Ҳунармандларнинг анъанавий кўргазма-савдоси қачон бўлиб ўтади?

12:34 06 Июль 2018 Жамият
305 0
Фото: handicraftman.uz

Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Мустақил юрт ҳунармандлари” X анъанавий кўргазма-савдо ўтказилади. Бу ҳақда мухбиримиз Мавжуда Холматова хабар берди.

Ўзбек хонадонида бирор ҳунарнинг бошини тутмаган кишини топиш қийин. Айниқса, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ҳунармандликнинг бир қатор турлари мавжудки, уларнинг тарихи олис минг йилликларга бориб тақалади. Риштону Бухоро қўлигул кулоллари билан машҳур бўлса, Марғилон матодўзлари, Чуст пичоқчилари, Нуротаю Самарқанд каштадўзлари билан машҳур. Айниқса, Бухоро зардўзлигию Сурхон палакларининг довруғи дунёга маълуму машҳур. Кўргазма-савдо кунлари барча вилоят ва шаҳарлардан уста ҳунармандлар ўзлари яратган санъат асарлари ва турли хил совғабоп маҳсулотлари билан иштирок этади.

— Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу тадбир ёшларни миллий анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, ҳунармандлар ва халқаро экспертларнинг маълумот ва тажриба алмашинувларига имконият яратиш билан бир қаторда ҳунармандларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади,- дейди уюшма матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова. — Шунингдек, кўргазма доирасида ҳунармандларнинг маҳорат дарслари намойиши, маданий-кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ҳам намойиш этилади.

Кўргазмага кенг жамоатчилик ва халқаро дипломатик корпус вакиллари, элчихоналар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари, маҳаллий аҳоли ҳамда чет эллик сайёҳлар таклиф қилинган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар