳига айланган университетнинг илмий, педагогик, маънавий-маърифий салоҳияти сезиларли ортганини нафақат республикамиз, балки хориж мутахассислари ҳам эътироф этишмоқда. Бу ерда миллий олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб ўқитишнинг модулли кредит тизими муваффақиятли жорий этилди. Талабаларнинг профессионал юрист бўлиб етишишига хизмат қиладиган фанлар сараланиб, уларнинг сони оптималлаштирилди, янги фанлар киритилди. Ҳар бир маъруза, амалий машғулот ва семинарнинг барча жиҳатдан қизиқарли ўтишини таъминлайдиган замонавий педагогик технологиялар фаол қўлланилаётгани эвазига дарслар ўз номига яраша мазмун, салмоқ касб этаётир. Тўла капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган аудиториялардаги машғулотларни университет раҳбарияти, ўқув бошқармаси мутасаддилари хоҳлаган пайтда кузатиши, ўрганиши мумкин. Университетнинг барча биноларида, ахборот-ресурс марказида бепул Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилгани талабаларнинг машғулот ва синовларга пухта тайёргарлик кўришини таъминламоқда.

Модулли кредит тизимининг нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар фаолияти, ўз вазифасига бўлган муносабатига кўрсатаётган ижобий таъсирини ҳис қилмаслик мумкин эмас. Бу тизим, таъкидланганидек, машғулотлар сифати ва самарасини кескин ошириши баробарида, талабалар билимини баҳолашда ҳам объективлик таъминланишининг кафолати бўляпти. Аксарият назорат турлари – синов ва имтиҳонларнинг ёзма шаклда ўтказилиб, талаба исми-шарифи яширилган ҳолда текширишга берилиши, текшириш жараёни ҳам махсус хоналарда, кузатув камералари остида ўтказилиши ҳар қандай қинғирликнинг, таниш-билишчиликнинг пайи қирқилишини таъминлаяпти.

Бу дегани – ўқишдан, изланишдан, пухта билим олишдан талабанинг ўзи манфаатдор, акс ҳолда уни қайта имтиҳон топшириш, унда ҳам бўлмаса, курсда қолиб, яна бир неча йил ўқиш, демакки, шунга яраша яна шартнома пулини тўлаш кутиб турибди, деганидир. (Ҳар семестр ва йил якунига кўра, бир неча ўнлаб талабаларнинг ўқишдан четлатилаётгани, уларнинг айримлари даъво аризаси билан судга мурожаат қилганда, барча судлар университет қарорини тасдиқлаётгани ҳам сўзимиз исботидир.)

Шунинг учун ҳам бир пайтлар ҳувиллаб ётадиган университет кутубхонасининг барча ўқув заллари, ҳатто йўлакларда, фойеларда ташкил этилган Wi-Fi ҳудудлари йил – ўн икки ой талабалар билан тўла, тирбанд. Ахборот-ресурс марказида бўлса, нафақат миллий ҳуқуқшуносликнинг, балки дунё юридик фанининг энг сара адабиётлари, фан тарихига оид ноёб китоблар, бадиий адабиётлар талабалар ва профессор-ўқитувчилар ихтиёрида.

Университет раҳбарияти замонавий таълим сифатини таъминлашда хорижий тажрибанинг ўрни ва аҳамияти ғоят муҳим эканидан келиб чиқиб, чет элнинг кўплаб нуфузли олий ўқув юртлари, илмий марказлари билан яқиндан алоқа ўрнатган. Бугунги университет 17 та хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳамда учта халқаро ташкилот билан ўзаро манфаатли шартнома, келишув ва меморандумларга эга. Улар орасида Буюк Британиянинг Ҳуқуқ университети, Германиянинг Шпайер шаҳридаги Германия маъмурий фанлари университети, АҚШнинг Бостон коллежи Ҳуқуқ мактаби, Франциянинг Тулуза I университети, Япониянинг Нагоя, Осака университетлари, Хитойнинг Шимоли-ғарбий, Шимолий Хитой, Шанхай сиёсат ва ҳуқуқ университетлари, Россия Федерациясининг Олий судлов Россия давлат университепти, Урал давлат юридик университети сингари нуфузли олий ўқув юртлари бор. 2016-2018 йиллар мобайнида ТДЮУнинг 100 нафар педагог-ходими хорижий хизмат сафарига юборилиб, йирик илмий анжуманларда маърузалар ўқишди, у ердаги ижобий тажрибаларни ўрганиб қайтишди. Ўз навбатида хорижлик профессорлар, экспертларнинг ТДЮУ ўқитувчиларига, талабаларига семинар-тренинглар, мут-кортлар, таълимнинг интерактив усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказилиши мунтазам ташкил этиляпти.

ТДЮУ талабаларидан ташкил топган гуруҳлар илк маротаба 2017 йилда Ф.Джессап (Jessup Moot Court Competition) номли халқаро танловда ҳамда 2018 йилнинг 23-29 март кунлари Австрияда ўтказилган Виллем Вис (Willem C.Vis Moot) номли халқаро танловда муваффақиятли иштирок этдилар. Ўз навбатида Япониянинг Нагоя университетидан 20 нафар талаба, М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети ва Каспий университети магистр ва докторантлари ТДЮУда стажировка ўташди. Айни пайтда университетда 13 нафар хорижий талаба шартнома асосида таҳсил олаётган бўлса, ТДЮУнинг ўнлаб талабалари Япониянинг Нанзан, Рицумейкан, Нагоя, Осака, ХХРнинг Цзяньдзин университетларининг таълим грантларини қўлга киритишди.

