Ҳунарманд аёллар янада кўпаяди

15:56 24 Август 2018 Жамият
119 0
Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Айман бугунги тадбирда жуда катта ҳаяжон билан қатнашди. Энди унинг ҳам шогирдлари бўлади, у ҳам кимгадир керакли, фойдали иш қиляпти. У яратган асарларни кўпчилик фахр билан, ифтихор билан, ҳайрат билан томоша қиляпти. У бугун ўзини қўлидан иш келадиган, аввало, оиласига, жамиятга фойдаси тегадиган керакли инсон эканини чин дилдан ҳис қилди.

Айман болалигидан ногиронлик аравачасига михланган. Аммо, тақдирнинг бу ҳукми унинг иродасини бука олмади. Ақли жойида, қўлларидан иш келади. Нега энди ҳаётдан норози бўлиб умр ўтказиш керак? У ҳунарга, қуроқдўзликка меҳр қўйди. Ўрганди, юрагидаги бор ҳавасларни, гўзалликка ошуфталикни жо қилди яратган асарларида. Гўзаллик ҳеч қачон эътиборсиз қолмайди. Секин аста у тиккан қуроқ ёстиқлар, қуроқ кўрпаларни нафақат маҳалланинг қизлари, балки ён-атрофдан сўраб келадиган бўлишди. Бугунги тадбиркорлик ҳафтасида ҳам Айман Қосимова уста ҳунарманд сифатида таклиф этилди.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Ихтирочи аёллар маркази ҳамкорлигида Қибрай туманида ташкил этилган Хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги доирасида 400 нафардан зиёд тадбиркорлик ва ҳунармандлик фаолиятини бошламоқчи бўлганлар иштирок этди. Аниқроғи, мунтазам ишга эга бўлмаган, уйда ўтирган хотин-қизлар кўпроқ жалб этилди. Бугунги кунда айнан ўз ҳунари ортидан яхшигина даромад қилаётган, уйда ўтириб, хонадонининг кам кўстини таъминлаётган ҳунарманд ва тадбиркор аёллар улар учун маҳорат дарсларини ўтказишди. Айманга ўхшаган ҳунармандлар эса ҳунари кимгадир наф келтириб, уйда ишсиз ўтирган аёллар, қизлар учун фойдаси тегаётганидан жуда хурсанд бўлишди.

— Бу ҳафталик лойиҳаси Қибрай туманида илк маротаба ташкил этиляпти, — дейди Хотин-қизлар қўмитасининг бўлим бошлиғи, техника фанлари доктори, профессор Карима Норқулова. — Туманнинг 83 та маҳалласидан хотин-қизларни йиғиб, уларга ҳунар ва тадбиркорлик сирларини ўргатиш билан бирга, банкдан келган мутахассислар ҳам жалб этилдики, кредит олиш бўйича дастлабки тушунчалар ҳамда маълумотлар етказиляпти. Бундан ташқари, бир ҳафта давомида моҳир ҳунармандларимиз томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади. Уста ва шогирдларга сертификатлар топширилади. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилади. Иштирокчилар ҳафталик тугаганидан сўнг ҳам ўзаро устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга келишиб олинди.

Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси билан қўмита ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Фото: Динара Чиркова / “Халқ сўзи”.

Ҳафталик сабаб ўнлаб, юзлаб хотин-қизлар касбга, ҳунарга, тадбиркорликни бошлаш имконига эга бўлишади. Бу жуда катта рақам бўлмасада, шунча оила бекаси, қизи янги ҳунар ўрганиб, мунтазам даромадга эга бўлади, дегани. Қибрайдаги ташаббус муваффақиятли амалга оширилса, у бутун республика миқёсида оммалаштирилиши назарда тутиляпти.

Мунисхон КАРИМОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар