“Hordiq.uz” Фарғона вилояти ҳокимидан узр сўради

11:55 18 Октябр 2019 Жамият
2340 0

Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар тарқатди. Матн аслини келтирамиз:

“Фарғонада адолатсизлик! Ҳоким яна узр сўрайдими?!” мақоласига раддия 2019 йил 15 октябрь куни сайтимиз мухбири Моҳигул Диёрхўжаеванинг тажрибасизлиги оқибатида “Фарғонада адолатсизлик! Ҳоким яна узр сўрайдими?! Ҳокимият буйруғи билан ногирон эркакнинг уйини бузиб ташлаб, оиласи билан кўчада қолдиришибди. Яна ҳоким узр сўрайдими энди?” деган хабар унга Олтиариқ туманидан бир фуқаронинг видеомурожаати илова қилинган ҳолда тарқатиб юборилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, ушбу видеода тилга олинган муаммо аслида бутунлай бошқача бўлган.

Сайтимизда нотўғри маълумот тарқатилиши юзасидан таҳририят суриштируви ўтказилганда, мухбир Моҳигул Диёрхўжаева воқеанинг асл моҳиятини, унга оид фактларни текшириб кўрмасдан, видеодаги гаплардан шошилинч хулоса чиқариб бу мақолани эълон қилганлиги аниқланди. Ўз ишига масъулиятсиз ёндашганлиги ҳамда журналистлик касби этикаси ва қоидаларига риоя қилмаганлиги учун мухбир Моҳигул Диёрхўжаевага интизомий жазо қўлланди. Таҳририятда бундан кейин сайтда эълон қилинадиган мақолалардаги факт ва далиллар олдин пухта ўрганилиб, кейин чоп этишга берилиши чоралари кўрилди.

Мазкур мақолага Фарғона вилояти ҳокимининг сурати ноўрин қўйилганлиги ва у кишининг шаънига номақбул жумла қўлланганлиги учун Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан узр сўраймиз ва сайтимиздан мазкур мақола олиб ташланганини маълум қиламиз.

ТАҲРИРИЯТ

Юқоридаги ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати таҳририятга қуйидагиларни маълум қилди:

Олтиариқ тумани Қахрамон МФЙ, Истиқлол кўчасида яшовчи фуқаро Тошбоев Хабибулло Набижоновичнинг ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Унда маълум бўлдики, Олтиариқ тумани ҳокимининг 2012 йил 18 август кунги 798-сонли қарори асосида аукцион савдоларида ғолиб бўлган фуқароларга, жумладан Д.Норматова, Ш.Купчаковаларга ҳам ер майдонларига эгалик қилиш ҳуқуқи асосида 800 м.кв майдон ажратиб берилган. Аммо, фуқаро Д.Норматова аслида Ш.Купчаковага тегишли бўлган ер майдонига 1 хонали уй қуриб яшай бошлаган.

Шундан сўнг, Ш.Купчакова ва Д.Норматовалар ўртасида ер майдонига эгалик ҳуқуқи юзасидан судлов жараёни бўлиб ўтган. (Риштон туманлараро, вилоят фуқаролик судлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарор ва ажримлари мавжуд).

Тегишли судларнинг ижро варақаси асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлими томонидан 23.05.2019 йил куни мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар мажбурий тартибда бузиб ташланган.

Олтиариқ тумани ҳокимлиги икки фуқаро ўртасидаги низони муроса йўли билан ҳал қилишга кўп бор ҳаракат қилган. Туман ҳокимининг 2019 йил 7 август кунги 4565-сонли қарори билан аризачи 2-гуруҳ ногирони эканлигини назарда тутиб, ҳозирда бўш турган 27-, 36-рақамдаги ҳар бир 400 кв.метрдан иборат ер участкаларига икки хонали уй қуриш учун ҳомийлик ҳисобидан бетон пойдевор қуйилишини ва 8000 дона ғиштни девор сифатида урилишини ташкил этди.

Мурожаатчи Хабибулло Тошбоев билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва келгусида унинг оиласига ажратилган 27-, 36-рақамдаги ер участкасида қурилиши бошланган уйни битказиб беришда яна қўшимча ёрдам кўрсатилиши хақида билдирилди.

Мурожаатчининг даъвоси икки фуқаро ўртасидаги низо бўлиб, унинг ечими Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан қонуний ҳал этилган ва бу низода Олтиариқ тумани, Фарғона вилоят ҳокимликлари ва шахсан Ш.Ғаниев иштирокчи эмаслигини билдирамиз.

Видеомурожаатчи сўзларига қулоқ солинг. У бирон марта ҳам ҳокимлик, ёки Фарғона вилоят ҳокими деган сўзни ҳатто ёнида гап ўргатиб туришса ҳам тилга олмаган. Аксинча, “2019 йил 19 май куни МИБ ижрочилари уйимни бузди” дейди. Бу ерда мурожаатчи Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи суд қарор ҳамда ажримлари, МИБнинг суд ҳужжатларига асосан ўз хизмат вазифасини бажарганидан норозилик билдиряпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019