Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари ижроси билан боғлиқ долзарб муаммолар йиғилиб қолган

11:56 28 Февраль 2019 Жамият
351 0

Халқ сўзи online. Мунисхон Каримова. Маълумки, тараққиётимизнинг янги босқичида давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантириш масаласи кун тартибига ғоят кескин тарзда қўйилди. Зотан, бу жиҳат одамларни рози қилишдек эзгу мақсад йўлидаги муҳим қадамдир.

Бугунги кунда барча куч ва имкониятларимиз айни шу мақсад рўёби учун сафарбар қилинган.

Бироқ бу борада айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам ҳақиқатдир.

Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, натижалари маҳаллий Кенгашлар сессияларида мунтазам муҳокама қилиб борилмоқда.

Сенат раисининг айтишича, сессияларда ва аҳоли билан бевосита мулоқотларда Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари ижроси билан боғлиқ қатор муаммолар борлиги маълум бўлди.

“Одамлар қоғозларда қолиб кетадиган қарорларнинг нима кераги бор эди, юқори даражаларда тасдиқланган дастурлар ижроси учун масъулият ва жавобгарликни ким ўз зиммасига олади, деган кўплаб кескин ва ҳақли саволларни ўртага ташламоқда, - деди у жумладан. - Мазкур масалани кенгроқ ўрганиш мақсадида деярли барча вилоятлардаги 30 дан зиёд туманларни комплекс ривожлантиришга оид чора-тадбирлар дастурларининг ижросини таҳлил қилганимизда ушбу эътирозли саволларнинг ўринли эканлигига амин бўлдик”.

Ялпи мажлисда тўхталиб ўтилганидек, жумладан, дастурлардаги 2017-19 йилларга мўлжалланган ва республика даражасида ҳал қилиниши белгиланган қатор муҳим вазифалар ижроси ўз вақтида ва тўлиқ таъминланмаган.

2017-18 йилларда бажарилиши лозим бўлган, лекин амалга оширилмаган вазифаларнинг аксарияти аҳоли кайфиятига бевосита таъсир қилувчи ижтимоий соҳаларга тааллуқли масалалардир.

Мисол учун, ўнлаб боғча ва мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда Жалақудуқ, Пешку, Ромитан, Олот, Олтинсой, Қибрай, Чилонзор, Сергели туманларида сусткашликка йўл қўйилган.

Шунингдек,Қибрай, Олмалиқ, Деҳқонобод, Миришкор, Жалақудуқ туманларидаги тиббиёт муассасаларини, айниқса, маҳаллалар ва қишлоқлардаги поликлиникаларни таъмирлаш ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлашга оид вазифалар ижроси эътибордан четда қолган.

Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, коммунал хизматлар, жумладан, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти сифатини ошириш ҳамда йўл қурилишига доир долзарб вазифалар ижроси ҳам талаб даражасида эмас. 

Эътибор беринг, мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида Тошкент туманини комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ, кам таъминланган аҳоли ҳамда ёш оилалар учун қурилиши белгиланган 6 та кўпқаватли уй қурилмаган.

Шунингдек,таъмирланиши белгиланган 360 км.дан зиёд йўлларнинг 90 фоизи, суғориш тармоқлари ва гидротехник иншоотларнинг қарийб ярми таъмирланмаган.

Туман аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида қўшни Қибрай туманидаги “Қодирия” иншоотидан сув тармоқларини тортиш вазифаси масъулларнинг сусткашлиги туфайли йилдан йилга кўчиб юрибди. Оқибатда туман аҳолисининг учдан бир қисми тоза ичимлик сувидан бебаҳра қолмоқда.

Бу борадаги вазифалар Олот, Пешку, Шофиркон, Жондор, Зомин, Зафаробод, Олтинсой, Олмалиқ ва Миришкор туманларида ҳам тўлиқ бажарилмаган.

