«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали фаолияти муҳокама қилинди

09:01 09 Октябр 2020 Жамият
248 0

Самарқандда бир ҳафтада 42 та улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узилди, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалига янги директор тайинланди, 3 та газ корхонаси масъули фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар вазифасидан четлаштирилди.

Самарқанд вилоятида табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматик тизимини жорий этиш ҳамда фойдаланилган табиий газ учун тўловларни ундиришнинг бугунги ҳолати вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари, «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, «Ўзнефтгазинспекция» Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳ 29 сентябрдан 6 октябргача вилоятда табиий газ истеъмолида мавжуд қарздорликни қисқартириш ва ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида ўрганиш ишларини амалга оширди. Тадбир давомида биргина Самарқанд шаҳрида 509 та улгуржи истеъмолчининг 3 миллиард 310 миллион сўм дебитор қарздорлиги аниқланди. Натижада 42 та улгуржи истеъмолчи табиий газ тармоғидан узилди, 198 тасидан 1 миллиард 750 миллион сўм ундирилди. 17 та қарздор улгуржи истеъмолчи бўйича иқтисодий судларга даъво аризалари киритилди.

Шунингдек, аҳоли хонадонларида табиий газдан фойдаланиш ва тўловни амалга ошириш ҳолати ўрганилиб, 695 та йирик истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди. Уларнинг 40 нафарига нисбатан суд идораларига даъво аризалари киритилди. Бир ҳафта давомида қарздорлардан 483 миллион сўм ундирилган.

Мулоқот чоғида вилоят ҳокими Э.Турдимов аҳоли томонидан ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ҳам соҳа масъуллари алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. Жумладан, уч ойдан буён газ баллони етказилмаган Пахтачи тумани Фай маҳалласи аҳолиси ҳамда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий шоҳкўчасидаги хонадонларда табиий газ босими кескин пасайгани бўйича аҳоли мурожаатларига нега жавоб берилмаётганига изоҳ сўради.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларида ўтказилган мониторинг давомида ушбу ҳафтада табиий газ назорати ва ҳисобини автоматик юритиш тизимидан узилишлар сони аввалгисига нисбатан камайгани кузатилган бўлса-да, шундай ҳолат ҳануз учрамоқда. 2 октябрдан буён вилоятдаги 34 та газ тўлдириш шохобчаси табиий газ назорати ва ҳисобини автоматик юритиш тизимидан узилган. Буни масъуллар Тошкент шаҳрида жойлашган сервер қурилмаси ишламай қолгани билан изоҳлади ва барча маълумотлар 10 октябргача қайта тикланишини билдирди.

Муҳокама жараёнида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги барча юридик шахсларни 1 ноябргача янги автоматлаштирилган тизимга улаш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилиш сўнгида «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали директори Холмурод Бобомуродовнинг пенсия ёшидалиги ҳамда соғлигини ҳисобга олган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб ёзган аризаси «Ҳудудгаз таъминот» акциядорлик жамияти буйруғи асосида қаноатлантирилиб, вазифасидан озод этилганлиги маълум қилинди ҳамда мазкур акциядорлик жамияти раҳбарининг буйруғи билан Исақулов Олим Абдуллоевич 2020 йил 7 октябрдан «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали директори лавозимига тайинланганлиги эълон қилинди. Шунингдек, «Самарқанд газ таъминоти» Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Бахриддин Турдиев, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали юридик шахсларга табиий газни етказиб бериш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи Муҳиддин Жўраев ҳамда суюлтирилган газни сотиш ва ҳисобга олиш бўлими мутахассиси Лочин Ҳамидовлар тегишли тартибда вазифасидан четлаштирилди. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш вилоят прокуратурасидан сўралди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?