2018/2019 ўқув йилининг 2-семестридан бошлаб ТДЮУда АҚШнинг Street Law Inc ва “White & Case” ташкилотлари билан ҳамкорликда “Street Law” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Айни мақсадда университет ўқитувчилари АҚШ ва Россия таълим муассасаларида малака ошириб қайтишди. Мазкур лойиҳа доирасида ТДЮУнинг юқори курс талабалари, магистрлари томонидан юридик коллежлар ва мактабларда юриспруденция бўйича дарс машғулотлари олиб борилади.

Буларнинг ҳаммаси университет фаолиятининг халқаро андозаларга тезроқ мослашишига, бу ердаги илм дунёга, дунё илми эса университет аудиторияларига кириб келишига хизмат қиляпти.

Университет профессор-ўқитувчилари кўплаб янги қонунлар лойиҳаларининг тайёрланиши, экспертизадан ўтказилиши, йирик давлат дастурларининг ишлаб чиқилишида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Уларнинг давлат бошқарув идораларига, вазирлик ва қўмиталар, хорижий лойиҳаларга тез-тез ишга таклиф этилаётгани ТДЮУдаги ўқитувчи кадрлар танлови сифатидан дарак беради. Энг эътиборлиси – Президентимиз Фармони билан кейинги йилларнинг ўзида устоз мураббийлардан З.Эсанова, О.Оқюлов, Н.Скрипниковлар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист”, М.Аҳмедшоева эса “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвонлари билан тақдирланиши университетдаги ишларга берилган юксак баҳодир.

Бугунги юридик университетнинг ҳар бир курсида инглиз тилида таҳсил бериладиган камида иккитадан гуруҳ бўлиб, бу гуруҳлар талабалари аксарият адабиётларни шу тилда ўқишади, барча назорат ишларини шу тилда ёзишади.

Университет аҳлининг маънавий-маърифий талаб ва эҳтиёжлари қондирилишига ҳам алоҳида диққат қаратилган. Бирор ҳафта йўқки, университетнинг кичик ва катта анжуманлар залида қандайдир маърифий тадбир уюштирилмаса. Таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар, санъаткорлар, спорт юлдузлари билан самимий, расмиятчиликдан ҳоли ижодий учрашувлар, фахрийлар билан ёшлар мулоқотлари, “Энг зукко китобхон”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Заковат” сингари доимий танловлар талабаларнинг интеллектуал даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир. Гуруҳларга бириктирилган мураббийлар томонидан талабалар билан олиб борилаётган индивидуал иш ёшлар ўртасидаги ҳар турли кўнгилсизликларнинг олдини олаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Университетда фидойиларча ҳалол меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ишига жиддий эътибор қаратилган. Ҳар бир ходимга, унинг иш кўлами, фаолияти сифати, талабалар эътирофи инобатга олинган ҳолда белгиланадиган ойлик устама ҳақлар уларни ўз устида мунтазам ишлаб, билдирилган ишончни оқлаш йўлида тинимсиз меҳнат қилишга рағбатлантирмоқда. Бинобарин, иқтидорли ёш ўқитувчиларнинг Тошкент шаҳрига доимий пропискага қўйилишига, имтиёзли кредит асосида арзон уй-жойлар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу нафақат уларнинг маиший турмуши яхшиланиши йўлидаги, балки мамлакатда юридик илмнинг ривожи учун кўрсатилаётган ғамхўрликдир, десак айни ҳақиқатдир.

Қисқача айтганда, кўплаб олий ўқув юртларидан ТДЮУга ўтиб ишлаш истагини билдираётган мутахассислар сони тобора ортиб бораётгани ҳам бу даргоҳдаги илмий, педагогик, маънавий-маърифий муҳитнинг соғломлигидан, малакали мутахассислар қадрланаётганидан дарак берса, ажаб эмас.

Албатта, университет аҳли қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларга маҳлиё бўлиш, улар билан мақтанишдек нохуш кайфиятдан жуда ҳам йироқ. Буни ректорат, деканатлар, кафедраларда ўтказилаётган йиғилишларда қўйилаётган масалалар ва улар бўйича олиб борилаётган муҳокамаларнинг нақадар жиддийлиги, белгиланган вазифалар ижроси бўйича йўлга қўйилган мониторинг тизими, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг университет ички тартиб-қоидаларига амал қилиши юзасидан ўрнатилган мунтазам назоратнинг таъсирчанлигидан ҳам билиш-сезиш мумкин. Зеро, Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан умуммамлакат ҳаётига жорий этилаётган муҳим қоида – танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик муҳити доимий амалдадир.

Раҳмон ҚЎЧҚОРОВ, ТДЮУ доценти в.б., филология фанлари номзоди

Дилнавоз ТОЖИБОЕВА, ТДЮУ катта ўқитувчиси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019