Хусусан, Олот туманидаги 10 га яқин аҳоли пунктини ичимлик суви билан таъминлаш учун 60 км. узунликдаги тармоқларни қуриш,Олмалиқ ҳамда Зафаробод туманларидаги ичимлик суви ва иссиқлик тизимини реконструкция қилиш ишлари бажарилмаган.

Жондор туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурида белгиланган “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобиль йўлининг тегишли қисмида қурилиш-таъмирлаш ишларига умуман киришилмаган.

Қишлоқ хўжалиги учун ғоят муҳим аҳамият касб этувчи ирригация ва мелиорация иншоотларини таъмирлаш ва тиклаш билан боғлиқ вазифаларнинг Дўстлик, Миришкор, Қизириқ туманлари ва Хонобод шаҳридаги ижроси ҳам талабга мутлақо жавоб бермайди.

Мисол учун,Хонобод шаҳри ва Қизириқ туманини комплекс ривожлантириш дастурларига киритилган 10 дан зиёд ирригация объектини таъмирлаш ишлари маблағ етишмаслиги баҳонасида бошланмаган.

Дўстлик туманида эса, бу борадаги вазифаларнинг биронтаси бажарилмаган.

Наҳотки, масъул ижрочилар қишлоқ хўжалигида бир томчи сувнинг қандай қийматга эга эканлигини ёки сув танқислигининг ўтган мавсумдаги машаққатларию, бу йилги прогнозларини англаб етмаганлар?!

Ҳудудларнинг архитектура қиёфасини яхшилаш ишларига ҳам етарлича эътибор қаратилмаган.Хусусан,Дўстлик туманида мазкур йўналишда лойиҳа ишлари умуман бажарилмаганлиги ачинарли ҳолдир.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дастурлардаги айрим вазифаларни ижро қилишда сусткашликка йўл қўйилаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Мисол учун,Сўх туманининг географик жойлашувини инобатга олиб, тадбиркорларнинг қўшни республикалар билан ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича алоҳида имтиёзлар жорий этиш бўйича Молия, Иқтисодиёт вазирликлари, Солиқ ва Божхона қўмиталари олдига қўйилган вазифалар ижроси таъминланмаган.

Шунингдек, ер майдони ажратиш ва молиялаштириш билан боғлиқ кўплаб муаммолар сабабли:

Жондор ва Шофиркон туманларида қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш;

Оқдарё туманида иссиқхоналар, совитиш омборлари, балиқчилик,савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш;

Дўстлик туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш вазифалари бажарилмаган.

Булардан ташқари, ўрганилган туманларда ўтган йил якунига қадар амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг 1500 дан зиёди 2019 йилга ўтказилган. Уларнинг 900 дан ортиғи бевосита республика даражасидаги вазифалардир.

“Бу каби сансалорлик, сохтакорлик ва сусткашлик билан боғлиқ мисолларни бошқа туманлар мисолида ҳам яна давом эттириш мумкин, - деди Сенат раиси. - Савол туғилади: мазкур вазифаларнинг жорий йилда тўлиқ амалга оширилишига ким кафолат беради? Ёки яна “алоҳида” дастурлар тузиб, кейинги йилларга ўтказиб юборилаверадими?

Тегишли дастурлар ижрочиси сифатида аниқ белгилаб қўйилган масъул вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар бунга нима деб жавоб берадилар?

Ахир ҳукумат даражасида тасдиқланган ушбу дастурлар улар иштирокида ва хулосалари асосида тайёрланган-ку?!

Нима сабабдан имкониятларга реал баҳо бермасдан,молиявий манбалари ва бошқа ресурслари аниқланмаган тадбирлар дастурларга киритилган?

Бу одамларни алдаш ва улар ишончини суиистеъмол қилиш эмасми?!

Ўйлаймизки, бу саволларга мутасаддилар тегишли муносабат билдиришади”.

Сенат ялпи мажлисини сайтимизда ёритишда давом этамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019