Ҳукумат Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисобот берди

14:56 28 Октябр 2020 Сиёсат
249 0

Ҳукумат Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисобот бердиҲукумат Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисобот берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 28 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.

Мазкур муҳокама Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “youtube.com”даги расмий саҳифасида тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастурини амалга оширишни таъминлашда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминланиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини кўтариш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 9 ойи якуни бўйича жами 284 та банддан иборат Давлат дастурининг 173 та банди ижросини таъминлаш назарда тутилган. Шундан ҳисобот даврида 99 та банд тўлиқ бажарилган, 15 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган, 53 та банд эса бажарилмоқда, 6 та банднинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳукумат томонидан парламентга тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг январь-сентябрида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 0,3-0,5 фоизни, жумладан, саноат – 98,6-99,0 фоизни, хизматлар – 99,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 102,9 фоизни, қурилиш ишлари – 107,9 фоизни ташкил қилган.

Пандемия шароитида аҳолининг муҳтож қатламини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлашни тизимли амалга ошириш мақсадида жойлардаги 4 та сектор (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари), фуыароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати – «темир дафтар» ташкил этилди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 2 триллион 719 миллиард сўм ажратилди. Ушбу маблағлар дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш ҳамда карантинда сақлаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатларига йўналтирилди.

Ўтган давр мобайнида давлат дастурлари асосида аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг ўз даромад манбаини шакллантириш борасида мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 9 январдаги қарорига асосан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига ҳозирги кунга қадар 43,6 мингта иш ўрни ташкил этилди.

Пандемиянинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонларига асосан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан 5,4 триллион сўмлик имтиёз ва енгилликлар қўлланилди.

Шунингдек, карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилиб, тадбиркорлик субъектлари фаолияти ва иш ўринларини сақлаб қолиш ва тикланиши учун имтиёз, имконият ва преференциялар берилиши натижасида йил бошидан 54 мингта, ўтган бир ой давомида 8,2 мингта юридик мақомга эга бўлган ўрта, кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 90,5 мингта янги иш ўрни яратилди.

Ҳукумат тақдим этган ҳисобот, унда келтирилган ҳар бир рақам ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати халқ вакилларининг жонли, қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.

Халқ вакиллари амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, коронавирус пандемияси боис, юзага келган объектив сабаблар туфайли Давлат дастури айрим бандларининг бажарилиши кечикаётгани, баъзи вазифалар ижроси ҳозирда таъминланмаганини қайд этдилар.

Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда тобора долзарб аҳамият касб этаётган замонавий автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ йўл инфратузилмасини яхшилашни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш» бўйича бошланган ишлар ўз якунига етмаган.

Шу билан бир қаторда, хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, ушбу жараёнга чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, Илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш каби вазифаларни назарда тутувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишини тезлаштириш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Давлат дастурининг жорий йил учинчи чорагидаги ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳаза ва таклифларини баён қилди. Ҳукуматга Давлат дастури ижросини тўла таъминлаш бўйича таклифларини илгари сурди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилгани, айниқса, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга катта эътибор қаратилганини эътироф этдилар.

Шу билан бирга ҳар бир банд, белгиланган вазифанинг таг-замирида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашдек муҳим мақсадлар тургани айтилиб, уларнинг ижросини кечиктирмасдан, ўз вақтида адо этиш лозимлиги таъкидланди.

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси вакиллари дастурда кўзда тутилган, таълим-тарбиянинг асосий бўғини ҳисобланган мактабларнинг қурилиш-монтаж ишларини таҳлил қилган ҳолда, бу борадаги ҳаракатларни жонлантириш лозимлигини қайд этдилар. Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат дастурини амалга оширишда мактабларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилаётган бўлса-да, мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларида мактаб ошхоналари кўзда тутилмаётганлиги депутатлар томонидан кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоларининг фикрича, давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан мунтазам муҳокамалар ўтказиш тизими йўлга қўйилгани давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга ижроси таъминланмаган бандларга ҳам эътибор қаратилиб, аксарият вазифаларнинг бажаришда йўл қўйилган камчиликлар, ижро этиш ҳолатининг кечикканлиги ёки етарлича асосга эга бўлмай вазифалар муддати узайтирилгани жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Шу боис, Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, барча вазифалар бўйича белгиланган ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишни жаддалаштириш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари пандемия давридаги қийинчиликларга қарамай, Ҳукумат томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилганини, хусусан, партия электорати бўлган жамиятдаги эҳтиёжманд қатлам манфаатларини таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилаётганини эътироф этдилар.

Шу билан бирга камбағалликни қисқартириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш зарурлигига эътиборни қаратдилар.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисобот даврида энергия ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларни, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбалари ва илғор технологияларни жорий этиш орқали энергия самарадорлигига эришишга жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Шу билан бир қаторда аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас долзарб масаласи саналишидан келиб чиқиб, Республика миқёсидаги барча сув ресурслари ҳисоби ва ҳисоботини юритишнинг ягона тизимини ташкил этиш ҳамда Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш муддатларининг узайтирилганини танқид остига олиб, уларни ўз вақтида самарали ва сифатли бажарилиши лозимлигини таъкидладилар.

Палатадаги барча фракцияларининг ҳисобот юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари эшитилгач, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқулладилар ҳамда Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган қарор қабул қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?